Ўзбекистон-буюк алломалар юрти! Бу табаррук заминдан нафақат ислом дини ривожига, балки жаҳон мамлакатлари илм-фани тараққиётига беқиёс ҳисса қўшган минглаб аллома ва мутафакирлар етишиб чиққан.
Имом Бухорий, Исо Термизий ва Ҳаким Термизий, Имом Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний, Маҳмуд Замахшарий, Муҳаммад Қаффол Шоший, Баҳоуддин Нақшбанд, Хожа Аҳрор Валий, Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий ва бошқа кўплаб даҳоларнинг номлари мангуликка даҳлдор.
Юртимизда истиқлолнинг ўтган даври мобайнида буюк аждодларимиз номларини тиклаш, уларнинг бой тарихий, илмий-маънавий меросини чуқур ўрганиш ва халқимизга етказиш борасида қатор ижобий ишлар амалга оширилди. Айниқса, бу борадаги чора-тадбирлар сўнгги уч йил давомида янада кенг қулоч ёйди. Президент ташаббуси билан юртимизда нафақат ислом маданияти, балки умумбашарий цивилизацияга беназир ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг кўп қиррали диний-маънавий меросини ўрганишга ихтисослашган халқаро илмий-тадқиқот марказлари барпо этилиб, фаолият юритмоқда. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳам ана шундай ёш илмий-тадқиқот муассасаларидан биридир.
Марказнинг асосий вазифаларидан бири ислом цивилизациясининг умуминсоний қадриятлар, жумладан, халкимиз маъавияти ва маданияти ривожида тутган ўрни ва аҳамиятини ўрганиш, уларнинг илмий-назарий ва амалий жиҳатларини кенг тадкиқ этишдан иборат. Ўтган давр мобайнида Марказ томонидан ушбу йўналишда тизимли чора-тадбирлар амалга оширилди. Халқаро ҳамкорлик, илмий-тадқиқот, нашр ва тарғибот ишлари изчиллик давом эттирилмоқда.
Хабарингиз бор, бир неча кундан буён Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Самарқанд вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида буюк аллома, калом илмининг асосчиси Имом Мотуридий таваллудининг 1150 йиллиги муносабати билан мутакаллим илмий меросини халқимиз, ёшларимиз ўртасида кенг тарғиб этиш мақсадида тарғибот тадбирлари ўтказиб келинмоқда.
Ана шундай тадбирларнинг навбатдагиси 20 февраль куни Самарқанддаги “Ипак йўли” Туризм халқаро университетида ташкил этилди.
Мазкур тадбирда сўзга чиққанлар ҳам юқорида айтиб ўтилган жиҳатларга алоҳида тўхталиб ўтишди. Юртимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, илмий-тадқиқот ишларини ташкил этиш борасида олиб борилаётган ишлар хусусида гапиришди. Илмий ходимлар томонидан Имом Мотуридийнинг ҳаёти ва бой илмий-маънавий мероси тўғрисида маърузалар қилинди. Иштирокчиларга Имом Бухорий, Имом Мотуридий каби алломаларнинг ҳаёти ва илмий мероси тўғрисида қисқа маълумот берувчи буклетлар тарқатилди.
Тадбир доирасида Марказ илмий ходимлари томонидан «Жаҳолатга қарши-маърифат» рукни остида нашр этилган китоблар тақдимоти ҳам ўтказилди. Эътиборлиси, ушбу китоблар университет кутубхона фондига совға қилинди.