Ўзбекистон бугунги кунда халқаро ташкилотлар доирасидаги иштирокини сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, маданий-гуманитар нуқтаи назардан фаоллаштиришда давом этмоқда. Бу борадаги ижобий интилишлар мамлакат ва минтақа, шу билан бирга дунё миқёсида ўзининг ижобий натижаларини бермоқда. Президентимиз томонидан илгари сурилган таклиф ва ташаббуслар кенг миқёсли Марказий Осиёда ривожланишнинг янги босқичини бошлаб берди.
Айни ташаббуслар самарасида Марказий Осиё халқаро жамоатчилик учун барқарор иқтисодий ва ижтимоий тараққиётнинг янги имкониятлари сифатида қайта намоён бўлмоқда. Давлатлар сиёсий доира вакиллари ва етакчи таҳлил марказлари Президентимиз орзу-интилишларига хайрихоҳлик билдирмоқда.
Хусусан, Туркия Республикаси Президентининг Бош маслаҳатчиси Ялчин ТОПЧУ “Дунё” АА мухбири билан суҳбатда қуйидагиларни қайд этди.
– Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги тарихий нутқи минтақа ва дунёда тинчлик-тотувлик, тараққиёт ва барқарорликни таъминлашга қаратилган таклифларга бой бўлган эди.
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеясининг “Маърифат ва диний бағрикенглик” махсус резолюцияси қабул қилиниши, Ёшлар ҳуқуқлари бўйича халқаро мунозара ташкил этилгани Ўзбекистоннинг замонавий ва дунё ҳамжамиятида ўз сўзига эга давлат сифатида намоён бўлаётганидан далолат.
БМТ Бош Ассамблеясининг “Маърифат ва диний бағрикенглик” махсус резолюциясининг Ўзбекистон ташаббуси билан илгари сурилиши, Туркия ва бошқа давлатлар томонидан қўллаб-қувватлаш орқали қабул қилиниши муҳим воқедир. Этиборли жиҳати, Ўзбекистонда амалга оширилаётган чуқур ўзгариш ва ислоҳотлар, шу жумладан диний бағрикенглик соҳасида ташланган қадамлар Америка Қўшма Штатларининг халқаро диний эркинлик тўғрисидаги ҳисоботида ҳам ўз аксини топди, эътироф этилди.
Ўзбекистондаги ўзгаришлар Марказий Осиёда ва халқаро майдонда хавфсизлик, минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун муҳим аҳамият касб этади. Қайд этиш жоиз, минтақада барқарорликни сақлаш ва қўшнилар билан яхши муносабатлар ўрнатишда Ўзбекистон интилишлари муҳимдир.
Президент Шавкат Мирзиёев Марказий Осиёда тинчлик-тотувликни таъминлаш Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканини БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар юксак минбаридан туриб, бир неча бор таъкидлади. Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашувини ташкил этиш ҳақидаги Ўзбекистон ташаббуси ҳам бу масалага Президент Шавкат Мирзиёев нақадар катта аҳамият қаратишини кўрсатиб турибди.
2019 йилда Тошкентда бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг саммити ҳамда қатор икки ва кўп томонлама тадбирларда Ўзбекистон ҳамкорлик ва ижтимоий-иқтисодий ривожланиш, тинчлик ва барқарорликни биргаликда таъминлаш, транспорт, туризм каби соҳаларда қўшма лойиҳаларни амалга оширишга қаратилган амалий таклифларни илгари сурмоқда. Шу орқали минтақа ва дунёда тинчлик-ҳамкорлик омилига айланиб бормоқда.
Минтақа ва кенг миқёсда, жумладан, туркий дунёда барқарорликни сақлаш ва қўшнилар билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишда Ўзбекистон иштироки муҳимдир. Мамлакатингизнинг Туркий давлатлар ҳамкорлик кенгашига аъзоси бўлиши барчамиз учун фойдали, маданий, қардошлик алоқаларини мустаҳкамлашда янгича ҳуқуқий асос яратди. Бу барқарорликка ижобий таъсир кўрсатишига барчамиз гувоҳ бўламиз.
Марказий Осиё минтақаси марказида жойлашган Ўзбекистон 34 миллион аҳолига эга ва уларнинг аксариятини ёшлар ташкил қилади. Шунинг учун янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, шу жумладан Ёшларга оид давлат сиёсати нафақат мамлакат ва минтақа, балки дунё учун ҳам фойдали. Ўзбекистон ташаббуси билан Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро ҳужжатнинг ишлаб чиқилиши бунга яққол мисол бўла олади.
Ёшларга кенг эркинликлар ва таълим олишда янги имкониятларни тақдим этган Ўзбекистон раҳбарияти бу борадаги ислоҳотларни тизимли тарзда амалга оширмоқда. 2020 йилнинг “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” деб эълон қилиниши бунга аниқ далилдир. Ушбу дастур мамлакат олдига қўйилган мақсадга тезроқ ва ишончли равишда эришиш учун зарур. Фан-таълим ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш глобал миқёсда ҳам долзарб йўналишдир.
Бундан ташқари Ўзбекистон Президенти ташаббусларини амалга оширишда Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд конференциясининг ташкил этилиши катта амалий аҳамият касб этади. Мазкур халқаро анжуман натижасида ишлаб чиқилган якуний ҳужжат қайсидир маънода Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенция учун ўзига хос модель бўла олади.
Орол денгизидаги фалокат бу – XX асрнинг даҳшатли ҳалокатларидан бири. Ўзбекистон Президенти мазкур масалага ҳам алоҳида эътибор қаратмоқда. БМТ ва бошқа ташкилотлар доирасида ушбу масала жаҳон ҳамжамияти диққат марказида бўлиб турибди.
Дарҳақиқат, Қорақалпоғистон ҳудуди аҳолиси минтақадаги унумдор ерларда чўлланиш хавфига дуч келмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев эса Орол қуришининг салбий оқибатларига қарши қатъият билан курашмоқда. Бунда Туркия ҳам маълум маънода ҳамкорлик қилаётганидан мамнунмиз.
Президент Шавкат Мирзиёев Афғонистон барқарорлиги билан боғлиқ муҳим масалага ҳам жиддий ташаббусларни илгари сурмоқда. Ўзбекистон жафокаш афғон халқи муаммоларини сиёсий ечим ва ижтимоий-иқтисодий ривожланиш йўли билан ҳал қилиш зарурлиги бўйича тутумида қатъий.
Расмий Тошкент Афғонистон масаласини глобал кун тартибига чиқариб, муҳим ташаббус ва амалий тадбирларни муваффақият билан бажармоқда. Президент Марказий Осиё кенг минтақа эканини ҳамда Афғонистонни минтақага интеграциялашувини таъминлаш орқали қатор муаммоларни ҳал этиш мумкинлигини исботлади. Шунинг ўзи ҳам Ўзбекистон раҳбарининг нафақат ўз минтақаси, балки дунёга тинчлик, фаровонлик ва хавфсизлик олиб келувчи ташаббусларга қодир эканини кўрсатди. Президент Шавкат Мирзиёевнинг БМТдаги нутқида бу масалага алоҳида ўрин берилган.
Давлат раҳбари БМТдаги чиқишида Имом Бухорийга ҳам алоҳида урғу берди. Муҳим манба Саҳиҳ ҳадислар тўплами тилга олинди! Бунинг учун Президент Шавкат Мирзиёевга алоҳида миннатдорлик билдирамиз. Ишонч-эътиқодимизнинг асосчиларидан бири, инсоний марҳамат тамаддуни жарчиларидан бўлган бу зот исмлари БМТ юксак минбаридан туриб, Ўзбекистон раҳбари томонидан ўқиб эшиттирилди.
Сўзимни ўзбек қардошларимизга тинчлик ва барқарорлик тилаган ҳолда Ўзбекистон мадҳиясининг қуйидаги мисралари билан якунлашга ижозат бергайсиз!
Бағри кенг Ўзбекнинг ўчмас иймони,
Эркин, ёш авлодлар сенга зўр қанот!
Истиқлол машъали тинчлик посбони,
Хақсевар, она юрт, мангу бўл обод!