Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи, Республика бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков:
– Мамлакатимизда коронавирус инфекциясига чалинган фуқаролар сони 4 минг 448 нафарга етди. 3 минг 357 нафар бемор тўлиқ соғайган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги тақдим этган маълумотга кўра, шифохоналарда 1 минг 73 бемор даволанмоқда, 8 нафарининг аҳволи оғир, 1 нафарининг аҳволи ўта оғир.
Ҳурматли юртдошлар!
Коронавирус касаллиги бўйича эпидемик вазият мураккаблигича сақланиб турибди. Янги касалланиш ҳолатларининг барчаси Тошкент шаҳри аҳолиси орасидан аниқланган. Ушбу ҳолатлар бўйича эпидемик суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Биз касалликни, афсуски, кимдан, қандай йўл билан тарқалганини, касаллик манбаи кимлигини аниқлолмаган ҳолатларимиз бор.
Шундай экан, ҳар биримиз эҳтиёт чорамизни кўришимиз керак. Биринчи галда ўзимизни эҳтиёт қилсак, оила аъзоларимизни эҳтиёт қилган бўламиз. Дока ниқоб бу – ҳимоя воситаси, ундан фойдаланишимиз шарт. Мулоқотда масофани сақлашимиз, одамлар тўпланган жойларга боришдан тийилишимиз, қолаверса, уйга қайтганда дастлаб қўлларимизни антисептик воситалар билан зарарсизлантиришимиз шарт.
Манба: ЎзА