Дарҳақиқат жуда кўп ояти карималарда ва яна Пайғамбаримиз (с.а.в) ҳадисларида мусулмонлар ҳаётининг барча жабҳалари қатори улар саломатлигини сақлашлик, касалликларни даволаш ва бошқа муҳим масалалар жуда кўп баён қилинган.
Пайғамбаримиз (с.а.в) таълим берган муолажа усуллари, шифобахш таомлар ва дорилар, овқат истеъмол қилиш ва ичимлик ичиш қоидалари асрлар мобайнида умматга хизмат қилиб келмоқда.
Аллоҳ таоло бандаларини баъзи-баъзида, айримларини бир умрга турли касалликлар ёки бирор бир мусибатлар билан имтихон қилиб синовга солиб туради. Айниқса Ўзи суйган бандаларига дард ва хасталикни, оғриқ ва беморликни кўпроқ беради. Инсон касалликни фақат сабабларга боғламоқлиги қанчалик жоҳиллик бўлса, касаллик, дард келганида даволанмаслик ҳам шунчалик жаҳолатдир. Ваҳоланки динимизда даволанишга рухсат берилган. Аммо шуни ҳам билишлигимиз зарур бўладики беморлик, дард бу Аллоҳ таолонинг бандага юборган бир неъмати, имтиҳони ҳисобланади. Аллоҳ мана шу чеккан дарди туфайли унинг гуноҳлари кечирилади, амаллар китобига катта савоблар ёзилади, охиратдаги мартаба-мақоми зиёда бўлади. Бу ажр мукофотларга ким эга бўлади? деган савол пайдо бўлиши табиийдир.
Қачонийки турли хил мусибат ва оғир касаллик етганда эмас, балки, ундан аввал ҳам доимо шукр ва сабр билан ибодатда ҳаёт кечирган бўлса эга бўлади. Инсонга касаллик ва мусибат етган вақтда Аллоҳни кўп эслайди ва зикр қилади ваҳоланки инсон хурсандчиликда ҳам хафачиликда доимо Аллоҳни эсламоқлиги, зикр қилмоғи зарур. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Бас, қачон инсонга бирор зиён етса, бизга дуо қилур. Сўнгра, қачон Биз ўз томонимиздан унга бирор неъмат ато этсак. У, шубҳасиз, бу (неъмат) менга ўзимнинг билимдонлигим сабабли берилди”, – дер. Аслида у синовдир. Лекин уларнинг аксарияти (бунинг синов эканини) билмаслар” – деб марҳамат қилган.
Динимиз манбаларига кўра очлик ва ташналикни кетказадиган миқдорда еб-ичиш мустаҳабдир. Ана шу миқдордагиси инсон жисмининг ва ҳис қилиш аъзоларининг соғлом бўлиши учун етарлидир. Эҳтиёждан ортиқча миқдорда еб-ичишни баъзилар ҳаром, айрим олимлар макруҳ деб айтганлар. Сабаби ортиқча кўп емоқлик кишини дангаса, лоқайд, беғам қилиб қўйишдан ташқари, унинг соғлиғига ҳам катта зарар етказади ва турли хил касалликларни келиб чиқишига сабаб бўлади. Бундан ташқари инсон танасидаги бир аъзо борки уни ҳар томонлама саломат бўлишлиги катта бир бойлик ва жуда улуғ бир неъмат.
Набий (с.а.в) муборак ҳадисларининг бирида: “Танада бир аъзо борки, агар у соғлом бўлса, барча аъзолар ҳам соғлом бўлади, агар у касал бўлса, қолган аъзолар ҳам касал бўлади. Билиб қўйингларки, у – қалбдир”,- дедилар. Қалб саломатлиги бошқа аъзоларнинг соғлом бўлишлигида муҳим ўрин тутар экан, демак амалларнинг чиройли ва солиҳ бўлишлиги ҳам қалбнинг тўғри ва солиҳ бўлишига боғлиқдир.
Инсон ўз нафсини тия билишлиги лозим, акс ҳолда бу нафс нималарга бошламайди дейсиз. Ўтган улуғлар бежизга “Манинг нафсим балодир, ўтдан чўққа солодур”– деб айтмаганлар. Бир донишманддан: “Дарднинг келиши нимадан?”– деб сўрашибди. У донишманд: “Нафснинг ёмонлигидан”– деб жавоб берибди. Яна сўрашибди: “Бунинг давоси нимада?”. Жавоб берибдики “Нафсни тийиш”да.
Имом Қуртубий айтадилар: “Касалликнинг давоси икки қисмдан иборат: ярми дори дармон, ярми эса парҳез. Иккиси бир бўлдими, бемор соғайиб оёққа турди, деявер”-дедилар инша Аллоҳ.