Home / ЯНГИЛИКЛАР / Ҳадис илми мактабида навбатдаги очиқ дарс

Ҳадис илми мактабида навбатдаги очиқ дарс

Мактабда ўқитувчиларнинг касбий маҳоратини ошириш, дарсни педагогик технологиялар ва ўқитишнинг интерфаол усулларини қўллаган ҳолда ташкил этиш, талабаларнинг мутахассислик малака талаблари ва фан дастурларида назарда тутилган билим, малака ва кўникма даражаларини мунтазам ошириб бориш мақсадида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Жорий йилнинг 17 январь куни Ҳадис илми мактаби Ҳадис илмлари кафедраси мудири Маҳмуд Абдураҳмоновнинг Аҳкомул ҳадис фанидан талабаларга “Имомнинг ортида қироат қилиш” мавзусида очиқ дарс машғулоти бўлиб ўтди. Очиқ дарсни мактаб ректори Олимхон Юсупов, Мисрнинг Ал-Азҳар университети профессори Али Саъд Али Саъд назорат қилиб борди.

М.Абдураҳмонов мазкур фаннинг янги мавзусини Имом Абу Жаъфар Таҳовийнинг “Шарҳи маъонил осор” дарслиги ва унинг мўътабар шарҳлари асосида ёритиб берди. Очиқ дарс тўлиқ араб тилида олиб борилди.

Дарс аввалида фан ўқитувчиси олдинги машғулотларда ўқитилган ҳадислар ҳамда улардан далил олиш ўринларини талабалардан ёддан сўради. Янги мавзу бўйича эса кўргазмали тақдимот шаклида намозда имомга иқтидо қилувчининг имом ортида қироат қилиши масаласининг ҳукми, мазкур масалада мазҳаблар ўртасидаги ихтилофлар, уларнинг далилларини умумий тарзда баён қилди.

Сўнгра “Шарҳи маъонил осор” дарслик асосида мазкур мавзуда ҳанафийликдан бошқа мазҳаббошилари ўзларига далил қилган ҳадислар ва уларга муаллиф ҳамда бошқа ҳанафий уламолар томонидан берилган жавоблар ўқиб чиқилди. Дарс давомида айнан мазкур масалада ҳанафий мазҳаби уламолари ва уларга ҳамфикр бўлган томонларнинг далиллари атрофлича ўрганилди.

Якунда ўқитувчилар ўтказилган очиқ дарс тўғрисида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

 Ж.Акрамов
Ҳадис илми мактаби
Ўқув-услубий бўлими бошлиғи

Check Also

ОКСФОРДДАГИ ЎЗБЕКИСТОНГА ОИД ХАЗИНАЛАР

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов бошчилигидаги делегация аъзолари Буюк Британияда бўлиб ўтаётган ҳақ …