Home / ЯНГИЛИКЛАР / УЛУҒ ЗОТГА МУНОСИБ МАСКАН

УЛУҒ ЗОТГА МУНОСИБ МАСКАН

Илм-фан — инсон камолотига пойдевор. Маърифат ва маънавият эса баркамоллик устунларидир. Зеро, қадим Шарқда таълим ва тарбия ҳеч вақт айро ёки бири иккинчисидан устун баҳоланмаган. Бу эса дунё тамаддунига тамал тошларини қўйган Имом Бухорий, Хоразмий, Имом Насафий, Фарғоний каби не-не довруғи дунёга достон улуғ қомусий алломаларнинг бебаҳо меросида ҳам намоён.

Улуғ аждодларнинг донишмандлик анъаналарига амал қилиб, бугун мамлакатимиз ўз тараққиётининг янги босқичига қадам қўйди. Буни янги Ўзбекистоннинг ташқи ва ички сиёсатидан тортиб, иқтисодий-ижтимоий, маданий ҳамда диний-маърифий соҳалардаги туб ислоҳотлар мисолида ҳам яққол кўриш мумкин. Давлатимиз раҳбари ташаббуси ва халқимиз бирдамлигида қабул қилинган “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси” асосидаги янгиланишлар том маънода халқимиз ҳаётидаги фаровонликни, мамлакат тараққиётида бўй-бастини кўрсата бошлади.

Сўнгги йилларда юртимизда барча жабҳалар қатори диний-маърифий соҳада амалга оширилган ислоҳотлар нафақат минтақа, халқаро ҳамжамиятнинг ҳам муносиб эътирофига сазовор бўлмоқда. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг олий минбаридан илгари сурилган глобал ва минтақавий ташаббуслар дунё ҳамжамияти томонидан катта қизиқиш билан қабул қилиниб, қўллаб-қувватланяпти.

2017 йили 19 сентябрда Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида Президентимиз Шавкат Мирзиёев катта минбарда буюк бобокалонимиз Имом Бухорий номини илк бор тилга олиб, шундай деган эди: “Марказий Осиё Уйғониш даврининг кўплаб ёрқин намояндаларининг ислом ва жаҳон цивилизациясига қўшган бебаҳо ҳиссасини алоҳида қайд этмоқчиман. Ана шундай буюк алломалардан бири Имом Бухорий ўз аҳамиятига кўра ислом динида Қуръони каримдан кейинги муқаддас китоб ҳисобланган “Саҳиҳи Бухорий”нинг муаллифи сифатида бутун дунёда тан олинган”.

Дарҳақиқат, Имом Бухорийнинг башарият учун қолдирган бой маънавий-илмий мероси юксак эътирофга лойиқ. Шу мақсадда давлатимиз раҳбари Самарқанд вилоятига ташрифи давомида аллома номига муносиб маҳобат касб этадиган ёдгорлик мажмуасининг қурилиш ишларини бошлаб берди. Шубҳасиз, бу маскан юртимиз, хусусан, Самарқанднинг, қолаверса бутун дунёнинг энг гўзал гўшаси, минтақанинг Тож Маҳали бўлишига ишончимиз комил.

Бу, ўз навбатида, ички ва зиёрат туризмини янада ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишларни, хусусан, буюк аллома ва уламоларимиз, айниқса, Имом Бухорийнинг бебаҳо меросини кенг кўламда оммалаштириш ва тарғиб қилиш тенденциясини янги босқичга олиб чиқишда асосий омил бўлади.

Маълумки, Ўзбекистон тарихий қадамжолари кўплиги бўйича дунёдаги етакчи ўнта мамлакатдан бири ҳисобланади. Ана шу жиҳатдан, юртимизда зиёрат туризмини ривожлантириш бўйича кенг имкониятлар мавжуд. Ишонаманки, мазкур мажмуага дунёнинг турли мамлакатларидан минглаб, миллионлаб сайёҳлар ташриф буюради, том маънода улуғ бобомизнинг маънавий қувватлари мусулмон мамлакатлари зиёратчиларини до­имо ўзига тортиб туради.

Кези келганда, юртимиз азалдан маърифат маркази сифатида танилганини қайд этиш лозим. Шу боис, бугунги кунда илмий-маърифий марказлар ҳам ташкил этилмоқда. Хусусан, Тошкент шаҳрида кўп асрлик маърифат хазинасини ўзида мужассам этадиган, фундаментал тадқиқотлар олиб бориладиган Ислом цивилизацияси маркази қад ростлаяпти. Шунингдек, кейинги уч-тўрт йил оралиғида Самарқандда Имом Бухорий, Сурхондарёда Имом Термизий ва Тошкент шаҳрида Имом Мотуридий номидаги халқаро илмий-тадқиқот марказлари фаолияти йўлга қўйилди. Ҳозирда ушбу илмий марказларда аниқ фанлар қаторида Ҳадис, Ка­лом, Ақида, Тасаввуф, Фиқҳ каби илмлар бўйича чуқур тадқиқот ва изланишлар олиб борилмоқда. Бухородаги Мир Араб олий мадрасаси, Тошкент ислом институти ва Самарқанддаги Ҳадис илми мактаби сингари олий ўқув юртларида ҳам етук малакали мутахассислар тайёрланмоқда. Ўзбекистон халқаро Ислом академияси ҳам бу борада ўз олдига қатор эзгу мақсадлар қўйгани қувонарли.

Юқоридагилардан кўриниб турибдики, Имом Бухорий мажмуасини кенгайтириш бўйича бошланган бу қадамлар соҳадаги ислоҳотларнинг узвий давомидир. Таъкидланганидек, мажмуа атрофи ободонлаштирилади, бу ерга ташриф буюрувчи зиёратчиларга барча қулайликлар яратилади. Ишга тушгач, шубҳасиз, Имом Бухорий бобомизнинг меросларини халқимиз, айниқса, ёшларимизга етказишда мажмуанинг ўрни ғоят катта бўлади. Президентимиз: “Бугун бу тўғри таълимотни ёшлар ўрганса, адашганлар бўлмайди, нотўғри йўлга кириб кетмайди. Шунинг учун Имом Бухорий бобомиз тўғрисида оммабоп, кичик ҳажмли китоблар ёзиб, элга, айниқса, ёшларга тарқатиш керак”, дея бу борадаги ишларни янада жадаллаштириш лозимлигини алоҳида қайд этди.

Бугунги глобаллашув даврида илм-маърифат барча масалага ягона ечимдир. Зеро, аждодларимиз ҳам илм билан нажот топдилар, жаҳолатга қарши маърифат билан курашди, илмни нажот билиб, барчани унга даъват қилди. Шундай экан, олдимизда турган энг асосий вазифалардан бири — улуғ аждодимизнинг бой илмий меросини содда, тушунарли, халқчил тарзда ёзилган китоблар орқали аҳоли, хусусан, ёшларга етказишдир.

Умуман, Ўзбекистон минг йиллар давомида Буюк Ипак йўлининг муҳим қисми бўлиб келган. Бу ерда савдо-сотиқ, илм-фан, маданият, маърифат марказлари ҳамиша тараққий этган. Бугунги кунда давлатимиз раҳбари томонидан диний-маърифат соҳада олиб борилаётган эзгу ташаббуслар ҳам том маънода дунё мамлакатларида тинчлик, осойишталик ва барқарорлик ҳамда маърифий тарқатишнинг асоси бўлиб хизмат қилади.

Содиқ ТОШБОЕВ,
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги
Дин ишлари бўйича қўмита раиси
Манба: “Янги Ўзбекистон” газетаси
2021 йил 22 апрель, №80 (336)

Check Also

Мағрур ҳилпирайвер, юртим байроғи!

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида 18 ноябрь куни ходимлар иштирокида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул …