Буюк Ватандошимиз Имом Абул Баракот Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Маҳмуд Насафий Насаф шаҳрида милодий XIII – XIV асрларда яшаб ўтган Ислом оламидаги машҳур муфассирлардан бири саналади. Алломанинг ижоди сермаҳсул бўлса-да, ҳаёти ҳақидаги маълумотлар афсуски манбаларда кам учрайди.
У кишининг етук олим бўлиб етишишида устозларининг хизмати катта бўлган. Ана шундай устозларидан бири таниқли олим Шамсул аимма Муҳаммад Кардарийдир. Бундан ташқари, алломанинг Ҳамидиддин Зарир Али ибн Муҳаммад ибн Али Ромиший ва Бадруддин Хавоҳарзода Муҳаммад ибн Маҳмуд ибн Абдулкарим каби устозлари ҳам бўлган. Ана шундай машҳур устозлар илмидан баҳраманд бўлган Абул Баракот Насафий “Ҳофизуд дин”, яъни “динни ҳимоя қилувчи” деган шарафли номга сазовор бўлган.
Абул Барокат Насафий фиқҳда устози Кардарийга мувофиқ Абу Ҳанифа мазҳабига эргашди. Бу манбани алломанинг ҳанафий мазҳабига асосланиб ёзилган “Канзуд дақоиқ” номли фиқҳий китоби исботлайди. Эътиқодда эса очиқдан-очиқ Имом Мотурудия таълимотини қўллаб – қувватлаган.
Абул Баракот Насафийнинг асарлари орасида энг қимматлиларидан бири бўлган ва тафсир илми бўйича аҳли илм орасида “Тафсирун Насафий” номи билан машҳур ва ҳанафий мазҳабига мувофиқ ёзилган “Мадорикут танзил ва ҳақоиқут таъвил фит тафсир” (“Тафсирдаги нозил бўлиш ва таъвил ҳақиқатларини англаш китоби”) китоби бўлиб, иборалари қисқалиги, эъроб ва қироатлардаги йўлларни жамлаб ўрта йўлни тутганлиги, аҳли сунна вал-жамоанинг сўзларини жойлаштирганлиги, биъатчи ва залолатчиларнинг ботил сўзларидан холи бўлганлиги ва исроилият қиссаларини[1] диққат билан ўрганиб жуда оз келтирганлиги билан бошқа тафсирлардан ажралиб туради. Имом Насафий ўзларининг бу тафсир китобларини таълиф қилишда имом Замахшарийнинг “Кашшоф” тафсиридан истифода қилган. Имом Насафийнинг “Мадорикут танзил” номли китоблари ҳозирги кунимизгача уламолар ва толиби илмлар орасида алоҳида қизиқиш ва катта эътибор билан шуҳрат қозониб келмоқда ва кўпгина Ислом ўқув юртларида қўлланма сифатида фойдаланиб келинмоқда. Чунки бошқа тафсир китоблари орасида катта шуҳрат қозонган “Тафсирун Насафий” асари дунё бўйича энг кенг тарқалган ва ҳанафий мазҳабига биноан ёзилган ҳамда ундаги далиллар айнан мотуридия таълимотига биноан баён этилиб, ўша даврнинг илм марказлари Бухоро ва Самарқанднинг олимлари фикрлари билан бойитилган. Абул Баракот Насафий бу тафсирида Имом Мотуридий сўзлари ва “Таъвилоту аҳли сунна” тафсиридан фойдаланади. Шу билан бирга, фиқҳий оятлар шарҳида “индана” – “бизнинг наздимизда” ёки “бизнинг мазҳабимизда” каби иборалар кўп учрайди. Тафсирнинг яна бир муҳим жиҳати бу оятларнинг филологик таҳлили усталик билан амалга оширилгани, Қуръоннинг балоғат ва фасоҳати моҳирона очиб берилганидир. Абул Баракот Насафий бу тафсирини ёзишда наҳв илмининг етук олимлари Имом Сибавайҳ, Имом Фарроларнинг фикрларидан кенг фойдаланган ва бир неча жойларда далил сифатида келтириб ўтган. Бундан ташқари, ўқувчи асардаги оятларни ҳар томонлама тушуниши учун етти хил қироатдан истифода қилган. Юқоридагилар сабаб бўлса керак, у илм аҳли орасида кўп мутолаа қилинади. Шайх Абдулазиз Мансур ҳам “Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири” китобини ёзишда ушбу асардан унумли фойдаланган. “Мадорикут танзил ва ҳақоиқут таъвил” асари бир неча асрлардан бери мадрасаларда тафсир фанидан “Тафсирул Байзовий”, “Тафсирул Жалолайн”, “Тафсир Ибн Касир” китоблари қаторида дарслик сифатида ўқитилиб келинади. Бу дарсликлар орасида айнан Ҳанафий мазҳабига оиди “Тафсирун Насафий” бўлиб, қолганлари шофиъий мазҳабидаги тафсирлардан ҳисобланади. Шу сабаб Қуръони каримни ҳанафий мазҳаби асосида ўрганмоқчи бўлганлар кўплаб маълумотларни мазкур тафсирдан олишлари мумкин. Ушбу асар охирги бор 1999 йилда Байрутнинг “Дару Ибн Касир” матбаасида нашр этилган. Абул Баракот Насафий ўз тафсирининг ёзилиш сабаби ҳақида китобнинг муқаддима қисмида шундай дейди: “Мендан яқинларим Қуръонни таъвил қилувчи, турли хил қироатлар ва ҳаракат услублари кўрсатилган, аҳли сунна вал-жамоа ақидасига мувофиқ, адашганлар ва бидъат аҳли эътиқодидан холи, малол келтирадиган даражада узун ҳамда тушунарсиз даражада қисқа бўлмаган тафсир ёзишимни сўрар эдилар. Дастлаб иккиландим. Ниҳоят, Аллоҳнинг тавфиқ ва инояти ила тафсир ёзишга киришдим ҳамда оз фурсат ичида уни ёзиб тамомладим. Китобимни “Мадорикут танзил ва ҳақоиқут таъвил” деб номладим. Аллоҳ барча ишларни енгиллаштирувчи, хоҳлаган нарсани қилишга қодир ва дуони тез ижобат қилувчи Зотдир”. Муҳаммад Заҳабий ўзининг “Ат-тафсир вал муфассирун” китобида таъкидлаганидек, “Тафсирун Насафий”нинг ёзилиш услуби муфассир олим Қози Байзовийнинг “Анворут танзил ва асрорут таъвил” (“Қуръон нурлари ва таъвил сирлари”) ва хоразмлик буюк ватандошимиз Маҳмуд Замахшарийнинг “Ал-кашшоф” (“Кашф қилувчи”) тафсирларига ўхшашдир. Лекин Байзовий шофиъий ва Замахшарий мўътазилий мазҳабида бўлгани учун ақидавий ва фиқҳий оятларнинг шарҳида ушбу учала тафсир ораларида катта фарқ борлигини таъкидлайди. Абул Баракот Насафий тафсирининг кўп жойларида машҳур муфассир саҳоба Ибн Аббоснинг ривоятларига таянади. Кейинги ўринларда эса, ўз навбатида, машҳур муфассир саҳобалар ва тобиъийнлардан Ибн Масъуд, Анас ибн Молик, Ҳасан, Убай ибн Каъб Мужоҳид кабиларнинг ривоятларидан фойдаланади. Абул Баракот Насафий ўз даврининг етук олимлари ичида катта шуҳрат қозонади. Абдулҳай Лакнавий таъбири билан айтганда: “Абул Баракот Насафий ўз даврининг беназир алломаси сифатида фиқҳ ва усул илмларида ғоятда сарбаланд, ҳадис ва унинг маъноларини тушунишда барчадан устун бўлган”. Ибн Ҳажар Асқалоний эса уни “Алломаи дунё” деган ғоятда шарафли ном билан тилга олган. Абул Барокат Насафий милодий 1310 йилда Бағдодга келади ва шу йил рабиъул аввал ойининг жума куни кечаси Бағдодда вафот этган. Аллома Исфаҳон яқинидаги Изаж (Хузистон ва Исфаҳон оралиғидаги шаҳар) шаҳрида дафн қилинган.
[1] Бани Исроил ҳалқидан Ислом умматига кириб келган қиссалар.