Home / ЯНГИ НАШРЛАР / ИБРОҲИМ САФФОР БУХОРИЙ

ИБРОҲИМ САФФОР БУХОРИЙ

Китоб муаллифи: Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими Тоҳир Ибодуллаев

Китоб ҳажми: 187 бет.

Китобнинг қисқача мазмуни: Китобда ислом илмлари ривожига улкан ҳисса қўшган буюк алломаларнинг ватани – кўҳна Бухоро фарзанди, калом илми пешволаридан Иброҳим Саффор Бухорийнинг илмий мероси ҳақида сўз юритилади. Унда алломанинг Имом Мотуридий издошларидан бири экани, мотуридия таълимотининг кенг тарқалишида улкан ҳисса қўшгани эътироф этилган.

Китобда VIII-XII асрларда Мовароуннаҳрдаги илм-фан ривожи, ижтимоий, илмий-маърифий вазият, ўлкадан етишиб чиққан ҳадис, фиқҳ, тафсир, ақида илми олимлари ҳақида маълумот ўқиш мумкин.

Алломанинг тўлиқ исми Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Исмоил ибн Аҳмад Саффор Бухорий Ҳанафийдир. У тақводорлиги ва ҳанафий мазҳаби фиқҳини яхши билгани сабабли замондошлари ва олимлар томонидан “Фақиҳ” (фиқҳ илмининг чуқур билимдони), “Зоҳид” (тақводор-парҳезкор), “Рукнул Ислом” (Ислом динининг устуни) ва “Рукнуд дин” (Диннинг устуни) деган шарафли номларга сазовор бўлган.

Алломанинг исмига “Саффор” сўзининг қўшиб айтилишида икки хил қараш бор. Биринчиси, унинг Бухорода “саффор” нисбаси билан ижод қилган олимлар силсиласидан эканлиги сабаблидир. Иккинчиси эса унинг касби сабаб бўлган. Чунки “саффор” арабчада “мисгар” деган маънони англатади.

Саффор Бухорийнинг отаси, бобоси, катта боболари ҳам ҳанафий-мотуридий олимлардан бўлишган. Салжуқийлар ҳукмронлиги даврида Бухородаги диний соҳадаги раҳбарлик лавозимларида фаолият юритишган. Саффор Бухорий 1139 йили Бухорода вафот этган.

Алломанинг устозлари ўз даврининг энг пешқадам уламоларидан бўлган. Улар қаторида Абу Ҳафс Умар ибн Мансур Баззоз, Абу Муҳаммад Абдулазиз Кирмоний, Абу Муҳаммад Фазл Карудий каби олимларни санаш мумкин.

Китобда Саффор Бухорийнинг қатор асарлари билан ҳам танишиш мумкин. Аллома қаламига мансуб “Талхийсул адилла ли қоваидит тавҳид” (Тавҳид қоидалари учун хос далиллар), “Рисола фил калом” (Калом илми ҳақида рисола), “Китобул фусул” (Боблар ҳақида китоб), “ал-Ибона ан исботир рисола” (Пайғамбарликнинг исботи ҳақидаги изоҳ), “Китобус сунна вал жамоа” (Суннат ва жамоатга эргашганлар китоби), “Соккул жанна” (Жаннат йўли) ва “Баёнут тавҳид” (Тавҳид баёни) номли асарлари бўлганлиги ҳақидаги маълумотлар келтирилган. Саффор томонидан ёзиб қолдирилган “Талхийсул адилла ли қоваидит тавҳид” ва “Рисола фил калом” номли икки асар ҳозирги кунимизгача дунё китоб фондларида сақланади.

 “Талхийсул адилла ли қоваидит тавҳид” ақида илмига оид муҳим асар ҳисобланади. Ушбу асарнинг бизгача 8 та қўлёзма нусхаси етиб келган. Мазкур китоб устида Лондон университети тадқиқотчиси Муиз Гориавала, Қоҳира университети олими Ҳишом Иброҳим Маҳмуд ва германиялик олима Анжелика Бродерсин илмий изланиш олиб борганлар. Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими Т.Ибодуллаевнинг мазкур тадқиқоти ушбу йўналишдаги ишларнинг мантиқий давоми бўлди.

“Рисола фил калом” асари ҳам ақида илмига бағишланган бўлиб, китоб савол-жавоб шаклида ёзилган. Китобдаги барча саволларга Саффор Бухорий жавоб берган. Китобда Аллоҳга ишониш, Қуръони каримга имон, Аллоҳни кўриш, ризқ, раҳбарлик каби масалаларда сўз юритилган.

Саффор Бухорий ўз даврида Имом Мотуридий таълимоти ва қарашларини кенг миқёсда ўрганиб ўз асарларида ҳам бунга катта эътибор қаратган. Унинг “Талхийсул адилла ли қоваидит тавҳид” асарининг “Халифалик” бобида айрим диний ақийдапарст оқимларнинг “Бугунги кунда бутун дунё мусулмонлари халифалик давлатини тузиб, унинг байроғи остида бирлашиши керак” деган сохта даъволарига ишончли раддиялар берилган. Асарда халифалик ва имомат масласига иймон келтириш вожиблиги уқтирилган.

Халифалик пайғамбар алайҳис салом вафотидан сўнг ўттиз йил бўлиши ва ундан сўнг, Аллоҳ ҳоҳлаган инсонига подшоҳликни бериши ҳақидаги таълимотлар келтирилган.

 “Рисола фил калом” асарида эса, аҳли сунна уламолари наздида ҳаром ҳам ҳалол каби ризқ бўла олишини таъкидлаб шундай дейди: “Ризқ жумла инсонлар орасида жон сақлаб туриш учун сабаб, аслида жонни сақлаб турувчи эса Аллоҳнинг Ўзидир.

Ҳалол ва ҳаром билан бандаларнинг ҳаракатлари ва бажараётган ишлари белгиланиб, банда сабабларни ишга солаётганда унга ҳалол учун савоб, ҳаром учун эса гуноҳ ҳосил бўлади. Уларнинг ҳаракатига ва бажараётган ишларига қаралади: агар Аллоҳ томонидан ваъда қилинган ризқ олди-сотди, даромад олиш, ҳадя, садақа ва шунга ўхшаган шариатда рухсат берилган ишларни бажаришдан иборат бўлса, банданинг эгалик қилган нарсаси ҳалол деган тус олади ва у бунинг учун савоб олади.

Аммо ҳаром тусини олган тақиқланган ишларни бажарса, унинг ортидан гуноҳ ва жазо келади. Шундан келиб чиқиб, аҳли сунна вал жамоа уламолари наздида ҳалол ҳам, ҳаром ҳам ризқ бўла олиши ўз исботини топган.

Саффор Бухорийдан ҳаром ҳам ҳалолга ўхшаб Аллоҳ таоло томонидан ризқ бўладиган бўлса, нима учун бандалар ҳаром учун   жазоланадилар, деб сўрашганда, у зот:  “Банда Аллоҳ таолонинг ваъдасида бўлган мутлақ ризқ учун эмас, балки ҳаромдан ризқ топаман деб сабабларга қўл ургани учунгина жазоланади” деб жавоб берганлар.

Асарда алломанинг ҳаёти, илмий-ижодий фаолияти атрофлича таҳлил этилган. Иброҳим Саффор Бухорийнинг “Рисола фил калом” китобининг Истанбул шаҳридаги “Сулаймония” кутубхонасида сақланаётган нусхаси асосида унинг ўзбек тилига таржимаси амалга оширилган.

Китобни нашрга тайёрлашда калом илми уламоларининг илмий мероси ёритилган маҳаллий ва хорижий адабиётлардан кенг фойдаланилган.

Китобда ақида масалаларига доир савол-жавоблар ҳам келтирилган. Ўқувчига қулай бўлиши учун араб хатида ўзбекча таржимаси билан берилган.

Check Also

Ислоҳотлар – соҳа ривожининг асоси

Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрида 17 май куни ислом динининг Ҳанафий-Мотуридий талқинига бағишланган халқаро симпозиум бошланди. …