Имом Мотуридийнинг “Таъвилот ал-Қуръон” асари асрлар оша мукаммал тарзда етиб келган. Мотуридийя таълимотини асословчи бу асарга Ислом уммати томонидан юксак эҳтиром кўрсатилиб, келажак авлодларга етиб боришини таъминлаш мақсадида ундан кўплаб қўлёзмалар кўчирилган. Натижада асар бугунги кунгача мукаммал тарзда етиб келган.
Манбаларда ҳозирги даврда асарнинг 40та қўлёзма нусхаси мавжудлиги ҳақида маълумот берилган. Улар Туркиянинг қатор шаҳарларида, шунингдек Дамашқ, Қоҳира, Берлин ва Лондондаги фондларда сақланади.
Ўзбекистонда асарнинг иккита қўлёзмаси мавжуд. Улар Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида № 5126 ва №5127 рақам билан сақланмоқда. Тарих фанлари номзоди Ш.Зиёдов “Абу Мансур ал-Мотуридий ва унинг “Китоб ат-таъвилот” асари” номли монографиясида ушбу қўлёзмалар ҳақида батафсил маълумот бериб ўтган.
№ 5126 рақамли қўлёзма 529 ҳижрий йилга (1134-35 йил) тегишли бўлиб, у бугунги кундаги қўлёзмалар ичидаги энг қадимийсидир. Ушбу нусха Имом Мотуридий вафотидан икки аср ўтиб кўчирилган. Қўлёзманинг ёши тўққиз асрга тенг.
Қадимийлик бўйича иккинчи ўринда 652 ҳижрий йилда (1254 йил) кўчирилган Туркиядаги Сулаймония кутубхонасида №47 рақам остида сақланаётган Жоруллоҳ нусхаси туради. Лондоннинг Британия музейидаги №9436 рақамли қўлёзма эса қадимий нусхаларнинг учинчисидир. У 665 йижрий йилда (1266 йил) кўчирилган. Қолган нусхалар эса ҳижрий 700 йилдан 1200 йиллар оралиғида ёзилган.
Кўплаб асарлар сингари “Таъвилот ал-Қуръон”нинг қўлёзмари ҳам асосан Туркияда сақланади. Бугунги кундаги мавжуд манбаларга таяниб айтадиган бўлсак ушбу давлатда 32 та нусха мавжуд. Жумладан:
- Сулаймония кутубхонасида №5, №8, №9, №10, №14, №22, №30, №32, № 32/35, №33/36, №34/37, №47, №48, №49, №53, №100 рақамлар остида;
- Нур Усмония кутубхонасида №122, №123, №98/124, №99/125 рақамлар остида;
- Тўпқопи сарой кутубхонасида №28/1, №28/2, №180, №182 рақамлар остида;
- Отиф Эфенди фондида №76, №77 рақамлар остида;
- Рашид Эфенди (Кайсари) фондида №47 рақамлар остида;
- Юсуф Оға (Куния) фондида №47 рақам остида;
- Нажиб Пошо (Тира Измир) фондидаги рақамсиз қўлёзма,
- Ҳожи Салим Оға кутубхонасидаги №40, №140 рақамлар остида;
- Кўпрули кутубхонасининг Фозил Аҳмад Пошо бўлимида №47 №48 рақамлар остида мотуридийя таълимоти асоси бўлган ушбу ноёб асар алоҳида эътибор билан сақлаб келинмоқда.
Сурия пойтахти Дамашқнинг “Ал-Асад” халқ кутубхонасида №395 рақам билан, Миср пойтахти Қоҳирадаги “Дору-л-кутубу-л-Мисрия”да №6 рақам билан, шунингдек ушбу фондда яна битта рақамсиз қўлёзма сақланади. Рақамсизлигига сабаб, бу нусха Туркиядаги Кўпрули кутубхонасининг Фозил Аҳмад Пошо бўлимида сақланаётган №48 рақамли қўлёзма факсимилеси охирига қўшиб муқоваланганидир. Шунинг учун унга алоҳида рақам берилмаган.
“Таъвилот ал-Қуръон” асари қўлёзмалари Европада ҳам мавжуд. Берлиндаги Тубинген фондида №4156, Лондоннинг Биритания музейида №9436 рақамли қўлёзмаларни учратамиз.
Ҳозирда қўлимизда бор манбаларга таянган ҳолда “Таъвилот ал-Қуръон” асарининг 40та қўлёзма нусхаси сақланиб қолган, деган хулосага келамиз. Уларнинг ичида 19таси тўлиқ нусхадир. Айримларида баъзи оятлар, баъзи кичик суралар таъвили тушиб қолгани уларнинг тўлиқлик даражасига таъсир кўрсатмайди. Чунки бу кемтик бошқа нусхалар асосида ёпилиб кетади.
Ушбу ададдаги қўлёзмалар улар асосида чиқарилган замонавий матнларнинг ишончлилигини таъминлайди. Яъни “Таъвилот ал-Қуръон” асари Имом Мотуридийнинг давридаги ҳолатдан ўзгариб кетган деган хавотир асоссиздир. Негаки турли даврларда ёзилган 40та қўлёзма бир-бирини қўллаб-қувватлаб, бундай хавотирга йўл бермайди.
Шуни таъкидлаш ўринлики, келгусида қўлёзмалар сони янада кўпайиши ҳам мумкин. Чунки, юртимиздаги фондлар ҳанузгача тўлиқ ўрганилмаган, у ерда сақланаётган қўлёзмалар ҳақидаги маълумотлар очиқланмаган. Йиллар ўтиб, янада қадимий қўлёзмаларнинг юзага чиқиши “Таъвилот ал-Қуръон” асарини янада чуқурроқ ўрганиш имкониятини яратади.