Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Навбатдаги тарғибот тадбирлари ЎМИ Самарқанд вилоят вакиллиги ҳамда Самарқанд ветеринария медицинаси институтида ташкил этилди

Навбатдаги тарғибот тадбирлари ЎМИ Самарқанд вилоят вакиллиги ҳамда Самарқанд ветеринария медицинаси институтида ташкил этилди

Имом Мотуридийнинг тўлиқ исми Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд Ҳанафий Мотуридий Самарқандий бўлиб, у киши  ҳақида ёзган тарихчилар турли юксак ва шарафли лақаблар билан безаб зикр қилганлар. Таниқли тарихчи Кафавий ва бошқа бир қатор муаллифларнинг ёзишларича, Имом Мотуридий ўз замонасидаёқ “Тўғри йўлга бошловчи имом”, “Суннат ва ҳидоят аҳлига ибрат зот”, “Пайғамбар алайҳиссалом тутган йўлини ва улуғ имомларнинг байроғини баланд кўтарувчиси”, “Хурофот ва бидъатга ботган уйдирмаларни илдизи билан қўпорувчиси”, “Барча мутакаллимларнинг имоми”, “Барча мусулмонлар ақийдаларининг тузатгувчиси”, “Шайх” ва “Имом” каби юксак номларга сазовор бўлган аллома сифатида тан олинган. Имом, фиқҳ олими, ақийда борасида калом илмининг мотуридийлик мазҳабининг асосчиси. Ўша давр алломалари у кишини “Азизлар султони” номи билан ҳам аташган. Имом Мотуридий барча илмларни яхши ўзлаштирган.

Таниқли тарихчи Тамимийнинг ёзишича, “Имом Мотуридий ўз замонасининг энг буюк алломаларидан бири сифатида тан олиниб, барча унинг илму маърифатига тахсин айтган. Шу боис, Имом Мотуридий нафақат унга хайрихоҳ кишилар, балки рақиблари наздида ҳам “Имом аҳли сунна вал жамоа” (“Суннат ва жамоанинг имоми”), “Имомул ҳудо” (“Тўғри йўлга бошловчи имом”) деган энг олий унвонга сазовор бўлиб, калом илмида ўзига хос бир мўъжиза сифатида довруғи тилларда достон бўлган”.

Мазкур маълумотлар 18 февраль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилоят вакиллигида Имом Мотуридий ҳаёти ва илмий мероси тарғиботига бағишланган  тадбирда сўзга чиққанлар томонидан айтиб ўтилди.

Тадбирда Самарқанд вилояти ҳокимининг ўринбосари Д.Маматқулов сўзга чиқиб юртимизда сўнгги йилларда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ишлар, эришилаётган ютуқлар тўғрисида гапирди. Шунингдек, жорий йил 3-5 март кунлари Самарқандда буюк мутакаллим, калом илмининг асосчиси Имом Мотуридий таваллудининг 1150 йиллиги муносабати билан “Имом Абу Мансур Мотуридий ва мотуридия таълимоти: ўтмиш ва бугун” мавзусида ўтказилиши режалаштирилган халқаро анжуманга тайёргарлик ишлари тўғрисида ҳам сўз юритди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Ш.Зиёдов томонидан тадбир иштирокчиларига Марказнинг ташкил этилиши, мақсад ва вазифалари, илмий-тадқиқот ва халқаро ҳамкорлик йўналишида олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.

Тадбир доирасида Марказнинг халқаро ҳамкорлик алоқалари натижасида 2019 йилда Миср Араб республикасидан келтирилган аллома қаламига мансуб қатор асарлар, Туркиянинг Мармара университети Илоҳиёт факультетидан 18 жилдик “Таъвилотул Қуръон” асарининг турк тилидаги таржимаси ва  Марказ томонидан «Жаҳолатга қарши-маърифат» рукни остида нашр этилган “Самарқандлик алломалар”, “Алоуддин ал-Усмандий ас-Самарқандий”, “Иброҳим Саффор Бухорий”, “Имом Бухорий мажмуаси китоб-альбоми”, “Имом Бухорий – муҳаддислар султони” номли китоблар тақдимоти ҳам ўтказилди.

Тадбир сўнгида Марказ томонидан нашр этилган китоблар вакиллик кутубхона фондига совға қилинди.

Имом Мотуридий ҳаёти ва илмий-маънавий мероси тарғиботига бағишланган тадбир куннинг иккинчи ярмида Самарқанд ветеринария медицинаси институтида ҳам бўлиб ўтди. Унда институт ўқитувчилари ва талабалари иштирок этди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Марказда бадиий фильм суратга олинмоқда

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида индонезиялик бир гуруҳ киноижодкорлар томонидан “Ҳижрат орзуси” номли бадиий фильмнинг …