Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи, Республика бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков:
– Мамлакатимизда айни дақиқаларга келиб, коронавирус касаллиги билан рўйхатга олинган беморлар сони 534 нафарни ташкил этди. Вирусология илмий-текшириш институтидан олинган маълумотга кўра, ушбу институт клиникасида даволанаётган 98 беморнинг 25 нафарида пневмония белгилари кузатиляпти, 7 нафарининг аҳволи оғир. Эпидемиология-микробиология ва юқумли касалликлар илмий текшириш институтида даволанаётган 69 бемордан 3 нафарининг аҳволи оғир, деб баҳоланяпти.
Мамлакатимизда карантин тадбирлари давом этяпти. Шу пайтга қадар 180 мингга яқин одам карантин муддатини ўтаб, касаллик тасдиқланмаганлиги учун уйига жавоб берилди. Ҳозирги пайтга келиб 86 мингдан кўпроқ фуқаромиз уй ва стационар шароитида карантин тадбирларини ўтаяпти. Стационар шароитда карантин тадбирларини ўтаётганлар сони 23 мингдан кўпроқни ташкил этади.
Ҳурматли юртдошлар!
Кейинги пайтлар касаллик кўрсаткичи тобора ортиб бораётганидан хабарингиз бор. Куни кеча бир куннинг ўзида коронавирус инфекциясига 5 минг 800 дан кўпроқ таҳлил ўтказилди. Натижада 0,87 фоиз ҳолатда касаллик аниқлангани маълум бўлди. Бундан кўриниб турибдики, касаллик аниқланиши умумий текширишлар сонига нисбатан ҳали юқори фоизни ташкил этаётгани йўқ. Лекин мутлоқ сонда касаллик ортиб боришининг асосий сабаби биз карантин муддатини ўтаётган одамлар орасида текширишни кўпроқ амалга ошираётганимизда.
Карантин даврида сабр-қаноат билан айтилган тавсияларга итоат қилган ҳолда уйда қоладиган бўлсак касалликка чалинмаймиз. Касаллик кенг кўламда тарқалиб кетишига йўл қўймаймиз. Шундай экан, касаллик ортишига сабабчи бўлмайман, десангиз уйда қолинг ва айтилган тавсияларга тўлиқ риоя қилинг. Ҳамжиҳатлик, тартиб-интизом бўлсагина бу касалликни енга оламиз. Дунёдаги вазият барчамизни огоҳликка чорлаши керак!
Манба:ЎзА