Home / МАҚОЛАЛАР / ДЕҲҚОН ЭЛНИ БОҚАДИ

ДЕҲҚОН ЭЛНИ БОҚАДИ

Ўлкамизга баҳор келди. Доно халқимиз айтганидек “Боғбон боғини тузар, деҳқон даласин кезар” палла кирди, дала қирларларда экин тикин ишлари бошлаб юборилди. Халқимиз ризқи рўзи, дастурхонимизнинг тўла-тўкислиги ва эл-юрт фаровонлиги энг аввало, заҳматкаш дехқонларимиз етиштирадиган маҳсулотлар, она табиат ноз-неъматлар билан ўлчанади. Ҳар бир онгли инсон курраи заминнинг қайси жойида яшамасин, албатта ўзининг, оиласининг ҳаёти саховатли она замини билан, деҳқону боғбонларнинг меҳнати билан чамбарчас боғланганини ҳис қилиши табиий. Халқимизда деҳқон азалдан улуғланиб келинган, деҳқончилик мўътабар касб сифатида қаралган. Ер деҳқонни боқади, деҳқон эса элни боқади, дейдилар. Бу ҳикматли сўз доимо диққатимиз марказида туриши, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги фаолиятимиз ва эътиборимизнинг асосий мезонига айланиши даркор. Муқаддас динимиз Ислом динида ҳам деҳқону боғбонларимиз улуғланиб, савобда ҳеч бир кимса уларга баробар бўла олмаслиги айтилган.

Дарҳақиқат, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу хусусда бундай деб марҳамат қилганлар:

“Қайси бир мусулмон бирор дарахт ёхуд бирор экин эксаю, унинг ҳосилидан инсон, қуш, ёки ҳайвон еса, бунинг учун унга садақа (савоби) бўлади”. (Имом Бухорий ривояти.)

Яъни, кўчат ёки экин экиб, уни етиштирган кишининг эккан нарсасидан ҳар қандай жонзот қандай ҳолатда истеъмол қилишидан қатъий назар зироат соҳибининг номаи аъмолига “У садақа қилди, эҳсон қилди”, деб хайру эҳсон савоби ёзилар экан.

Бошқа бир ривоятда: “Қайси бир мусулмон бирор экин эксаю, ундан ейилса, албатта, унинг учун садақа, ҳатто ўғирлангани ҳам унинг учун садақа, йиртқичлар егани ҳам унинг учун садақа, қушлар егани ҳам, албатта, унинг номидан садақа қилган савоби ёзилади. Ўша экилган нарсадан бирор жонзот манфаат олса, бунинг учун, албатта, уни етиштирган кишига садақа савоби бордир” , дейилган.

Ҳатто унинг экинидан бир инсон ижозатсиз истеъмол қилса деҳқону боғбонга ҳам ажр-савоб ёзилаверар экан. Албатта, тер тўкиб қилинган меҳнат эвазига етиштирилган ҳосилни бирор ҳайвон пайҳон этса ёки бирор кимса олиб кетса бу ачинарли ҳол. Лекин боғбону деҳқон боболаримиз ўша ҳайвон еганию, сўроқсиз олиб кетилган нарсаси сабабли ҳам савобга мушарраф бўлаверишини унутмаслиги керак. Бу ҳолат унинг учун садақа сифатида номаи аъмолига ёзиб қўйилиши тўғрисида яна кўплаб ҳадисларни келтириш мумкин.

Ҳа, ер юзидаги тирик жон борки, деҳқону боғбонларнинг меҳнати самарасидан манфаатдор, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Аллоҳ таоло уларни ҳамма жонзотларнинг ризқига сабабчи қилиб қўйган. Шунинг учун ҳам қиёмат қоим бўлиб, жаннатга киришга ҳақли бўлганлар жаннат эшиклари олдида тўпланиб: “Ким биринчи киради”, дейилганида, уларга: “Деҳқонлар”, дейилар экан.

Зироатчилик билан шуғулланиш ана шундай улуғ ва савобли иш. Ер юзи боғбону деҳқонларимиз қўли билан обод бўлади. Шу сабабли бўлса керак, ислом уламолари нуқтаи назарида касбларнинг ичида энг афзали деҳқончилик ҳисобланади. Биз ҳам деҳқону боғбонларимизга куч-қувват, ҳосилларига барака бўлсин, деймиз.

Нодир Қобилов,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …