Инсонларга тинчликосойишталикдан кўра тансиқроқ, азизроқ неъмат йўқ.
Тинчлик, одамлар учун ҳамда бутун жамият учун энг муҳим қадриятлардан бири ҳисобланади. Тинчлик – бу инсонларнинг, оилаларнинг ва давлатларнинг барқарор ва осойишта ҳаётининг асосидир. Жамиятда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш учун турли омиллар муҳим аҳамият касб этади: ижтимоий адолат, иқтисодий фаровонлик, таълим, маданият ва албатта, инсон ҳуқуқларининг ҳимоя қилиниши. Тинчлик инсонлар ўртасидаги ҳурмат ва ишончни мустаҳкамлашга, салбий ҳолатларнинг олдини олишга ёрдам беради. Шу билан бирга, тинчликни сақлаш учун кўпчилик томонидан бажариладиган кучли ислоҳот, қарорлар ва сиёсий ирода муҳимдир.
Шунингдек, тинчликни қадрига етишнинг муҳим жиҳатларидан бири – унинг қийматини, яъни тинч ва осойишта ҳаётнинг нега муҳимлигини тушуниш, унга шукр қилиб, барқарорлигини таъминлаш учун ҳаракат қилишдир. Тинчликни қадрлаш ва шукроналик туйғусини ривожлантириш инсон руҳий олами ва жамият маънавий ҳаёти ривожига олиб келади.
Шукроналик – бу инсоннинг ҳаётидаги яхши нарсаларга, эришган муваффақиятларга, тинч ва осойишта ҳаётга бўлган миннатдорлик туйғусидир. Бу туйғу инсоннинг ўз ҳаётида юзага келган муаммоларни қайта кўриб чиқишига ва табиатга, атрофдагиларга нисбатан ҳурмат ҳиссини кучайтиради. Шукроналик туйғуси, шубҳасиз, тинчликни қадрлаш билан чамбарчас боғлиқдир. Агар инсон ҳаётдаги ҳар бир кичик нарсага ҳам шукр қилса, унинг қалби осойиш топади.
Шукроналик туйғуси инсон қалбини поклашга ва руҳий осойишталигини сақлашга ёрдам беради. Бу туйғу инсонга ўз ҳаётидаги кичик ва катта йўқотиш, муаммо ва қийинчиликларни енгишга ёрдам беради. Шукроналик ва тинчликнинг ўзаро алоқаси, одамларнинг ҳаётида ягона, тинч ва осойишта муҳитни яратишга хизмат қилади. Бу, ўз навбатида, жамиятдаги муносабатларни яхшилаш, инсонлар орасидаги муаммоларни ҳал қилишга олиб келади.
Тинчликни сақлаш ва шукроналик туйғусини ривожлантириш учун ҳар бир инсон ўз ҳаётини тартибга солиши керак. Биринчи қадам – тинчликнинг қадрига етиш ва унинг қадр-қимматини тушунишдир. Иккинчи қадам – шукроналик туйғусини ривожлантириш, яъни ҳар доим шукр қилиш ва ҳаётнинг яхши томонларини кўриш. Бундан ташқари, жамиятда тинчликни мустаҳкамлаш учун ёшларнинг маънавияхлоқий қадриятларини ривожлантириш, уларга тинчлик ва барқарорликнинг аҳамиятини ўргатиш муҳимдир.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган беқиёс ўзгаришлар, янгиланиш ва бунёдкорлик ишлари бутун жаҳон афкор оммаси эътирофига сазовор бўлмоқда. Албатта, бундай ютуқ ва муваффақият замирида, ҳеч шубҳасиз, юртимизда ҳукм сураётган тинчликосойишталик мужассам. Жонажон Ватанимизда 130 дан зиёд миллат ва 16 та диний конфессия мавжуд. Улар тинчлик ва омонликда истиқомат қилиб келмоқда. Тинчлигимиз ортида эса ҳар бир инсоннинг хизмати ва улуши бор[1].
Тинчлик ҳақида сўз кетганда диний қадриятларимизни ҳам четлаб ўта олмаймиз, чунки жамиятдан динни ажратиб бўлмайди. Тинчлик Аллоҳ таолонинг шундай тотли неъматики, у бўлмаса, одамлардан ҳузур-ҳаловат, хонадонлардан барака, оилалардан қут, жамиятдан меҳр, юртдан маъмурлик, Ер юзидан файз кўтарилади. Дунё рангсиз, жилосиз, нурсиз ва зиёсиз бўлиб қолади. Афсуски, Аллоҳ таолонинг улуғ неъмати бўлмиш тинчликдан ҳамма ҳам бирдек баҳраманд бўлаётгани йўқ. Дунёнинг турли бурчакларида террорчилар ноҳақ қон тўкмоқда. Бундай мудҳиш воқеаларнинг қабиҳ ниятли бузғунчи гуруҳлар томонидан амалга оширилиши бутун дунё тинчликсевар халқлари қатори Ўзбекистон халқи қалбини ҳам қаттиқ ларзага солади. Биз ҳар қандай бузғунчилик, қон тўкиш, худкушлик, қўпорувчилик ва терроризмга қаршимиз. Унинг мудҳиш жиноятларини қаттиқ қоралаймиз.
Аллоҳ таоло бандаларини ўзаро тинчликка даъват этиб бундай буюради: «Агар мўминлардан икки тоифа ўзаро уришиб қолсалар, дарҳол улар ўртасини ислоҳ этингиз!..» (Ҳужурот сураси, 9-оят)[2].
Бу ҳақда Пайғамбаримиз (с.а.в): «Ким оиласи тинч, танаси саломат ва ҳузурида бир кунлик таоми бор ҳолатда тонг орттирса, унга дунё тўлиғича берилибди» (Сунани Термизий 2346-ҳадис), деб марҳамат қилганлар.
Муқаддас ислом дини кишиларни тинчликни асраш ва барқарорликни таъминлаш йўлида имон, инсоф, адолат, ҳамжиҳатлик ва бирдамлик билан ҳаракат қилишга, фитна ва ўзаро адоватга барҳам беришга чақиради. Бу бежиз эмас, албатта. Зеро, тинчликпарварлик ислом дини моҳиятини ташкил этади.
Юртимиз йилдан йилга обод бўлиб, халқимиз фаровонлиги йил сайин ортиб бормоқда. Демак, биз бунга жавобан кечаю кундуз бу неъматларнинг шукронасини адо этиб боришимиз керак. Аллоҳга ҳамду сано айтиш, Унинг неъматлари шукрини адо этиш банда учун ҳам ибодат ва ҳам Аллоҳнинг унга берган катта мукофотидир. Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳадисларининг бирида марҳамат қилиб: «Аллоҳ таоло бандага каттами, кичикми бир неъмат берса ва банда унинг шукронаси учун «Аллоҳга ҳамд бўлсин» деса, шунда у ўша неъматдан ҳам афзалроқ нарсага эришган бўлади», деганлар. Тинчлик ва хотиржамлик улуғ неъмат эканини ҳаммамиз яхши биламиз, аммо унинг қадрига етиш лозимлигига айримларнинг тушуниши қийин. Пайғамбар (алайҳиссалом) яна бир ҳадисда таъкидлаганларидек: «Икки неъмат борки, кўпчилик одамлар унинг қадрига етмайдилар. У сиҳатсаломатлик ва хотиржамликдир». Гувоҳи бўлиб турганимиздек, баъзи жойларда табиий офат сабабидан, яна баъзи жойларда эса қирғинбарот уруш туфайли шаҳарлар вайрон бўлиб, аҳоли сарсон-саргардонликда кун кечирмоқда. Аллоҳ таолога беадад шукрлар бўлсинки, тинчлик ва осойишталик неъмати сояси остида, ҳаётимиз осуда давом этмоқда. Ҳақиқатан, тинчлик бўлиб турса, кўнгилга тўй-ҳашам, хурсандлик сиғади. Юрт тинч бўлса, тараққиёт, ривожланиш бўлиб, аҳоли меҳнат қилади, ризқини териб, оиласи билан баҳам кўради. Уйжой ҳам қилади. Шунинг учун ҳам бу неъматларнинг қадрига етмоғимиз лозимдир. Ислом динида тинчликни улуғлаш комил мўминликнинг муҳим белгиларидан бири ҳисобланади. Тинчликни қадрлаш, осойишта ҳаёт учун шукроналик, уни сақлаб қолиш ва мустаҳкамлашнинг зарурий шарти ҳисобланади.
Тинчликка рахна солиш, жамият равнақи ва халқ фаровонлигига зиён етказиш, тоифаларга бўлиниб, ўзаро низолашишнинг қораланиши ҳам исломнинг тинчлик ҳақидаги таълимотининг асосини ташкил этади. Бугунги кунда нафақат мўмин-мусулмонлар ўртасида, балки турли дин вакиллари ўртасидаги тобора мустаҳкамланиб бораётган иноқликни кўролмайдиган кимсалар пайдо бўлмоқда. Ана шундай ғаламислар турли миллат ва дин вакиллари ўртасига совуқчилик тушириш мақсадида ҳар хил найрангларни ишга солмоқда. Мана шундай найрангларга учмаслигимиз, бундай вазиятда кескинлик билан қарор қилиш ўрнига чуқур ўйлаб, кейин бир хулосага келишимиз керак[3].
Ҳозирги кунда мамлакатимизда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш юзасидан «Шукроналик» ва «Тинчликнинг қадри» мавзуларида очиқ мулоқотлар ўтказиб келинмоқда. Тинчлик ва хотиржамлик амалий шукр талаб қиладиган неъматлардандир. Уни адо этиш барчанинг зиммасидаги фарздир.
Инсоннинг камолга етишида барча ижобий фазилатларнинг ўзига хос ўрни бор. Аммо улар ичида шукроналикнинг ўрни каттадир. Инсон Аллоҳ томонидан мукаррам қилиб яратилди, унга саноқсиз неъмат ва туганмас яхшилик берилди. Бу билан бошқа яратилган махлуқотлардан афзал қилинди. Шу билан бирга, Аллоҳ бандалари шукур қилса, уларга неъматларини зиёда қилишни ваъда қилди, итоат этса, бу неъматлар давомийлиги ва боқийлигини кафолатлади. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг «Иброҳим» сураси 7-оятида: «Яна Роббингиз эълон қилган (бу сўзлар)ни эслангиз: «Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукур қилсангиз, албатта, (уларни) яна зиёда қиламан. Бордию, ношукурлик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир», деб марҳамат қилган. Шукур қилган инсон ҳам жисмонан, ҳам моддий, ҳам маънавий-руҳий томондан камол топади. Нақшбандия таълимотида ҳам инсон камолоти учун шукур, зикр ва фикр асосийлиги таъкидланган. Баҳоуддин Нақшбанд 71 йил умр кўрган бўлса, 31 ёшида камолот даражаси шундай юксакликка эришганки, бутун вужуди кўзгуга айланган ва олти томон – орқа, олдин, ўнг, чап, юқори ва пастни ҳам бехато кўра олган. Бу улуғ инсоннинг руҳи сайри осмон ва ернинг барча қаватларида бўлган. Биз бу даражага етишнинг сири нима эканини аниқлаш учун манбаларга мурожаат этдик ва натижада унинг асоси шукроналикда, деган хулосага келдик. Чунки шукур қилган инсон ўн саккиз минг оламдаги ижобий қувватлар билан боғланади ва улардан файз олади[4].
Аллоҳ таолонинг меҳрибонлигини қарангки, У берган неъматларига шукур айтувчи бандаларига беадад мукофотлар ваъда қилиш билан кифояланмасдан уларга улуғ ажру савоблар беришини ҳам кафолатлаган. У зот айтди: «… Шукур қилувчиларни эса, албатта, мукофотлаймиз».
«Ниҳоя» китобида бундай нақл қилинади: «Бирор бандага биров яхшилик қилсаю, унга ташаккур айтмаса, Аллоҳ таоло ўша банданинг Ўз неъматларига қилган шукронасини қабул қилмайди».
Буюк бобокалонимиз Қаффоли Шоший ўзининг машҳур «Жавомеъул калим» китобида келтиришича, «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Неъматлар ҳақида гапириш шукур қилишдир», деганлар.
Аллоҳ таоло азиз юртимизни тинч, ҳаётимизни янада фаровон айлаб, барчамизнинг бу неъматларга шукур қилувчи солиҳ бандаларидан бўлишимизни насиб айласин.
Хулоса сифатида айтиш мумкинки, тинчликни қадрлаш ва шукроналик туйғусини ривожлантириш инсоннинг осойишта ҳаёт кечириши учун зарур бўлган муҳим омилдир. Тинчликнинг қадрига етиш ҳар бир инсоннинг ички олами ривожи ва жамият фаровонлигига олиб келади. Шукроналик туйғуси эса одамлар ўртасидаги ҳурмат ва ишончни мустаҳкамлашга ёрдам беради.
«ВАТАН ДEСАМ, КЎЗ ОЛДИМГА ОНАМ КEЛАР…»
«Тинчликни қадрига етайлик!
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz





