Бизларга берилган неъмат(лар)ини энг асосийларидан бири соғлиқ неъматидир. Авваламбор, биз бу дунёда бахтли, ҳузурли яшашимиз, Аллоҳ таолонинг бизларга буюрган буйруқларини бажариб, қайтарганларидан қайтишимиз ва ижтимоий ҳаётда бизлардан кутилган вазифаларни муносиб тарзда бажаришимиз учун соғлом бўлишимиз керак.
Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом: “Икки неъмат борки, инсонларнинг кўпи бу неъматларни фойдаланишда алданади. Булар сиҳат ва бўш вақтдир”[1], дедилар.
Соғлом ҳаёт кечиришнинг иккита асосий йўли бор. Биринчиси касал бўлишдан олдин соғликни асраш, иккинчиси эса, касал бўлган вақтда олдинги соғлом бўлган вақтимизга қайтишимиз учун даволашимиз керак.
Динимизда тозаликка катта эътибор қилинади. Муҳаммад алайҳиссалом “Тозалик (поклик) иймоннинг ярми”, деганлар. Намознинг асосий шартларидан бири ҳам тозаликдир. Чунки инсон тоза ва пок бўлмаса, унинг ибодати ҳам қабул бўлмайди.
Доим соғ бўлиб юришимиз учун аввало оғиз ва тишимиз соғлигига катта эътибор қаратишимиз лозим. Чунки овқат ошқозонимизга оғзимиздан киради. Тишимиз қанчалик соғлом бўлса, еган овқатимиз ҳам шунчалик тез ҳазм бўлади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом оғиз ва тиш соғлиги учун доим мисвок ишлатган ва умматларига ҳам мишвок ишлатишни тавсия қилган:
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Умматимга қийин қилиб қўяман демаганимда, ҳар бир намоз ўқишдан олдин мисвок билан тиш тозалашни буюрар эдим”, – деганлар”[2].
Доим соғ бўлиб юришнинг йўллариджан бири васатия, яъни ўрта холликдир. Биз ҳамма ишимизда ҳам ўрта хол бўлишимиз керак. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Эй, Одам авлоди! Ҳар бир масжид (намоз) олдидан зийнатларингиз (пок кийимларингиз)ни (кийиб) олингиз! Шунигдек, еб-ичингиз, (лекин) исроф қилмангиз! Зеро, У исроф қилувчиларни севмагай”[3].
Шу сабабли ейиш ва ичишда ўртача бўлишимиз керак. Ҳаддан ташқари кўп ейиш исрофга олиб боради ва соғлиғимизга ҳам зарарли бўлади. Мусулмон киши ҳар ишида бўлгани каби, ейишида ҳам ўрта ҳол бўлиши керак. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Одам боласи қорнидан кўп зарарли бир идиш тўлдирмаган”, деди. Ошқозонимизни уч қисмга ажратишимиз керак. Учдан бирини овқатга, учдан бирини ичимликка (сувга), учдан бирини эса ҳавога.
Соғ бўлишнинг яна бир йўли соғликка зарарли нарсалардан узоқ туришдир. Аллоҳ таоло соғлиққа зарарли бўладиган нарсаларни харом қилган ва булардан узоқ туришимиз учун бизларга тавсияда бўлган.
Ичимликлар ичида инсонга энг зарарли нарса алкаголли ичимликлардир. Кўриниши ва таъми ҳар бўлса бўлса ҳам одамни сархуш (маст) қиладиган ичимликларнинг ҳаммаси ҳам ҳаром қилинган. Қуръони каримда шундай дейди: “Эй, имон келтирганлар! Албатта, май (маст қилувчи ичимликлар), қимор, бут-санамлар ва (фол очадиган) чўплар шайтоннинг ишидан иборат ифлосликдирки, ундан четланингиз! Шояд (шунда) нажот топсангиз”[4].
Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом: “Маст қиладиган ҳамма ичимликлар ҳаром”, деганлар[5]. Алкаголли ичимлик ичган одам нафақат ўзига, балки атрофидагиларга ҳам катта зарар келтиради. Маст бўлган одам ақлини юқотиши сабабли, оилаларига ва ёнидагиларга зарари тегади. Бунинг натижасида инсон бошқалар билан душман бўлиб қолади.
Шунингдек, вужудимизга зарарли бўлган наша, геройин ва шунга ўхшаган наркотик моддалар ҳам динимизда ҳаром қилинган. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “…ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз!…”[6].
Биз соғлом бўлишимиз учун руҳий соғлигимизни ҳам асрашимиз керак. Бунинг учун Аллоҳ таолога имон келтириш, таваккул ишонч билан яшаш, бошимиз келган воқеа-ҳодисаларга сабр қилиш тавсия қилинган. Ёлғон, дунё ва молга бўлган хирслик, ҳасадгўйлик кабилар эса руҳни носоғлом қилади. Динимизда руҳимиз тетик бўлиши учун таҳорат, намоз, рўза ва шу кабилар тавсия қилинган. Қуръон ўқиш билан ҳам руҳ хотиржам бўлади.
Тушкунликдан, қўрқувдан, ғам ва қайғулардан қутулишнинг энг асосий йўли Аллоҳ таолога имон келтиришдир. Имонли бўлган киши Аллоҳ таолонинг ўзини асло қийинчиликлар ичида қолдирмаслигини, зиммасига кучи етмаган нарсалар юкламаслигини ва бошига мусибат келганда ўзини ёлғиз ташламай, унга ёрдам беришига ишонади.