Алишер Навоий асарларининг чет элдаги оташин мухлиси Зуҳруддинбек деган Қашқар ҳокими улуғ мутафаккир асарларини халқ орасида оммалаштириш учун ниҳоятда муҳим ишларни амалга оширган.
У 1835 йили саройига ўз даврининг таниқли бўлган шоирларини тўплаб Алишер Навоий асарларини халқ руҳиятига мос тарзда китобат қилиб чиқишнинг кўрсатмасини берган.
Бу ишга бош қўшган шоирлардан бири Абдураҳим Низорий (1776-1849) тахаллусли шоир бўлиб, у Алишер Навоийнинг 40 дан ортиқ ғазалларига мухаммас боғлаган. Жумладан, Низорий Алишер Навоийнинг
Сабукруҳ соқий, фано жоми тутқил
Ки, ўзлук юкидин гаронборларбиз, –
байтига боғлаган тахмиси бандини келтириб ўтамиз:
Аё, чархи золим, жафони унутқил,
Замона вафо қилки, бизни овутқил,
Ҳалойиқ ишидин кўнгулни совутқил,
Сабукруҳ соқий, фано жоми тутқил
Ки, ўзлук юкидин гаронборларбиз.
Зуҳриддинбек буюртмасига кўра Низорий икки иқтидорли дўсти Наврузохун Зиёйи ва Турдушохун Ғарибий билан биргаликда Алишер Навоий “Хамса”сига ўзига хос жавоб тарзида 1841 – 1844 йиллар орасида “Ғариблар ҳикояти” номли достонлар, ғазал, мухаммас ва ҳикоятлардан, жами 18 минг байтдан иборат асар яратишди. Кейинчалик бу асар “Муҳаббат достонлари” номини олди.
Асарнинг бошқа “Хамса”лардан фарқли томони шундаки, у мавжуд анъанага кўра, ўз таркибига беш эмас, балки кўпроқ: “Зайд ун нажот”, “Фарҳод ва Ширин”, “Лайли ва Мажнун”, «Шоҳ Баҳром ва Дилором”, “Вомиқ ва Узро”, “Тўрт дарвиш”, “Маҳзун ва Гулноз”, “Масъуд ва Дилоро”, “Робия ва Саадин”, “Китоби Ғариб” ва тўрт ҳикоят, “Ҳаким Зуҳриддин ҳақидаги ҳикоят”, “Султан Мааб адолати ҳикояти”, “Асмаъ ҳақидаги ҳикоят” ва “Шайҳ Саъдий Шерозий ҳақидаги ҳикоят” номли достонларни қамраб олган.
Улардан “Фарҳод ва Ширин”, “Лайли ва Мажнун”, Шоҳ Баҳром ва Дилором” Алишер Навоий асарлари сюжетлари асосида ёзилган бўлса “Робия ва Саадин” достони Қашқардаги реал ҳаётий воқеалар заминида юзага келди, қолганлари эса бахтсиз ошиқлик ҳақидаги маҳаллий эртак ва ривоятлар асосида ёзилди.
“Ғариблар ҳикояти”нинг бир нусхаси ХХР, Урумчи шаҳар, тарихий ёдгорликлар музейида (ин.№93) сақланса, яна бири РФ ФА ШИ Ленинград қўлёзмалар бўлимидан (ин.№ С165) жой олган.
Низорийнинг “Фарҳод ва Ширин” достонидаги сюжет, бош қаҳрамонлар ҳаракати, Форс шоҳининг босқинчилик уруши, бош қаҳрамон Фарҳоднинг арман юрти ҳимоясига отлангани, икки ёрнинг вафоти каби ҳолатлар Алишер Навоийнинг шу мазмундаги достонига ҳамоҳанг.
Низорийнинг келтирилган достонларида халқ оғзаки ижодидан кўра, ўтмиш салафлари – Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий асарларига суянганини сезиш мумкин. Шоир эпик қаҳрамонлари фольклор персонажлари сингари ўзаро висолга етмайдилар, бахтли ҳаёт қурмайдилар. Фарҳод ва Ширин, Лайли ва Мажнун, Робия ва Саадин, Вомиқ ва Узро бир-бирларига эришолмай, вафот этадилар. Шоир “Робия ва Саадин”, “Маҳзун ва Гулнисо” достонлари ғоясида инсон қадри-қимматининг топталишига, хотин-қизларнинг камситилишига қарши чиқди.
XIX аср туркий шеъриятнинг яна бир таниқли вакили Турдушохун Ғарибий “Лисонут-тайр” достонига жавоб тарзда “Китоби Ғариб” достонини яратди. Асарда бир қанча касб эгаларининг баҳс бойлашгани ва оқибатда ижтимоий, маънавий мавзулар кўтарилиб, мавжуд муаммолар очиб берилганлиги зикр этилади. Асарда 32 нафар ҳунарманд баҳс бойлашади: ҳар бири ўз касби ва меҳнатининг фазилатларини, бошқа ҳунарлардан устун жиҳатларини муболағали тарзда ифодалайди. Темирчи дурадгордан, этикдўз тикувчидан, заргар новвойдан қолишмаслигини бўрттириб тавсифлайди.
Ғарибий фикрича, сўфий ва зоҳидлар ҳақиқий муҳаббатдан мосуво, нодонлиги ошиқликка монеълик қилади:
Сўрмағил зуҳд элидин ишқ йўлининг расмин,
Не билур аҳли хирадлар равиши нодонлар.
XIX асрнинг биринчи ярмида яшаган ижодкор Амир Ҳусейн Собирий ҳам Алишер Навоий асарларини оммалаштиришда катта ўрин тутган. Қашқар ҳукмдори Зуҳриддинбек ёш Амир Ҳусейн қийналмай ижод қилиши учун унга Туман дарёси ёнидаги Ҳарамбоғ қишлоғидан ер ажратиб берди. Томорқада рўзғор тебратишга ва оила боқишга имкони яралган Собирий ижодий ишга жиддий берилиб кетади.
Амир Ҳусейн Собирий ижодида ахлоқий дидактик мазмундаги 20 бобдан иборат бўлган “Мақолот” асари муҳим ўрин тутади. Бу асар Алишер Навоийнинг “Лисонут-тайр”, “Ҳайрат ул-аброр”, “Сабъаи сайёр” достонларининг насрий баёни кўринишида майдонга келган. Бундан ташқари шоир 1840 йилда Алишер Навоийнинг “Садди Искандарий” асари шархига оид рисола яратган.
Нақшбандия тариқати вакили бўлган Амир Ҳусейн Собирий дунёни онтологик билиш масаласида тўлиқ мутасаввуфларнинг тавҳид назариясига суянади. Шоир дунёқарашига кўра, бутун борлиқ – олам, инсон, махлуқот, моҳият, замон ва макон Яратувчининг зуҳури тарзида намоён бўлади.
Собирийнинг мазкур байти унинг барча асарларига хотима сифатида
келтирилиши мумкин:
Кимни иши бўлса қаноат фани,
Билки они қаноат қилғай ғани.
Маълум бўлганидек тарихда ўзини Алишер Навоийга ғойибдан шогирд билиб асарлар ёзган ижодкорлардан ташқари бу ижодкорларни бошини бириктириб адабий мактаб яратган ва китоб ёзишни қўллаб-қувватлаган юксак савияли ҳукмдорлар ҳам фаолият олиб боришган. Шулардан бири Қашқар ҳукмдори Зуҳруддинбекдир. Ўз фаолиятини Ҳусайн Бойқаро, Алишер Навоий фаолиятига мослаб ҳудуд ижодий муҳитининг равнақига ва кўплаб иқтидорли адиблар етишиб чиқишига муносиб ҳисса қўшган Зуҳруддинбек фаолияти адабиётчи ва тарихчилар томонидан ўрганилишга муносибдир.