Home / Имом Бухорий ҳадислари / Фарзанд ота-онасининг қарғишига қолмаслик пайидан бўлиши керак

Фарзанд ота-онасининг қарғишига қолмаслик пайидан бўлиши керак

16-боб. Ота-онанинг йиҒиси

31 – عَنْ طَيْسَلَةَ؛ أَنَّهُ سَمِعَابْنَ عُمَرَ يَقُولُ: بُكَاءُ الْوَالِدَيْنِ مِنَ الْعُقُوقِ وَالْكَبَائِرِ.

31. Тойсаладан ривоят қилинади:

«У киши Ибн Умар розияллоҳу анҳунинг «Ота-онани йиғлатиш оқ бўлишдир ва гуноҳи кабиралардандир», деганини эшитган экан».

Шарҳ: Демак, нотўғри муомала, гап-сўз ёки қандайдир хатти-ҳаракат оқибатида фарзанд ота-онанинг йиғлашига сабаб бўлса, оқ бўлган саналади, яъни улкан гуноҳ содир қилган бўлади. Шунинг учун ҳар бир мўмин-мусулмон фарзанд зинҳор ва зинҳор ота-онасини хафа қилмаслиги ва уларнинг кўзига ёш келишига сабаб бўлиб қолмасликка ҳаракат қилиши, уриниши лозим экан.

17 – بَابُ دَعْوَةِ الْوَالِدَيْنِ

17-боб. Ота-онанинг дуоси

32 – عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ قَالَ: قَالَ النَّبِيُّ r: «ثَلَاثُ دَعَوَاتٍ مُسْتَجَابَاتٌ لَهُنَّ، لَا شَكَّ فِيهِنَّ: دَعْوَةُ الْمَظْلُومِ، وَدَعْوَةُ الْمُسَافِرِ، وَدَعْوَةُ الْوَالِدَيْنِ عَلَى وَلَدِهِمَا».

32. Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Учта дуошак-шубҳасиз қабул бўлади: мазлумнинг дуоси, мусофирнинг дуоси ва ота-онанинг фарзандлари зиддига қилган дуоси», дедилар».

Шарҳ: Уч тоифа одамнинг дуоси шак-шубҳасиз қабул бўлар экан.

Биринчиси: ким бўлишидан қатъиназар, ноҳақдан зулмга қолган инсон зулмга қолгани сабабли дуо қилса, дуоси ижобат бўлади.

«Зулм»нинг луғавий маъноси «бирор нарсани ўз ўрнидан бошқа ерга қўйиш»дир. Демак, бир одамга зулм бўлса, у одам ноҳақ жабр чекади. Аслида жабр чекмаслиги керак эди. Ана шундай ҳолатга дучор бўлгани учун Аллоҳ таоло у банданинг дуоси қабул бўладиган ҳолатга келтириб қўйган экан.

Демак, мазлумлардан дуо сўраш ва уларнинг дуоибадига қолмаслик учун ҳаракат қилиш керак бўлади.

Иккинчиси – мусофирнинг дуоси. Мусофир инсоннинг ҳам дуоси қабул бўлар экан,чунки банда сафарда юрганида Аллоҳга яқин бўлади. Бола-чақадан, қавм-қариндошдан, бошқа қулайликлардан ва ўрганиб қолган жойларидан узоқда қийинчиликни бўйнига олиб, Аллоҳга таваккул қилиб юрган бўлади. Ўша вақтда банданинг Аллоҳга яқинлиги кучли бўлади. Шунинг учун соф қалбли, ибодатли, эътиқодли, Аллоҳнинг айтганини қилиб юрган, шариатни маҳкам тутган мусофирнинг дуоси мақбул.

Мусофирларга нон-сув бериш, уларга ёрдамдан бўйин товламаслик мўмин-мусулмонларга одат бўлганининг сабаби ҳам шудир. Мусофирнинг дуосини олиб қолиш, унинг кўнглини қолдирмаслик, дуоибадига учрамаслик учун қадим-қадимдан мўмин-мусулмонлар мусофирларга ҳар доим яхши муомала қилиб келганлар– ўз уйларидан жой берганлар,ўзлари емай, уларга едирганлар. Мусофир муҳтож бўлган барча ёрдамларни беришга уринишган ва кўпгина бошқа хайр-барака ишларини қилишган.

Учинчиси – ота-онанинг ўз фарзандига қилган баддуоси. Ота-она фарзанди учун қандай дуо қилса, ҳеч шак-шубҳасиз қабул бўлар экан. Шунинг учун фарзанд доимо ота-онанинг яхши, хайрли дуосини олишга ҳаракат қилиши, ота-она эса доимо хайрли дуо қилиб, дуоибад қилишдан ўзини сақлаб, фарзандидан маълум бир хатолар ўтса, камчиликлар содир бўлса, сабр қилиб, ёмон дуо қилишга шошилмаслиги керак бўлади.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1.Дуоларнинг ичида шак-шубҳасиз қабул бўладиганлари борлиги.

2. Мазлумнинг дуоси шак-шубҳасиз қабул бўлиши.

3. Мусофирнинг дуоси шак-шубҳасиз қабул бўлиши.

4. Ота-онанинг фарзандига қилган дуоси шак-шубҳасиз қабул бўлиши.

33 – عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَقَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِrيَقُولُ:«مَا تَكَلَّمَ مَوْلُودٌ مِنَ النَّاسِ فِي مَهْدٍإِلَّا عِيسَى بْنُ مَرْيَمَ وَصَاحِبُ جُرَيْجٍ». قِيلَ: يَا نَبِيَّ اللهِ، وَمَا صَاحِبُ جُرَيْجٍ؟ قَالَ:«فَإِنَّ جُرَيْجًا كَانَ رَجُلًا رَاهِبًا فِي صَوْمَعَةٍ لَهُ، وَكَانَ رَاعِيُ بَقَرٍ يَأْوِي إِلَى أَسْفَلِ صَوْمَعَتِهِ. وَكَانَتِ امْرَأَةٌ مِنْ أَهْلِ الْقَرْيَةِ تَخْتَلِفُإِلَى الرَّاعِي. فَأَتَتْ أُمُّهُ يَوْمًا فَقَالَتْ: يَا جُرَيْجُ! وَهُوَ يُصَلِّي، فَقَالَ فِي نَفْسِهِ، وَهُوَ يُصَلِّي: أُمِّي وَصَلَاتِي؟ فَرَأَى أَنْ يُؤْثِرَ صَلَاتَهُ. ثُمَّ صَرَخَتْ بِهِ الثَّانِيَةَ، فَقَالَ فِي نَفْسِهِ: أُمِّي وَصَلَاتِي؟ فَرَأَى أَنْ يُؤْثِرَ صَلَاتَهُ. ثُمَّ صَرَخَتْ بِهِ الثَّالِثَةَ، فَقَالَ: أُمِّي وَصَلَاتِي؟ فَرَأَى أَنْ يُؤْثِرَ صَلَاتَهُ. فَلَمَّا لَمْ يُجِبْهَا قَالَتْ: لَا أَمَاتَكَ اللهُ يَا جُرَيْجُ! حَتَّى تَنْظُرَ فِي وَجْهِ الْمُومِسَاتِ. ثُمَّ انْصَرَفَتْ. فَأُتِيَ الْمَلِكُ بِتِلْكَ الْمَرْأَةِ وَلَدَتْ، فَقَالَ: مِمَّنْ؟ قَالَتْ: مِنْ جُرَيْجٍ، قَالَ: أَصَاحِبُ الصَّوْمَعَةِ؟ قَالَتْ: نَعَمْ، قَالَ: اهْدِمُوا صَوْمَعَتَهُ، وَأْتُونِي بِهِ، فَضَرَبُوا صَوْمَعَتَهُ بِالْفُئُوسِ حَتَّى وَقَعَتْ. فَجَعَلُوا يَدَهُإِلَى عُنُقِهِ بِحَبْلٍ، ثُمَّ انْطَلَقَ بِهِ، فَمَرَّ بِهِ عَلَى الْمُومِسَاتِ، فَرَآهُنَّ فَتَبَسَّمَ، وَهُنَّ يَنْظُرْنَإِلَيْهِ فِي النَّاسِ. فَقَالَ الْمَلِكُ: مَا تَزْعَمُ هَذِهِ؟ قَالَ: مَا تَزْعَمُ؟ قَالَ: تَزْعَمُ أَنَّ وَلَدَهَا مِنْكَ. قَالَ: أَنْتِ تَزْعَمِينَ؟ قَالَتْ: نَعَمْ، قَالَ: أَيْنَ هَذَا الصَّغِيرُ؟ قَالُوا: هُوَ ذَا فِي حِجْرِهَا. فَأَقْبَلَ عَلَيْهِ فَقَالَ: مَنْ أَبُوكَ؟ قَالَ: رَاعِيُ الْبَقَرِ. قَالَ الْمَلِكُ: أَنَجْعَلُ صَوْمَعَتَكَ مِنْ ذَهَبٍ؟ قَالَ: لَا. قَالَ: مِنْ فِضَّةٍ؟ قَالَ: لَا. قَالَ: فَمَا نَجْعَلُهَا؟ قَالَ: رُدُّوهَا كَمَا كَانَتْ. قَالَ: فَمَا الَّذِي تَبَسَّمْتَ؟ قَالَ: أَمْرًا عَرَفْتُهُ، أَدْرَكَتْنِي دَعْوَةُ أُمِّي، ثُمَّ أَخْبَرَهُمْ».

33. Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитганман:

«Биронта одам бешикдалигида гапирмаган. Фақат Ийсо ибн Марям алайҳиссалом ва Журайж соҳиби гапирган».

«Эй Аллоҳнинг Расули! Журайж соҳиби ким?»дейишди.

«Журайж ўз ибодатхонасида роҳиб эди. Унинг ибодатхонасидан пастроқда бир молбоқар ҳам бор эди. Ўша қишлоқда яшовчи бир (бузуқ) аёл чўпоннинг олдига бориб-келиб турарди.

Бир куни онаси келиб, «Эй Журайж!» деб уни чақирди. У намоз ўқиётган эди. Намозида «Онамни ихтиёр қилсаммикан, намозимними?»деб ўйлади. Кейин намозни устун кўрди.

Кейин онаси уни иккинчи марта баланд овоз билан чақирди. У яна «Онамни ихтиёр қилсаммикан, намозимними?»деб ўйлади-да, яна намозни устун кўрди.

Онаси учинчи марта чақирди. У яна «Онамни ихтиёр қилсаммикан, намозимними?»деб ўйлади-да, яна намозни устун кўрди.

Жавоб бермаганидан кейин онаси: «Эй Журайж, нопок аёлларнинг юзини кўрмагунингча Аллоҳ сени ўлдирмасин!» деди-да, қайтиб кетди.

Бир куни бояги бузуқ аёлни боласи билан подшоҳнинг ҳузурига судраб келишди.

«Кимдан?»деб сўради.

«Журайждан», деди аёл.

«Ибодатхона соҳибими?» деди.

«Ҳа», деди аёл.

«Ибодатхонасини бузиб ташлаб, ўзини менга келтиринглар!» деди подшоҳ.

Ибодатхонасини чўқморлар билан уриб, ер билан яксон қилишди. Ўзининг қўлини бўйнига арқон билан боғлаб, олиб кетишди. Уни нопок аёллар олдидан олиб ўтишди. Уларни кўриб, табассум қилди. Улар эса одамлар ичидан унга қараб турар эдилар.

Подшоҳ:

«Манави аёл нимани даъво қиляпти?» деди.

«Нимани даъво қиляпти?» деди у.

«Боласи сендан эканини даъво қилмоқда», деди.

«Сен шуни даъво қиляпсанми?!» деди у.

«Ҳа», деди аёл.

«Ўша бола қани?» деди у.

«Ана, онасининг қучоғида!»дейишди.

Шунда Журайж унга қараб:

«Сенинг отанг ким?» деди.

«Молбоқар», деди бола.

Шунда подшоҳ:

«Ибодатхонангни тилладан қилиб берайликми?» деди.

«Йўқ», деди.

«Кумушдан қилиб берайликми?» деди подшоҳ.

«Йўқ», деди.

«Нимадан қилиб берайлик?» деди подшоҳ.

«Ўзи қандай бўлган бўлса, шундай қилиб беринглар», деди. Шунда подшоҳ:

«Боя нима учун табассум қилдинг?» деди.

«Ўзим билган ишга. Мени онамнинг дуоси урди», деди ва бўлган воқеани айтиб берди».

Шарҳ: Бу ерда онанинг дуоси қанчалик ўткирлигининг исботи намоён бўлмоқда. Бўлмаса, Журайж ҳаётида гуноҳ қилмаган, умрини ибодатхонадан чиқмай, ибодат билан ўтказаётган одам эди.

Бу ҳадисдан бошқа ривоятларда бояги бузуқ аёл Журайжнинг олдига келади, зинога чақиради, Журайж уни ҳайдаб чиқаради. Шунинг учун аёл чўпон билан зино қилиб, сўнг қасддан Журайжга туҳмат қилади.

Шу қадар ўзини гуноҳдан сақлаган, доимо ибодатда бўлган одам ҳам намозда туриб, онасига жавоб бермагани учун онанинг мазкур дуосига қолди.

Бу воқеа бизнинг умматда эмас, Бану Исроилда бўлиб ўтган. Уларнинг шариатида намоздаги кишига гапириш ва намоз ўқиётган одам ҳам гапириши мумкин бўлган.

Бизда бу каби нарсалар намозда мумкин эмас. Бизда намоз ўқиётган шахсни ота-онаси чақириб қолса, фарз намозни бузиб бўлмайди. Нафл намозни ота-она чақириб қолганда бузиш ёки бузмаслик ҳақида ҳанафий уламолардан Айний мумкин эмас, деса, Ибн Обидин мумкин, дейди.

Шунингдек, бу ривоятда фақат икки шахс гўдаклигида гапиргани ҳақида сўз кетмоқда.

Аслида булардан бошқа яна икки гўдак – Юсуф алайҳиссаломга гувоҳлик берган гўдак ва Ухдудга (олов ёниб турган чуқурга) ташланаётган аёлнинг гўдаги ҳам гапирган.Шундан келиб чиқиб, бу ривоятдаги гапни Ийсо алайҳиссалом даврида фақат икки киши бешикдан туриб гапирган, деб тушунилади.

Ушбу ҳадисдан ота-онанинг дуоси ҳар қандай ҳолатда ҳам албатта мустажоб бўлишини тушуниб оламиз.Шунинг учун ҳар бир мўмин-мусулмон фарзанд ота-онасининг қарғишига қолмаслик пайидан бўлиши керак.

Ушбу ривоятдан олинадиган фойдалар:

1. Бирор нарсанинг аҳамиятини англатиш мақсадида ўтган умматларнинг қиссасини келтириш мумкинлиги.

2. Онанинг боладаги ҳаққи улуғлиги.

3. Онанинг дуоси боланинг ҳақида қабул бўлиши.

4. Аҳли солиҳ кишиларнинг ҳимояси учун мўъжиза содир бўлиб, гўдак бола ҳам тилга кириши.

5. Барибир ҳақиқат ғолиб бўлиши.

Манба:ЎзА

Check Also

Камсуқумлик ва камтарликнинг дурдона ибратлари

Аҳли ислом Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламни жуда яхши билади ва у зотнинг барча фазилатлари билан …