Home / МАҚОЛАЛАР / “САҲИҲ АЛ-БУХОРИЙ”НИНГ МАШҲУР АЁЛ РОВИЯСИНИ БИЛАСИЗМИ?

“САҲИҲ АЛ-БУХОРИЙ”НИНГ МАШҲУР АЁЛ РОВИЯСИНИ БИЛАСИЗМИ?

Буюк муҳаддис Имом Бухорий  ҳадисларни қанчалик эҳтиёткорлик, омонатдорлик, тақво ва холислик билан йиғиб, китоб ҳолига келтирган бўлса, бу омонатни муҳаддисдан кейинги ровийлар, котиблар, бошқа муҳаддислар ҳам худди шу каби давом эттирган. Муҳаддислик бу кўпроқ эркакларга хос бўлган эътироф бўлиб, манбаларда асосан бу соҳада эркак муҳаддисларнинг буюк хизматларини кўриш мумкин. Аммо, шундай аёллар тарихда бўлган-ки, улар ислом илмлари соҳасида эркаклардек, фақиҳ, муҳаддис, мутакаллим, муаррих бўлиб буюк даражаларга эришганлар.

Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг ҳадисларини ўрганиш ва уларни жамлаш шараф, буюк неъмат, муҳаддислик мартабаси нақадар улуғ мақом эканлигини билган аёллардан ҳам муҳаддиса (ҳадис билан шуғулланувчи аёл) ва муснида (ҳадисларни санади билан жамловчи аёл), ҳофиза (юз минг ҳадисни ёд билган аёл) каби машҳур аёллар ҳадис илми билан шуғулланганлиги манбаларда келтирилган. Бу аёллар мўминлар онаси деб таърифланган Ойша (р.а) ва Фотима (р.а)ларнинг ҳадис борасидаги ижтиҳодларига эргашиб, илм-маърифатда буюк даражаларга эришган. Улардан Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг ҳадисларини эшитиб, йиғиб, ривоят қилган машҳур аёллардан бири Карима бинти Аҳмад Марвазия бўлади. Бу аёл муҳаддиса ҳадис тарихида бошқа аёллар томонидан такрорланмас буюк хизматни амалга оширган. Имом Бухорийнинг “Саҳиҳ ал-Бухорий” асарини эшитиб, ёзиб олган ва асарнинг машҳур ровийсига айланган. Имом Заҳабийнинг “Тарихи-л-ислом” асарида Карима бинти Аҳмад Марвазия узоқ умр кўриб, юз ёшида 463/1071 йил Макка шаҳрида вафот этганлиги келтирилади[1]. Карима бинти Аҳмад Марвазияга қуйидаги: олима, муснида, ҳофиза, фозила, афифа (покиза), ҳуррия, зоҳида, улуғ она, мукаррам аёл каби таърифлар берилган. У асли Марвлик бўлиб, доимо Маккада яшаган ва шу муборак маконда ҳадисларни жамлаган. Илм талабида Сарахс, Бағдод, Байти-л-мақдис, Мадина, Дамашқ, Вустот каби шаҳарларда бўлган[2]. Муҳаддисага илм сафарида отаси ҳамроҳлик қилган ва ҳадис илми сафари тугагач, отаси билан Маккага келиб шу ерда умрини охиригача ҳадис ривоят қилган ҳамда бошқаларга ҳадис илмидан сабоқ берган.

Имом Бухорийнинг “Саҳиҳ ал-Бухорий” асарини машҳур ровийси Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Юсуф ибн Матр ибн Солиҳ ибн Бишр ал-Фирабрийдан[3] (321/933) Абу Ҳайсам Кушмиҳоний (389/999) ва ундан Карима бинти Аҳмад Марвазия “Саҳиҳ ал-Бухорий”ни эшитган. Муҳаддиса “Саҳиҳ ал-Бухорий”дан узоқ вақт Макка шаҳрида дарс айтган ва Минодаги “Хийф” масжидида туриб дарс айтганлиги ҳам манбаларда келтирилади[4]. Муҳаддисанинг ҳадис эшитган устозлари Абу Ҳайсам Муҳаммад ибн Маккий Марвазий Кушмиҳоний, Фақиҳ Муқрий Абу Али Зоҳир ибн Аҳмад Сарахсий (389/999), Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Юсуф Ардаштоний (409/1019), Абу Қосим Али ибн Муҳаммад ибн Али ибн Аҳмад Масисий Дамашқий (407/1017) ва бошқа машҳур муҳаддис ҳамда фақиҳлардан илм ўрганган[5].

Карима бинти Аҳмад Марвазия Аллоҳнинг уйи бўлган “Байтуллоҳ” ёнида Пайғамбар (с.а.в.)нинг ҳадисларидан узоқ йил дарс айтган ва бу муҳаддисадан кўплаб кишилар ҳадис эшитиб, “Саҳиҳ ал-Бухорий”нинг ровийлари бўлган. Улардан: Абу Бакр Хатиб Бағдодий, Абу Толиб Ҳусайн ибн Муҳаммад Зайбаний, Муҳаммад ибн Барокат Саъидий, Ибн Нуҳос, Абу Бакр Ҳижрий, Ҳумайдий ва бошқа машҳур муҳаддис ва муаррихлардан иборат[6].

Карима бинти Аҳмад Марвазия ҳақида замондошлари ва машҳур муаррихлар унинг оқила, обида, зеҳни ўткир, илмни забт этган, тақволи ва диёнатли эканлиги васф этилади. Жумладан, Абу Бакр Самъоний: “Мен отамдан эшитдим Карима бинти Аҳмад Марвазияни зикр этиб: “Бу каби олима, муҳаддисани инсонлар бошқа кўрмайди” дедилар” деди. Ибн Касийр муҳаддисани шундай сифатлайди: “У олима, солиҳа бўлиб, “Саҳиҳ ал-Бухорий”ни Кушмиҳонийдан эшитган. Бу китоб кейинги умматларга унинг ривояти асосида етиб келган”[7]. Имом Заҳабий ҳам муҳаддисани таърифлаб шундай деди: “Карима бинти Аҳмад Марвазия шайхия, олима, муснида, шарафли аёл. У ҳадис ривоят қилса асоси билан келтирадиган муҳаддиса бўлган. “Саҳиҳ ал-Бухорий”ни жуда кўп марта ривоят қилиб, бошқаларга ўқиб эшиттирган. Муҳаддиса юз ёшида Маккада вафот этган ҳадис илмидан чалғимаслик учун турмушга чиқмаган”[8]. Бошқа муаррихлар муҳаддисани чиройли хат соҳибаси ва моҳир хаттот бўлганлигини ҳам келтириб ўтади[9].  

Карима бинти Аҳмад Марвазия “Саҳиҳ ал-Бухорий”ни машҳур ровийси сифатида олий санад соҳибаси ва дақиқ нусхасини кейинги авлодларга етиб келишида катта хизмат қилган. Узоқ умр кўрган муҳаддиса қарийб саксон йил “Саҳиҳ ал-Бухорий”дан дарс айтган ва унинг ҳадис ривояти олий санадлиги билан ғарб ва шарқ муҳаддислари орасида машҳур бўлиб кетган. Ибн Нуқта: “Муҳаддиса ҳадисларни фақат асл матни ва олий санади билан айтган” деди[10].

Буюк муҳаддис ва муарррих Абу Бакр Хатиб Бағдодий ҳам муҳаддисанинг  шогирдларидан бўлган у 445/1053 йилда Дамашққа келган ва шу ерни ватан тутиб, муҳаддиса Каримадан “Саҳиҳ ал-Бухорий”ни эшитган[11].

Муҳаддиса узоқ йиллар Каъбани лозим тутиб шу ерда ҳадисдан дарс айтгани учун ундан кўплаб Африкадан келган муҳаддислар ҳадис ривоят қилган. Африкадаги ҳадис ровийлари  кўпроқ Карима бинти Аҳмаддан ҳадисларни эшитганлиги таъкидланади. “Муҳаммад ибн Футуҳ Ҳумайдий Маккада Карима бинти Аҳмаддан ҳадис эшитган ва бу воқеа 448/1056 йил ҳаж мавсумида бўлган”[12]. Қазвиний айтади: “Абу Қосим Абдулмалик ибн Аҳмад 459/1067 йил Маккада Карима бинти Аҳмаддан Кушмиҳоний ривояти асосида “Саҳиҳ ал-Бухорий”ни эшитган”[13].  Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Алий Ҳамадоний айтади: “Мен 463/1071 йилда ҳаж амалини бажардим ва Карима бинти Аҳмаддан “Саҳиҳ ал-Бухорий” асарини эшитдим[14].  Мазкур манбалардан муҳаддисани узоқ муддат Каъбани лозим тутиб, шу муборак ерда “Саҳиҳ ал-Бухорий”дан дарс айтганлиги маълум бўлади. Муҳаддиса яшаган юрт Марв шаҳридан кўплаб ҳадис ровийлари машҳур муҳаддислар етишиб чиққанлиги маълум. Улардан: Абдуллоҳ ибн Муборак (181/797), Абдуллоҳ ибн Усмон ибн Абдон Марвазий (221/836),  Бишр ибн Ҳорис Ҳофий Марвазий (227/842), Нуъайм ибн Ҳаммод Марвазий (228/843),  Исҳоқ ибн Роҳавай Марвазий (238/853),  Яҳё ибн Аксар Марвазий (242/857), Исҳоқ ибн Мансур  Кавзаж Марвазий (251/865),  Аҳмад ибн Сайёр Марвазий (268/882),  Абу Ҳайсум Кушмиҳоний Марвазий (389/999) “Саҳиҳ ал-Бухорий” асарининг асосий ровийси ва бошқалар.

Шунингдек, бу диёрдан эркак муҳаддислар каби машҳур аёл муҳаддислар ҳам етишиб чиққанлар. Улардан: Ойша бинти Абу Амр Марвазия Зоҳида (545/1151), унинг синглиси Уммул Фатуҳ Фотима бинти Абу Амр Марвазия Зоҳида (556/1161) бу икки муҳаддиса аёл отаси машҳур муҳаддис Абу Амр ибн Коквия Марвазийдан ҳадис ўрганган. Фотима бинти Абдужаббор Марвазия (562/1167) Ҳофиз ибн Самъонининг аёли бўлиб, у билан илм сафарида кўп марта бўлган ва кейин қайтиб келиб Марвда ҳадис айтган[15].  Шарифа бинти Аҳмад Марвазия илм сафарида бўлган Кушмиҳонийдан “Саҳиҳ ал-Бухорий”ни ривоят қилган[16]. Бу аёл муҳаддисалар ҳам машҳур бўлиб, уларнинг айтган ҳадислари санади ва матни саҳиҳ бўлган.

Марвазий номи билан машҳур бўлган кўплаб уламолар ва аёл муҳаддисалар бу юртда фаолият олиб боришган. Карима бинти Аҳмад ҳам ана шу юртдан етишиб чиқиб ҳадис илми ривожида,  айниқса,  Имом Бухорийдан кейин икки санад тартиб билан Кушмиҳонийдан “Саҳиҳ ал-Бухорий”ни ривоят қилиб, бу буюк асарнинг олтин санадида учинчи рутбадан жой олган. Карима бинти Аҳмаднинг ривояти асосида Шарқ ва Ғарблик муҳаддислардан кўплаб ҳадис ровийлари етишиб чиққан.  “Саҳиҳ ал-Бухорий” асарини олий санади билан муҳаддисадан ривоят қилган ва унинг олдига ислом оламининг кўплаб жойларидан ҳадис ўрганиш учун муҳаддислар ва илм толиблари келган. Улар Маккада ҳадис тинглашган, муҳаддисадан ҳадис айтишга ижозат олган.

Муҳаддисадан қуйидаги машҳур муҳаддислар ҳадис тинглаб, ҳадис илмида кўплаб самарали меҳнат қилганлиги манбаларда  таъкидланган:

Муҳаддис, фақиҳ, ҳофиз Абу Бакр Жамоҳир ибн Абдурраҳмон ибн Жамоҳир Ҳажарий Маккий (466/1074) Маккада муҳаддисадан 452/1060 йилларда ҳадис тинглаган.

Муҳаддис ҳофиз Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Абу Наср Футуҳ Ҳумайдий Қуртубий (488/1095) муҳаддисадан Дамашқда ва Маккада ҳадисдан дарс олган.

Андалусия муҳаддисиларидан Имом Ҳофиз Абу Али Ҳусайн ибн Муҳаммад ибн Аҳмад Ғассоний Жайёний (488/1095) “Саҳиҳ ал-Бухорий”ни Маккада эшитиб, асарни ривоят қилган. Шунингдек, Абу Муҳаммад Абдураҳмон Саҳл ибн Муҳаммад Суғрий (450/1062), Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Муҳаммад (450/1062) ва бошқа кўплаб муҳаддисларни келтириб ўтиш мумкин бўлади[17].  

Имом Бухорийнинг “Саҳиҳ ал-Бухорий” асрини асосли ва олий санад билан ривоят қилиб, Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг суннатларини кенг ёйилишида бутун умрини бахшида этган бу аёл ҳадис илми ривожида мислсиз хизматларни амалга оширган. Буюк хизматлари сабаб, мазкур нозик табиатли аёл улуғ муҳаддиса, ҳофиза, зоҳида олий санадли ровия даражасига етган. Унинг умрига Алллоҳ барака бериб, юз йиллик ҳаётини ҳадис илмига, “Саҳиҳ ал-Бухорий” асарини ривоят қилишга сарфлаган.

Карима бинти Аҳмад Марвазиянинг ҳаёти ва илмий меросини, “Саҳиҳ ал-Бухорий” асарини кейинги авлодларга етиб келишида олиб борган буюк хизматларини кенг тадқиқ этиш, илм-маърифатга бўлган аёлларга хос жасоратини кенг тарғиб этишда ёшларимиз, айниқса аёл-қизларимиз учун катта ҳаётий ибрат намунаси бор. Зеро, бугун илм олиш, ўзида маърифат ҳосил қилишни мақсад қиган ёшларимиз, аёл-қизларимиз тарихимиздаги ана шундай буюк алломаларимиз, Карима бинти Аҳмад Марвазия каби аёллардан етишиб чиққан илм-маърифат соҳибалари тарихини мукаммал ўрганмоқлари лозим бўлади.

Шукурулло Умаров,
ҳадисшунослик ихтисослиги
бўйича фалсафа доктори,
 Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот
маркази директори ўринбосари
[1] Заҳабий. Тарихи-л-ислом. 31/181.
[2] Одил ибн Абдурраҳим Аъвзий. Нашрату-ш-шаҳира мажмуаъти-л-махтутоти-л-исломия. Байрут: дору-л-илм, 2018. – Б. 247-248.
[3]  Шайх Абдусаттор. Имом Бухорий: устозлар устози, муҳаддислар имоми, мужтаҳидлар ҳужжати ва Соҳиби Жомий-л-муснади-с-саҳиҳ.  Дамашқ, Дор ал-қалам. 2007. – Б. 462.
[4] Мухтасар тарихи Дамашқ. 7/107. Имом Заҳабий. Тарихи-л-ислом. 31/181.
[5] Тазкирату-л-Ҳуффоз. 4/105.
[6] Одил ибн Абдурраҳим Аъвзий. Нашрату-ш-шаҳира мажмуаъти-л-махтутоти-л-исломия. Байрут: Дору-л-илм, 2018. – Б. 250.
[7] Ал-Бидоя ва-н-ниҳоя. 12/105.
[8] Заҳабий. Сияр. 18/233-234.
[9] Ал-Вофий би-л-вофиёт. 24/337.
[10] Сияр. 17/233-234.
[11] Сияр. 18/273.
[12] Тазкират ал-Ҳуффоз.4/1218
[13] Қазвиний. Тадвин фий ахборий Қазвин. 3/260.
[14] Сияр. 17/235.
[15] Заҳабий. Мухтасару-л-муҳтож. 15/406.
[16] Одил ибн Абдурраҳим Аъвзий. Нашрату-ш-шаҳира мажмуаъти-л-махтутоти-л-исломия. Байрут: Дору-л-илм, 2018. – Б. 248.
[17] Одил ибн Абдурраҳим Аъвзий. Нашрату-ш-шаҳира мажмуаъти-л-махтутоти-л-исломия. Байрут: Дору-л-илм, 2018. – Б. 223-258.

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …