Ислом дини келмасидан олдинги араб бўлмаган инсонларнинг кўпчилиги ҳуқуқий низом ва қонунларни самовий рисолалардан мерос қилиб олишган. Улар Аллоҳ таоло нозил қилган Яҳудий, Насроний ва Собиийн (Пайғамбаримиз келишларидан олдин араб мушрикларидан бир гуруҳлари ўз қавмларининг буту санамларга сиғинишларини ёқтирмай, ўзлари янги ақида ахтариб, охири, Иброҳим алайҳиссалом динида юрамиз, деб қавмларидан ажраб чиққан кишилар) каби динларнинг меросхўрлари эди. Турмуш тарзларида ўша динлар асосида баъзи қонунларга амал қилишган. Шунингдек, уларни ўрганишган, ёзишган, татбиқ этишган ва авлоддан авлодга мерос қолдиришган. Дарҳақиқат, уларнинг ичидан қонун-қоидаларни ишлаб чиққан, фиқҳ билан танилган ва машҳур бўлган одамлар бўлган.
Тарихчиларнинг айтишича, Ироқдаги Хамурапи давлатининг тошга ўйилиб ёзилган, ичида бир юз йигирмадан зиёд қонун-қоида моддаси бўлган. Эски Бобил давридаги қонунчилиги, милоддан аввалги 1750-йилларда шоҳ Хамурапининг даврида тузилган. Дунёдаги энг қадимий ҳуқуқий ёдгорликлардан биридир[1]. Мусо алайиссаломга нозил қилинган Таврот қонуни ва Хамурапи қонуни ўртасида катта ўхшашлик бўлган. Мусо алайиссалом Хамурапидан 400 йил кейин туғилган, улар орасида жуда кўп вақт оралиғи мавжуд бўлишига қарамай, Тавротда шунга ўхшаш қонунларни топган.
Хамурапи шариатидаги энг муҳим ҳуқуқий қонунларига қуллар, қарз, никоҳ, мерос ва тижорат масалалари, жиноятлар учун жазо даражасини белгилайдиган кўплаб қонун-қоидалар белгиланган[2]. Ундаги баъзи қонунлардан мисоллар: 18-рақам қонуни: Агар хизматкор хўжайинига итоат қилмаса, ходим уни саройга олиб келиб, у билан тергов ўтказиши ва кейин уни хўжайинига қайтариши керак. 48-рақам қонуни: Агар бирон бир одам бошқа одамдан қарздор бўлса, унинг ҳосилига йил давомида қирғоқчилик, шамол ва бошқа сабабли талофат етса, қарз эгасига ўша йили дон бермайди. Шунингдек, ижара ҳақини ҳам тўламайди. 161-рақам қонуни: Агар эркак бир аёлга уйланса, фарзандлар туққандан кейин вафот этса, аёлнинг маҳри болаларига тегишли бўлади. 209-рақам қонуни: Агар эркак ҳомиладор аёлни урса ва бу унинг ҳомиласини йўқотишига олиб келадиган бўлса, у шу сабаб ўн мисқол тўлайди.
Бундан ташқари уларнинг ҳуқуқий қонун-қоидаларида суд, гувоҳлар, ўғирлик, талончилик, ҳарбий ишлар, ерлар, боғлар ва уйлар билан боғлиқ масалалар. Улгуржи дўконлар, савдогарлар, гаровга олинганлар билан иш олиб боришга тегишли масалалар. Шунингдек, оилавий ишлар, уларнинг ҳуқуқлари, жарималарни тўлаш ва шартномалар, гаровларни бузиш, тўловлар, нархларни белгилаш, ҳайвонлар ва одамларнинг иш ҳақи билан боғлиқ масалаларни ўз ичига олган.
Яна бизга маълум бўлган Рум, Юнон, Афина ва Форснинг Сосонийлар ҳуқуқий қонун-қоидаларини келтириш мумкин. Уларнинг қонунчиликларида ҳам ўзига яраша инсонийликни ҳимоя қиладиган қонунлари бўлган. У қонунларнинг барчаси аввалги пайғамбарлар шариатига тўғри келавермаган. Шундай қилиб исломдан олдин араб бўлмаган халқларнинг ўз қонун-қоидалари бўлиб, улар ичида самовий китоблардан олинган шариат кўрсатмалари ҳам акс этган. Аммо инсонпарврликка мос келмайдиган қоидалари кўп бўлган.
Ер юзида ҳокимлик фақат Аллоҳ таолога бўлиб, унга ҳеч ким шериклик қила олмайди. Шу сабабли, Ўзининг элчиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни ердаги вазиятни ва Аллоҳ таолонинг йўлидан узоқлашган одамларни ислоҳ қилгани жўнатди. Инсонлар Раббисига ибодат қилишлари учун Ўз пайғамбарини уларга раҳмат қилиб юборди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг рисолатлари оламлар учун раҳмат эди. Чунки у зот бутун инсониятга юборилган элчи эдилар. Бунга Қуръони каримда келган бир неча оятни далил қилса бўлади: “Биз сени фақат оламларга раҳмат қилиб юбордик”[3],
“Биз сени одамларга Пайғамбар қилиб юбордик. Шоҳидликка Аллоҳнинг Ўзи кифоя қилур”[4],
“Сен: “Эй одамлар, албатта, мен сизларнинг барчангизга, осмонлару ернинг мулки Уники бўлган, Ундан ўзга илоҳ йўқ бўлган ва тирилтириб ўлдирадиган Аллоҳнинг Пайғамбаридирман. Бас, Аллоҳга ҳамда Унинг Аллоҳ ва Унинг калималарига иймон келтирадиган уммий элчисига–Пайғамбарига иймон келтиринг. Ва унга эргашинг, шоядки ҳидоят топсангиз”, деб айт”[5] .
“Эй одамлар! Сизга ўз Роббингиздан мавъиза, кўксингиздаги нарсага шифо, мўминларга ҳидоят ва раҳмат келди”[6].
Аввалги Пайғамбарлар ўз қавмлари ва ўз замонларига, ўзларидан сўнг янги Пайғамбар келгунча бўлган даврга Пайғамбар бўлганлар. Улар инсоният тарихининг маълум бир даври учун масъул бўлганлар. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам эса, бутун олам халқларига ва қиёматга қадар кечадиган замонларга Пайғамбар бўлиб келдилар. У зотнинг шариатлари вақт ўтиши билан эскириб қолмайди, балки қиёматгача қоладиган шариатдир.