Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ “Саҳиҳул Бухорий” китобини ёзиб бўлиб, уни халққа етказиш учун кўплаб дарслар ташкил қилган. Ушбу дарсларда у кишининг атрофида “Саҳиҳул Бухорий” китобини эшитишга муштоқ бўлган ва ривоят қилишга катта қизиқиш билан қарайдиган кўпдан-кўп одамлар тўпланади. Аҳли илмлар ўзларининг китобларини етказишда жорий қилган одатларига мувофиқ Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ ҳам ўзининг “Саҳиҳул Бухорий” китобини айтиб ёздириш учун бир неча жойларда дарс ҳалқалари ташкил қилган.
Имом Бухорий ҳазратлари ўзларининг “Саҳиҳул Бухорий” китобидан дарс берадиган мажлисларда ривоятларни тўғрилаб олиш, эшитган нарсаларини ёзиб олиш ва лафзларни тузатиш учун ҳимматларини сарфлайдиган ровийлар сафи кенгайиб боради.
Бу катта жамоадан инсонларга “Саҳиҳул Бухорий” китобини ривоят қилиб берган ровийларнинг аввалги табақаси машҳур бўлади.
Уларнинг энг машҳури муҳаддис олим Абу Абдуллоҳ Фирабрий (ҳижрий 231-320 й.)дир.
Муҳаддис олим Абу Абдуллоҳ Фирабрийнинг тўлиқ исми Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Юсуф ибн Матор ибн Солиҳ ибн Бишр Фирабрийдир. У киши Бухоро қишлоқларидан бири Фирабр қишлоғига нисбат берилиб, Фирабрий дейилган. Имом Самъоний ўзининг “Ал-ансоб” номли асарида: “Фирабр Амударё билан Бухоронинг ўртасидаги шаҳардир. Фирабр шаҳри билан Амударёнинг ўртасидаги масофа бир фарсах атрофидадир. Мен Мовароуннаҳрдан қайтаётганимда Фирабрда бир неча кун турганман”, деб зикр қилган[1].
Абу Абдуллоҳ Фирабрийнинг таржимаи ҳолини ёзган кишиларни ҳаммаси ҳижрий 231 йил туғилганини таъкидлашган.
Абу Абдуллоҳ Фирабрий “Саҳиҳул Бухорий” китобини Имом Бухорийдан икки марта эшитган. Бир марта ҳижрий 248 йил Фирабрда ва иккинчи марта ҳижрий 252 йил Бухорода эшитган. Ҳақиқатда, Абу Абдуллоҳ Фирабрий “Саҳиҳул Бухорий” китобининг энг машҳур ровийси деб танилган. Бугунги кунда илм аҳли катта қизиқиш билан мутолаа қилиб келаётган “Саҳиҳул Бухорий” китоби Абу Абдуллоҳ Фирабрий томонидан ривоят қилинган.
Абу Абдуллоҳ Фирабрий: “Имом Бухорийнинг “Саҳиҳул Бухорий” китобини муаллифни ўзидан мен билан бирга тўқсон мингга яқин киши эшитган. Бу китобни Имом Бухорийнинг ўзидан ривоят қиладиган мендан бошқа ҳеч ким қолмади”, деган[2].
Ҳофиз ибн Ҳажар Асқалоний Фирабрийнинг ушбу сўзини изоҳлаб шундай дейди: “Абу Абдуллоҳ Фирабрий бу гапини ўзи билган нарсага мувофиқ айтган. Яъни, Абу Абдуллоҳ Фирабрий Имом Бухорийнинг “Саҳиҳул Бухорий” китобини муаллифни ўзидан ривоят қиладиган мендан бошқа ҳеч ким қолмади деб ўйлаган.
Лекин, “Саҳиҳул Бухорий”ни ривоят қилган муҳаддислардан бири Абу Талҳа Мансур ибн Муҳаммад ибн Али ибн Қорина Паздавий Абу Абдуллоҳ Фирабрийдан тўққиз йил кейин яъни, ҳижрий 329 йил вафот этган [3].
Манбаларда “Саҳиҳул Бухорий”ни эшитган кишиларнинг орасида Абу Абдуллоҳ Фирабрийга Аллоҳ таолонинг назари тушган деган қарашлар мавжуд. Бундай дейишимизга сабаб, Аллоҳ таоло Абу Абдуллоҳ Фирабрийни Имом Бухорий билан учрашиш ва ундан ҳадис эшитиш учун бир неча сабабларни тайёрлаган ва уни баъзи ишлар билан сийлаган. Шу боис, у кишининг ривояти ривоятлар орасида энг яхшироғи ва тўлиқроғи, санади эса олийроғи ҳисобланади.
Ҳофиз ибн Ҳажар Асқалоний: “Мана шу асрда ва бундан олдинги асрларда “Саҳиҳул Бухорий” китобини эшитишда санади боғланган ривоят Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Юсуф ибн Матор ибн Солиҳ ибн Бишр Фирабрийнинг ривоятидир”, деган[4].
Абу Абдуллоҳ Фирабрий Қутайба ибн Саид ва Али ибн Хашрам Марвазийлардан ҳам ҳадис эшитган. Абу Бакр Самъоний ўзининг “Амолий” номли асарида шундай деган: “Абу Абдуллоҳ Фирабрий Қутайба ибн Саид ва Али ибн Хашрам Марвазийлардан ҳадис эшитган. У киши “Саҳиҳул Бухорий” ва “Саҳиҳул Муслим” китобларини Қутайба ибн Саид ва Али ибн Хашрам Марвазийлардан ривоят қилган ровийларнинг орасида бордир”.
Ибн Нуқта раҳимаҳуллоҳ Абу Абдуллоҳ Фирабрийга боғланган санад билан ривоят қилади. Абу Абдуллоҳ Фирабрий: “Мен ҳижрий 258 йили Фирабрда бўлганимда Али ибн Хашрам Марвазийдан ҳадис эшитган эдим”, деган.
Юқоридагилардан шундай хулоса қилиш мумкинки, Абу Абдуллоҳ Фирабрий уч кишидан ҳадис ривоят қилган.
Биринчиси Абу Абдуллоҳ Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ;
Иккинчиси Қутайба ибн Саид;
Учинчиси Али ибн Хашрам Марвазийдир.
Абу Бакр Самъоний ўзининг “Амолий” номли китобида Абу Абдуллоҳ Фирабрий Қутайба ибн Саиддан ҳадис эшитганига далил келтирган. Буни Имом Нававий ҳам “Саҳиҳул Бухорий”нинг шарҳида айтиб ўтган.
Абу Абдуллоҳ Фирабрийнинг Али ибн Хашрам Марвазийдан ҳадис эшитгани ҳақиқатдир. Абу Абдуллоҳ Фирабрийнинг таржимаи ҳолини ёзган кўплаб уламолар бунга асос ва далиллар келтириб ўтишган.
Асосий ҳадис китобларда Абу Абдуллоҳ Фирабрийнинг Али ибн Хашрам Марвазийдан ривоят қилган ҳадислари мавжуд.
Имом Байҳақий ўзининг “Ас-сунан ал-кубро” ва “Шўъбу-л-ийман” китобларида “Ҳофиз Абу Аҳмад ибн Адийнинг Абу Абдуллоҳ Фирабрийдан унинг Али ибн Хашрам Марвазий ва бошқа кишилардан ривоят қилган ҳадисларни” келтириб ўтган.
Абу Абдуллоҳ Фирабрийнинг Али ибн Хашрам Марвазийдан ҳадис эшитгани “Саҳиҳул Бухорий”нинг баъзи нусхаларида ҳам ёзилган.
Олий санадни талаб қилган кўплаб талабалар Абу Абдуллоҳ Фирабрийдан ҳадислар ривоят қилишган.
Уламоларнинг Абу Абдуллоҳ Фирабрий ҳақида айтган баъзи сўзларини келтириб ўтамиз.
Имом Абу Валид Божий: “Абу Абдуллоҳ Фирабрий сиқа (ишончли) машҳур кишидир”, деган[5].
Абу Муҳаммад Ришотий: “Абу Абдуллоҳ Фирабрий “Саҳиҳул Бухорий” китобининг ривоятидаги асосий таянчдир”, деган.
Абу Бакр Самъоний ўзининг “Амолий” номли китобида: “Абу Абдуллоҳ Фирабрий сиқа (ишончли) парҳезкор кишидир”, деган.
Ибн Рашид Фиҳрий: “Абу Абдуллоҳ Фирабрий “Саҳиҳул Бухорий” китобида мусулмонларнинг асосий таянчидир”, деган.
Яна: “Абу Абдуллоҳ Фирабрий сиқа (ишончли) амийн (ишонарли) “Саҳиҳул Бухорий” китобида мусулмонларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламгача бўлган воситаси ва уларнинг мустаҳкам арқонидир”, деб таъкидлаган.
Абу Абдуллоҳ Фирабрийнинг таржимаи ҳолини ёзган уламоларнинг деярли барчаси ҳижрий 320 йил Шаввол ойининг учинчи куни яъни, Душанба куни 90 ёшида вафот этганини таъкидлашган [6].
Аммо, фақатгина Ибн Рашид Фиҳрий ўзининг “Ифодату-н-насийҳ” номли китобида шундай дейди: “Абу Абдуллоҳ Фирабрийнинг вафот этган кунини биз Абу Зарга боғланган олий санад билан ривоят қилдик. Абу Зар: “Мен Абу Исҳоқ Мустамлийдан эшитган эдим”, деди. Абу Исҳоқ Мустамлий: “Менга етиб келган маълумотларга қараганда Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Юсуф ибн Матор Фирабрий ҳижрий 320 йил Шаввол ойининг ўнинчи куни вафот этган”, деди”.
ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР РЎЙХАТИ