Ислом динида ёшларнинг илм олишига жуда катта эътибор берилган. Ёшларни илмга йўналтириш ислом динининг талаби, десак тўғри бўлади. Ҳатто илм олиш исломда ибодат даражасига кўтарилган. Бу Қуръони карим оятлари ва Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларида ҳам ўз ифодасини топган:
قُلْ هَلْ يَسْتَوِي الَّذِينَ يَعْلَمُونَ وَالَّذِينَ لَا يَعْلَمُونَ إِنَّمَا يَتَذَكَّرُ أُولُو الْأَلْبَابِ
“Айтинг: “Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?!” Дарҳақиқат, фақат ақл эгаларигина эслатма олурлар”.[1]
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақда:
» طلب العلم فريضة على كل مسلم ومسلمة«
“Илм талабида бўлиш ҳар бир эркагу аёл мусулмонга фарздир”
إنَّ طالِبَ العِلمِ لَيَستَغفِرُ لَهُ كُلُّ شَيءٍ ؛ حَتّى حِيتانُ البَحرِ ، وهَوامُّ الأرضِ ،
“Толибу илм учун ҳар бир нарса, ҳатто денгиздаги балиқлар ҳам, ердаги ҳашаротлар ҳам (Аллоҳдан) мағфират сўраб дуо қилади”.
Мўмин киши дунёси учун зарур бўлган билим ва кўникмаларни такомиллаштириб бориши лозим. Шунингдек, ҳар бир мусулмон Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:
اطلبوا العلم ولو في الصين
“Хитойда бўлса ҳам илмни олинглар”, деган ҳадисларига биноан дунё ишларига оид илмни қаерда бўлса ҳам олиши шарт.
Аммо диний билимларни эгаллашда мўмин киши жуда эҳтиёт бўлиши, уни кимдан олаётганига эътибор қаратиши, дин-диёнати мустаҳкам, теран фикрли, дунёқараши кенг устозни танлай олиши керак. Бу ҳақда Анас ибн Молик бемор бўлганда унинг зиёратига келган ёшларга бундай деган:
أنس بن مالك أنه دخلوا عليه في مرضه فقال: اتقوا الله يا معشر الشباب انظروا ممن تأخذون هذه الأحاديث فإنها من دينكم.
“Эй ёшлар жамоаси, Аллоҳдан қўрқинглар! Ҳадисларни кимдан олаётганингизга қаранглар, чунки у динингиздир.”
Муҳаммад ибн Сирийн бундай деган:
محمد بن سيرينَ أنه قال: إنَّ هذا العِلمَ دِينٌ، فانظُروا عمَّن تأخُذون دينَكم
“Албатта бу илм (ҳадис) диндур. Уни кимдан олаётганингизга қаранглар”[2]
Чунки илми етарли бўлмаган кимсалардан назоратсиз равишда “ҳужра” кўринишида диний таълим олиш илму толибнинг фикрлаш доираси тор бўлишига олиб келади, таъбир жоиз бўлса, уни мутаассиб ва манқуртга айлантиради. Бундай таълим жамиятда динда чуқур кетган мутаассиб оқимлар ва турли тафриқалар пайдо бўлишига олиб келади. Натижада, жамиятда парокандалик, нотинчлик юзага келади. Шу сабабли Ўзбекистонда Қуръони каримни ўрганувчилар учун махсус Қуръон ўқув курслари очилган.
Ислом фақат диний аҳкомлардангина иборат эмас, балки у жамият маънавияти ва маърифатини шакллантирувчи ҳамда камолга етказувчи ҳамда унинг ижтимоий-сиёсий, руҳий-маънавий талабини қондирувчи диндир. Аммо мутаассиб киши бундай фикрдан йироқ бўлиб, дунёқараши торлиги ва диний илмсизлиги сабабли исломий арконлар ижроси баробарида кўплаб муаммога дуч келади.
Шариат диний мутаассиблик ва динда чуқур кетишга доимо қарши бўлган. Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда диндаги бу бидъатлар қаттиқ қораланган. Чунки бу икки иллат турли замонларда турли ном остида катта зарар етказган ва бу ҳол ҳозир ҳам давом этмоқда.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам дин ва эътиқодда қай даражада бўлиш зарурлигини кўрсатиб:
قال النبي صلى الله عليه وسلم: خير الأمور أوسطها
“Ишларнинг яхшиси – унинг ўртачасидир”, дедилар[3].
Сарвари олам Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам:
قال النبي صلى الله عليه وسلم: خيرُكم مَنْ لم يتركْ آخرتَهُ لدُنياهُ، ولا دُنياهُ لآخِرَتِهِ، ولم يكنْ كَلَّا على الناسِ
“Сизларнинг яхшиларингиз дунёсини деб охиратини, охиратини деб дунёсини тарк қилмаганларингиз ҳамда инсонларга юк бўлмаганларингиздир”[4], деган муборак ҳадислари билан мусулмон киши қандай йўл тутиши зарурлигини белгилаб берганлар.
Динда чуқур кетиш ва таассуб жамият тинчлигига таҳдид бўлса, динда ўртамиёна йўлни танлаш эса жамият тинчлигининг энг муҳим омилидир.
Дарҳақиқат, тинчлик ва осойишталик дин ва жамият тараққиётининг муҳим омили ҳисобланади. Тараққиётнинг барча босқичлари тинчликка чамбарчас боғлиқдир. Шу сабабли инсоният ўз тараққиётининг барча босқичларида, аввало, тинчликка интилиб келган. Шу боисдан ҳам юрт тинчлиги – бебаҳо неъмат, улуғ саодат ва барқарор тараққиёт гаровидир. Қолаверса, у барча эзгу ишларнинг рўёбга чиқишида муҳим омил саналади.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда:
كُلُوا وَاشْرَبُوا مِنْ رِزْقِ اللَّهِ وَلَا تَعْثَوْا فِي الْأَرْضِ مُفْسِدِينَ
“…Аллоҳнинг ризқидан еб-ичингиз, Ер юзида бузғунчилик қилмангиз!”[5] деб бутун инсониятни тинчлик ва хотиржамликда яшашга чақиради.
Тинчлик ва хотиржамлик Аллоҳ таолонинг буюк илоҳий неъматларидан биридир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг бирида тинчлик-хотиржамлик энг улуғ неъмат эканини таъкидлаб, бундай деганлар:
يقول النبي ﷺ: نعمتان مغبون فيهما كثير من الناس
“Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайдилар. У – хотиржамлик ва сиҳат-саломатликдир”.[6] Яъни бу неъматлар борлигида уларга эътибор бермаймиз, йўқлигида эса қайғурамиз.
Инсон ўзига берилган тинчлик неъматининг бебаҳо эканини англаши лозим. Тинчлик ортидан жамият учун келадиган неъматларнинг саноғи йўқ. Дарҳақиқат, тинчлик сабабли илм-фан юксалиб, мамлакат ривожланади. Ёшлар келажаги учун улкан имкониятлар вужудга келади, уларнинг эртанги куни учун интилиши кучаяди.
Албатта, неъматнинг бардавомлиги, унинг шукрига боғлиқдир. Шукр эса неъматнинг катта-кичиклигига қараб, ҳар хил бўлади. Баъзи неъматларнинг шукри фақат тилда “Алҳамдулиллаҳ – Аллоҳга шукр” дейиш билан адо бўлади. Аммо, айрим неъматлар борки, уларнинг шукри тил билангина адо бўлмайди, балки уни қўлда сақлаб қолиш учун муттасил ҳаракат қилиш лозим. Бундай ҳаракат орқали берилган неъматнинг шукри адо этилади. Тинчлик ва хотиржамлик айнан мана шундай неъматлар сирасига киради. Зеро, бу неъмат ношукурлик сабаб бир бор қўлдан кетса, уни қайтариб олиш учун йиллар камлик қилади. Унга тўланадиган товонни эса ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмайди.
Шу сабабли тинч ва осуда ҳаётимизга, сиҳат-саломатликда яшаётганимизга шукр қилишимиз зарур. Ҳозирги мураккаб шароитда халқимиз, аввало, ўсиб келаётган ёш авлод онгида тинчликни асраш ва уни қадрлаш ҳақидаги тушунчани шакллантириш катта аҳамиятга эгадир.