Ислом оламининг буюк алломаси, ҳадис илмининг саҳиҳлигини таъминлаган улуғ муҳаддис Имом Бухорий ҳазратлари мангу қўним топган маскан бугун обод ва кўркам зиёратгоҳга айланган.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 2019 йилда Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасида бошланган кенг кўламли қурилиш-бунёдкорлик ишлари изчиллик билан амалга оширилиб, мажмуа буюк алломанинг ислом оламидаги юксак мавқеига муносиб қиёфа касб этди.

Мажмуа Имом Бухорий мақбараси билан бирга 10 минг кишилик масжид, маъмурият биноси, музей ҳамда кириш-чиқиш айвонларини ўз ичига олган ягона меъморий ансамблдан иборат. Шунингдек, зиёратчилар учун меҳмонхоналар, автотураргоҳлар ва умумий овқатланиш шохобчалари каби барча зарур шарт-шароитлар яратилган.


Қисқача айтганда, дунёнинг турли бурчакларидан келувчи зиёратчилар учун қулай ва муносиб муҳит шакллантирилган.
Манба: ЎзА
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz





