Home / ЯНГИЛИКЛАР / Муносиб туҳфа

Муносиб туҳфа

Ислом арконларидан бири бўлган ҳаж бир вақтнинг ўзида ҳам буюк ибодат, ҳам турли юртлардан келган мусулмонларни, хусусан, уламолар ва зиёлиларни жамловчи катта анжумандир. Шу кунларда минглаб юртдошларимиз Маккаи Мукаррама ва Мадинаи Мунаввара шаҳарларида ибодат билан машғул эканлар, ҳаж зиёрати учун келган Ватанимиз аҳли илмлари ушбу фурсатдан фойдаланиб, илмий-маърифий соҳаларда халқимиз келажаги учун фойдали лойиҳалар устида изланишлар олиб бормоқда, турли юртлардан келган уламолар билан илмий учрашувлар ўтказиб, тажриба алмашмоқда.

Илмий-маърифий лойиҳалардан бири ўлароқ, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита Мадина ислом университети талабалари билан биргаликда Макка ва Мадина шаҳарларидаги кутубхоналар ва музейларда сақланаётган Мовароуннаҳр уламолари асарлари ва қўлёзмаларидан нусхалар кўчириб, бу буюк илмий меросни юртимизга қайтариш дастурини ишлаб чиқди. Ушбу дастур Президентимизнинг аждодларимиз илмий меросини ўрганиш ташаббуси натижаларидан биридир. Лойиҳани амалга оширишда Мадина ислом университети Ўзбекистон талабалари масъули Маҳмуд Усмонов билан доимий ҳамкорликни йўлга қўйди.

Шунингдек, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси Усмонхон Алимов ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Нуриймон Абулҳасан турли ислом давлатларидан келган уламолар билан бир қатор учрашувлар ўтказди. Хусусан, Мадина шаҳридаги Тойба университети профессори, ҳанафий олим, фақиҳ ва муҳаққиқ Саид Бекдош билан 30 июль куни ўтказилган илмий учрашув жуда самарали бўлди. Ушбу учрашувда шайх Саид Бекдош қадимий қўлёзмаларни жамлаб, илмий тадқиқот асосида замований шаклда нашр этиш учун тайёрлаган ҳанафий мазҳабининг қадимий, буюк ва мўътабар китобларини Ўзбекистонда илк марта чоп этишга келишиб олинди. Келишувга кўра, юртимизда яшаб ўтган буюк уламолардан бўлмиш имом Марғинонийнинг «Ҳидоя» номли асари шу йил юртимизда нашр этилади.

«Ҳидоя» китоби ислом фиқҳида, хусусан, ҳанафий мазҳабида ёзилган мўътабар ва мукаммал асарлардан биридир. Асар муаллифи имом Бурҳониддин Марғиноний милодий ХII асрнинг забардаст фақиҳи ва имоми бўлган. «Ҳидоя» асрлар давомида ислом ҳуқуқшунослиги бўйича энг машҳур манба сифатида фойдаланиб келинган бўлиб, ҳозиргача жаҳоннинг энг нуфузли олийгоҳлари фиқҳ факультетларида ушбу китоб талабалар сўнгги босқичда ўқийдиган асосий қўлланма саналади.

Мазкур муборак китобни ислом оламида биринчи марта юксак илмий тадқиқот асосида нашрга тайёрлаган профессор, шариат фанлари доктори Саид Бекдош ўнлаб китоблар муаллифи, эллик томдан ортиқ қадимий асарларни илмий тадқиқ қилиб, чоп эттирган олим ва ҳанафий мазҳабининг етук фақиҳларидандир.

Шубҳасиз, «Ҳидоя»дек буюк асарнинг ўта сифатли ҳолатда, олтмишга яқин, баъзилари қарийб саккиз юз йиллик қадимий қўлёзмалар ва 120 га яқин шарҳлар асосида нашрга тайёрланган нусхаси юртимизда чоп этилиши, аввало, Президентимиз айтганидек, буюк аждодларимиз юртимизда яшаб ўтган уламолар илмий меросиларини ўрганиш йўлидаги энг катта қадам, қолаверса, нафақат Ўзбекистон, балки Ўрта Осиё, Қозоғистон, Туркия, Покистон, Ҳиндистон, Болқон давлатлари, Татаристон ва кўплаб араб диёрларида яшовчи миллионлаб мусулмонлар учун муносиб туҳфа бўлади.

Манба: religions.uz

Check Also

“Жаҳон фалсафа куни”га бағишланди

21 ноябр куни Ўзбекистон Файласуфлари ассоциацияси, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Alfraganus университети ҳамкорлигида …

Fikr bildirish