Home / МАҚОЛАЛАР / УСТОЗНИ ЁД ЭТИБ…

УСТОЗНИ ЁД ЭТИБ…

Бутун умрини буюк алломаларимиз меросини тадқиқ этиш илмига бағишлаган замонамизнинг буюк алломаси “Меҳнат шуҳрати” ва “Фидокорона хизматлари учун” ордени соҳиби, тарих фанлари доктори, профессор Убайдулла Уватов 80 ёшида вафот этди…

ХОТИРА…

Муборак ҳадиси шарифларда “Ал-у’ламау варасату-л-анбиё”, яъни, “Олимлар Пайғамбарларнинг меросхўрларидир”, деб таъкидланган. Буни ғазал мулкининг султони, буюк мутафаккир бобокалонимиз Алишер Навоий ҳазратлари ҳам:

Кишиким қилса олимларга таъзим,

Андоқки қилур Пайғамбарга таъзим, – дея қайд этиб ўтган.

Убайдулла Уватов она Ватанимизда туғилиб, дунё тамаддунига муносиб ҳисса қўшган улуғ алломаларнинг маънавий меросини тадқиқ этиб, манбашунослик ва арабшунослик ривожига улкан ҳисса қўшган олим, аждодларимиз меросини кенг тарғиб этиб, ёш авлодни баркамол вояга етказиш йўлида самарали фаолият кўрсатиб келаётган заҳматкаш инсон эди.

У кишининг илм йўлидаги фидойилиги ва ватанпарварлиги барчамизга ибратдир.

Қайсики юртда олимлар, устоз-мураббийлар улуғланса, эъзозланса ўша юртнинг фарзандлари шубҳасиз камолотга, бахт ва ёруғ истиқболга юз тутади.

Буюк алломалар, олиму фузалолар юрти бўлган жонажон Ўзбекистонимиз барча замонларда ўзининг заҳматкаш, фидойи фарзандлари билан фахрланиб, шу билан бирга уларни ардоқлаб келган. Ана шундай ифтихорга арзигулик инсонлардан бири, араб, форс, рус, француз тилларини мукаммал эгаллаган арабшунос, манбашунос, шарқшунос олим, тарих фанлари доктори, профессор Убайдулла Уватов эди. Убайдулла Уватов 1940 йили 23 февралда Қашқадарё вилояти Ғузор туманидаги Чучук ота қишлоғида таваллуд топган.

Ўз қишлоғи, кейинроқ Ғузор туманидаги мактабда таълим олган.

1969 йили Тошкент давлат университети шарқшунослик факультетининг араб филологияси бўлимини тугаллаган.

Меҳнат фаолиятининг 10 йилга яқин вақтини Миср, Ироқ ва Ливия каби араб мамлакатларида таржимонликка бағишлаган.

Илмий фаолияти давомида юртимиз алломалари тўғрисида биринчилардан бўлиб тадқиқотлар олиб бориб, 200 дан ошиқ мақола, 50 га яқин китоб ва рисолалар тайёрлаган, кўплаб шогирдлар етиштирган.

У.Уватов “Меҳнат шуҳрати” ордени ва “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси” фахрий унвони билан тақдирланган.

2017  йилдан Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори, ўриндошлик асосида Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг “Ислом цивилизациясини ўрганиш ICESCO” кафедраси профессори.

Манбашунослик – аждодлар меросини ўрганиш сабр-тоқат, улкан заҳмат талаб этадиган касб. Архивларда чанг босиб ётган тарихий манбаларни, ҳужжатларни ўрганиш, уларни табдил этиш ва тартиб бериб, авлодларга гўзал тарзда етказиш осон эмас. Бунинг учун олимдан тинимсиз меҳнат, куну тун изланишлар, энг муҳими, фидойилик ва аждодлар меросига улкан муҳаббат талаб этилади. Убайдулла Уватов умрини буюк алломаларимиз меросини ўрганишга бағишлаган ана шундай заҳматкаш олим эди.

Убайдулла Уватов 1974 йилда XV асрда яшаб ўтган араб муаррихи Ибн Арабшоҳнинг соҳибқирон Амир Темурнинг ҳаёти ва фаолиятига бағишланган тарихий асар – “Ажойиб ал мақдур фи тарихи Таймур”, яъни “Темур тарихида тақдир ажойиботлари” номли асарини араб тилидан ўзбекчага таржима ва тадқиқ қилиб, филология фанлари номзоди илмий даражасини олди. Шу тариқа олимда ўз аждодлари меросига бўлган қизиқиш янада авж олди.

Убайдулла Уватов ўтган асрнинг 70-йилларида уч йил Бағдодда таржимон бўлиб ишлади. Ўша даврда олим у ерда чиқадиган “Жумҳурия” газетасида доктор Ножи Маъруф деган олимнинг “Мадрасалар тарихи” номли мақоласини ўқиб қолади ва мақоладан шундай таъсирланадики, унинг муаллифини излаб Бағдод университетига боради. “Мен Мовароуннаҳрдан келдим”, дея унинг хонасига киради. У очиқ чеҳра билан “Хуш келибсан” дея кутиб олди-ю, Убайдулла Уватовдан ватани ҳақида, юрти тарихи ҳақида сўрайди. Ўша суҳбатда доктор Ножи Маъруф “Биринчи мадрасалар сизларда очилган” деган эди. Бу сўздан фахрланган Убайдулла Уватов аждодлар меросини, мадрасалар, буюк алломалар ҳаётини ўрганишга янада жиддийроқ киришади.

“Энг яхши ибодат илм олмоқдир” дейилади ҳадиси шарифда. Демакки, илм олмоқ ибодат даражасида улуғланган. Илмни ибодат мақомига кўра олган, умрини эзгуликка, аждодлар меросини ўрганишга бағишлаган инсонлардан бири, шубҳасиз, Убайдулла Уватов бўладилар.

Олимнинг илмий тадқиқот ва маънавий-маърифий соҳадаги фаолиятини 5 туркумга  бўлиш мумкин.

  1. Педагогик, жамоатчилик фаолияти ва маънавий маърифий ишлар.
  2. Темуршунослик.
  3. Имом Бухорий илмий-маънавий мероси ва ҳадисшунослик.
  4. Ўзбекистоннинг буюк алломалари илмий мероси.
  5. Ноёб асарларни араб тилидан таржима қилиш ва нашрга тайёрлаш.

2002 йилда Убайдулла Уватов яна бир улкан ишга қўл урди. Илм йўлидаги узоқ йиллик Имом ал-Бухорий, Муслим, имом ат-Термизий алломалари мисолида тарих фанлари доктори илмий даражасини олиш учун “Мовароуннаҳр ва Хуросон олимларининг ҳадис илми ривожида тутган ўрни” мавзусидаги диссертациясини ҳимоя қилди. Республика Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси 2008 йили олимга профессор илмий унвонини берди. Олимнинг илмий фаолияти ҳавас қилса арзигулик кечди.

Профессор У.Уватов умри мобайнида асосан IX-XII асрларда юртимизда етишиб чиққан буюк алломалар қолдирган бой илмий-маънавий меросларни ўрганиб, нодир қўлёзма манбалар асосида чуқур илмий тадқиқотлар олиб боргани учун етук манбашунос олим сифатида нафақат юртимизда, балки хорижда ҳам алоҳида ҳурмат эҳтиромга эга. У кишининг бошчилигида “Ўрта Осиё олимлари қомуси” “Ўзбекистон буюк алломалар юрти”, “Буюк юрт алломалари” каби салмоқли тўпламлар нашр этилган. Ушбу бебаҳо рисолаларда юртимиздан етишиб чиққан юзлаб алломалар ҳақида маълумот бор. Олим айни шу йўналишда “Ўзбекистон” телеканали “Ҳидоят сари” диний-маърифий студияси томонидан тайёрланадиган туркум кўрсатувларнинг эксперти сифатида ҳам фаол эдилар. Улуғ аждодларимиз илмий меросига доир тайёрланадиган маърифий теледастурлар ижодкорларига ўзининг беминнат илмий маслаҳатларини берардилар. 

 Минг афсуски, бугунги кунда динни ўрганаман деб, иймонидан айрилиб қолаётган ғўр ёшлар ҳам бор. Дунё ҳавас қилгулик алломалари бор юрт фарзандларининг йўлдан адашиши эса жуда аянчли. Навқирон авлодга ислом таълимотини тўғри тушунтириш борасида Убайдулла Уватов каби олимларнинг заҳмати беқиёс.

Убайдулла Уватов доимо изланишда бўлган олим, шогирдлари учун ғамхўр мураббий, уларни илмда тўғри йўлга йўллашда фидойи устоз бўлиш билан бирга илмий ишлар, педагогик фаолиятдан ташқари оиласи учун ҳам алоҳида вақт ажрата оладиган, фарзандлари, набираларига меҳрибонлик кўрсата оладиган меҳрибон ота сифатида ҳам ибрат олишга арзигулик инсон эди.

Унинг мамлакатимизда ислом маданияти ва илм-фанини ривожлантириш, буюк аллома ва мутафаккирларимиз илмий меросини тадқиқ этиш ҳамда халқаро миқёсида кенг тарғиб этиш борасидаги кўп йиллик самарли меҳнати, жамиятда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, миллий анъана ва қадриятларимизни мустаҳкамлаш ишига қўшган алоҳида ҳиссаси, чуқур билим ва юксак салоҳиятга эга мутахассисларни тайёрлаш, ёш авлодни она Ватанга садоқат ва аждодлар меросига ҳурмат руҳида тарбиялашдаги ибратли фаолияти бугун барчамизга ибрат бўлиб қолди. Профессор Убайдулла Уватовнинг илм-фан йўлидаги хизматлари юксак эътироф этилиб, Президентимиз томонидан “Фидокорона хизматлари учун” ордени билан тақдирланди.

Бугун олим яратган асарлар ва телевидениедаги турли кўрсатув ва фильмлар орқалигина унинг суратини кўришимиз мумкин холос…

Мамлакатимиз илм-фанига беқиёс ҳисса қўшган олим Убайдулла Уватовнинг порлоқ хотираси қалбларимизда яшайди.

Шуҳрат ҲАЙИТОВ,
Филология фанлари бўйича фалсафа доктори,
“Ўзбекистон” телеканали бош муҳаррири

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …