Ўзбекистон билан Жазоир ўртасидаги маданий-маърифий ва илмий алоқалар янги босқичга кўтариляпти. Айни кунларда Жазоир Халқ Демократик Республикаси Маданият ва санъат вазирлиги ҳамда Ағвот вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида XII Халқаро сўфийлик тароналари маданий фестивали ва унинг доирасида юксак мақомдаги халқаро илмий тадбирлар бўлиб ўтяпти.

Мазкур нуфузли халқаро анжуманда йигирмадан ортиқ давлатдан 200 дан зиёд мутахассис, олим ва маданият арбоби иштирок этмоқда. Анжуман доирасида мамлакатимизнинг бой илмий-маънавий меросини кенг тарғиб қилиш мақсадида Жазоирга Ўзбекистон делегацияси ҳам ташриф буюрган. Унинг таркибидан Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шовосил Зиёдов, илмий ходимлар Шукрулло Умаров ва Саъдиллохон Бобохўжаев ўрин олгани Марказнинг халқаро илмий дипломатиядаги ўрнини янада мустаҳкамлаяпти.

Таъкидлаш жоизки, бу ташриф Марказ вакилларининг Жазоир заминига илк сафари эмас. Ислом фанлари ва цивилизацияси тадқиқот маркази раҳбари доктор Аҳмад Сағирнинг таклифига биноан, 2024 йилнинг март ойида Марказ олимлари Жазоирга сафар қилиб, Ағвот шаҳрида ташкил этилган Сўфийлик таълимоти маданияти фестивали доирасидаги халқаро семинарда иштирок этган, ўзаро ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш юзасидан дастлабки музокара ўтказган эди.
Мана, ҳеч қанча вақт ўтмай, навбатдаги илмий сафар уюштирилди. Унинг давомида икки марказ ўртасида аввал эришилган келишувлар доирасида амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинди ҳамда ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди. Музокаранинг энг муҳим натижаси сифатида истиқболда икки илмий марказ ўртасида ходимлар алмашувини йўлга қўйиш ва ёш тадқиқотчиларнинг малакасини ошириш бўйича янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш режалари белгилаб олинди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази делегациясининг Жазоирга сермаҳсул илмий сафари ва икки томонлама учрашувлари давом этмоқда. Сафар тафсилотлари ва олимларимизнинг маърузалари ҳақида кейинги материалларда батафсил маълумот берилади.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz





