21 январь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг muslim.uz расмий портали, бошқа ижтимоий тармоқлар ва оммавий ахборот воситаларида қайғули хабар тарқалди. Унда айтилишича, Россия Федерациясининг Томск вилояти Асино шаҳри Причулим туманидаги ёғоч уйда юз берган ёнғин оқибатида 10 нафар Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлган.
Уларнинг ҳаққига дуо қилиш, мағфират сўраш ва яқинларига таскин-тасалли бериш барчанинг инсоний ва юртдошлик бурчидир. Ҳақ Таоло ҳалок бўлганларнинг солиҳ амалларини ўзига ҳамроҳ қилиб, гуноҳларини кечирсин ва раҳматига олсин.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази жамоаси ва Ҳадис илми мактабининг устоз ва талабалари ўтганларнинг ҳаққига Қуръон тиловат қилиб, дуойи хайрга қўл очди.
Ҳалок бўлган ҳамюртларимизнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик изҳор этамиз. Яратгандан ҳалол меҳнат қилиб, аҳли оила нафақаси йўлида жон берган ватандошларимизнинг охирати обод бўлишини сўраб қоламиз.
Самимий ҳамдардлик
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва
Ҳадис илми мактаби жамоаси