Home / МАҚОЛАЛАР / Сураларнинг нозил бўлиш босқичлари

Сураларнинг нозил бўлиш босқичлари

Маълумки, Қуръони карим Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга 610 милодий йилдан бошлаб нозил бўла бошлаган. Ҳар бир сура ва оят ўз макони ва замонига қараб Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даъват ишларга йўлланма сифатида келиб турар эди. Макка мушриклари ва аҳли китобларнинг қаршиликлари ва бошқа воқеалар ҳам нозил бўлаётган ваҳийнинг мазмунига ўз таъсирини ўтказар эди. Шунинг учун ҳижратгача нозил қилинган сураларда асосан ислом ақоиди, тавҳид билан ширк ўртасидаги фарқлар, сохта маъбудаларга ибодат қилишдан қайтариш каби кўрсатмалар баён қилинган. Ҳижратдан кейин, яъни 622 йилдан бошлаб Мадина даврида нозил бўлган сураларда эса, шариат аҳкомлари, ибодат арконлар, мунофиқлар ва аҳли китоблар билан муносабат, жиҳод, сулҳ каби масалалар мужассам эканини кўрамиз. Демак, 13 йил Макка даври, 10 йил Мадина даврида турли муносабатлар билан суралар нозил қилинган.[1]

Маккий деб, гарчи ҳижратдан кейин нозил бўлган бўлса ҳам Маккада нозил бўлган оят ва сураларга айтилади. Маданий деб эса, Мадинада нозил бўлган оят ва сураларга айтилади.

Ҳоким ўз саҳиҳларида келтирган, Икрима ва Ҳусан розияллоҳу анҳум айтадилар: “Қуръондан энг аввал нозил бўлган нарса “Бисмиллаҳир роҳманир роҳиймдир”, у Маккада нозил бўлган биринчи оятдир”. Муҳаммад ибн Ибод ибн Жаъфар ал Маҳзумий розияллоҳу анҳу баъзи уламолардан ривоят қиладилар: “Аллоҳ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилган аввалги оят “Алақ” сурасининг 1-5-оятлари бўлиб, Ҳиро ғорида нозил қилинган. Суранинг қолган қисми эса Аллоҳ хоҳлаганча муддатдан кейин нозил бўлган”.[2]

Сура нуқтаи назаридан эса, Қуръони каримнинг “Фотиҳа” сураси бутун сура ҳолида биринчи нозил бўлган, чунки, “Алақ”, “Қалам” ва “Муддассир” сураларининг тўла нозил бўлишидан аввал “Фотиҳа” тўла  сура  шаклида  нозил  қилинган  эди[3].

Қуръони карим ўзидан аввалги нозил қилинган муқаддас китоблар сингари бутун китоб шаклида туширилган  эмас,  балки  инсонларнинг  эҳтиёжларига  мувофиқ  баъзида  бир  неча  оят,  баъзида  тўла суралар ҳолатида турли пайтда нозил бўлар эди. Бу ҳақда Қуръонда шундай дейилади: “Сиз Қуръонни одамларга аста-секин ўқиб беришингиз учун Биз уни қисмларга ажратдик ва бўлиб-бўлиб нозил қилдик”. (Исро, 106.)[4]

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:  “Кофир бўлган кимсалар: “Нега бу Қуръон унга (пайғамбар(а.с.)га яхлит бир тўплам ҳолида нозил  қилинмади?” — дейдилар. (Эй,  Муҳаммад), Биз  у (Қуръон) билан сизнинг дилингизни  устувор қилиш учун мана шундай (оз-оздан нозил қилдик) ва уни тартили билан (равон) ўқиб бердик”.(Фурқон, 32 оят).[5]

Имом Бухорий Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: “Ундан ўзга илоҳ йўқ бўлган зотга қасамки, Аллоҳнинг Китобидан бирор оят нозил бўлган бўлса уни ким борасида нозил бўлганини ҳам, қаерда нозил бўлганини ҳам биламан”. 

Суралар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи вассалламга ҳижратдан олдинги ва кейинги даврларда, Исро ва Меърож воқеаси, Исро ва Меърож воқеасидан кейинги даврларда, Бадр жангигача бўлган давр, Табук Ғазотигача бўлган давр ва  Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг вафотларигача бўлган даврларда нозил бўлган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи вассалламга энг охирги нозил бўлган суралар “Тавба” ва “Наср” сураларидир[6].

Имом Бухорий халқаро илмийтадқиқот маркази
Қуръоншунослик шўъбаси илмий ходими: А.Раҳимов

[1] Шайх Абдулазиз Мансур. Қуръони карим маъноларининг таржимаси. Т. 2001. Б. 605

[2] http://www.quran.uz/

[3] Закои  Кўнрапа.  Пайғамбаримиз  ва  Ашараи мубашшара. 1-ж. 1995. 88-б.

[4] Обидов Р. Қуръон ва тафсир илмлари. – Т.: Тошкент ислом университети нашриёт –матбаа бирлашмаси, 2003.

[5] Шайх Абдулазиз Мансур. Қуръони карим маъноларининг таржимаси. Т. 2001. Б. 362

[6] Шайх Абдулазиз Мансур. Қуръони карим маъноларининг таржимаси. Т. 2001.

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …