Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2018 йил 27-28 сентябрь кунлари Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Давлат раҳбарлари кенгашининг Душанбе шаҳрида бўлиб ўтадиган навбатдаги мажлисида иштирок этади.
Саммит кун тартибидан турли соҳалардаги кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг жорий ҳолати ва истиқболларига доир кенг кўламли масалалар ўрин олган. Шунингдек, давлат раҳбарлари 2019 йилда МДҲга раислик қиладиган давлатни, МДҲ Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисини ўтказиш жойи ва муддатини белгилаш масаласини кўриб чиқади, минтақавий ва халқаро сиёсатнинг долзарб муаммолари юзасидан фикр алмашади.
Мажлис якунида қатор салмоқли ҳужжатлар, жумладан, МДҲга аъзо мамлакатлар давлат раҳбарларининг 1948 йил 10 декабрдаги Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 70 йиллиги муносабати билан баёноти, 1941-1945 йиллардаги Улуғ Ватан урушида қозонилган Ғалабанинг 75 йиллигига тайёргарлик кўриш ва уни нишонлаш бўйича асосий тадбирлар режаси, 2019-2023 йилларга мўлжалланган жиноятчиликка қарши курашиш бўйича ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлар давлатлараро дастури, Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларга қарши курашиш бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланиши кутилмоқда.
Ўзбекистон Президентининг ташрифи доирасида Душанбе шаҳрида икки томонлама қатор учрашувлар ўтказиш ҳам кўзда тутилган.
Манба: ЎзА