Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи, Республика бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков:
– Мамлакатимизда айни дақиқаларга келиб, коронавирус касаллиги билан 1380 бемор рўйхатга олинган. Вирусология илмий-текшириш институтидан олинган маълумотга кўра, ушбу институт клиникасида даволанаётган 102 беморнинг 27 нафарида пневмония клиник белгилари кузатиляпти, 4 нафарининг аҳволи оғир, 1 нафарининг аҳволи ўта оғир. Эпидемиология-микробиология ва юқумли касалликлар илмий текшириш институтида даволанаётган 98 бемордан 2 нафарининг аҳволи оғир. Тошкент тиббиёт академияси кўп тармоқли клиникасида даволанаётган 135 бемордан 35 нафарида пневмония клиник белгилари бор, 8 нафарининг аҳволи оғир, 1 нафарининг аҳволи ўта оғир, деб баҳоланяпти.
Бугунги кунга келиб 91 мингдан зиёд фуқаромиз карантинда бўлиб турибди.
Ҳурматли юртдошлар!
Уйда туриб ортиқча мулоқотларни чегараласангиз, вазият барқарорлашувига эришиш мумкин. Олиб борилаётган тадбирлар, амалга оширилаётган ишлар, албатта ўз самарасини беради. Яхши кунлар янада яқинлашиши учун сиз ҳам иштирокчига айланинг, уйда қолинг!