Home / ХАЛҚАРО ЯНГИЛИКЛАР / Марказ тадқиқотчиларининг Туркиядан юборган муждаси

Марказ тадқиқотчиларининг Туркиядан юборган муждаси

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан ўтган давр давомида буюк алломаларимиз меросини ўрганиш, кенг тарғиб этиш, нуфузли халқаро марказлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилди ва бу жараён изчил давом этмоқда.

Хусусан, бугунга қадар 23 етакчи ислом тадқиқот маркази, университет, фонд билан ҳамкорликка оид меморандумлар имзоланган.

Жумладан, Туркиядаги университет ва тадқиқот марказлари билан алоқалар тобора фаоллашмоқда. Ўтган давр мобайнида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ қилиш маркази (IRSICA) ва Туркия ишбилармонлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (ТIКА), Туркия дин вақфи, Мармара, Қарабук каби нуфузли университетлар билан ҳамкорликда қўлёзма ва тошбосма асарларни каталоглаштириш, асл ҳолига қайтариш, тиклаш, илмий ходимлар малакасини оширишга қаратилган ўқув семинарлари, конференция ва семинарлар ташкил этилди.

2019 йил июнь ойида билан IRSICA ҳамкорликда ўтказилган “Ўзбекистон қўлёзма фондлари: муҳофаза қилиш, каталоглаштириш ва мутахассислар малакасини ошириш” мавзуидаги халқаро ўқув-семинари, июль ойида туркиялик таниқли фотограф Ўрхан Дургут билан ҳамкорликда Имом Бухорий таваллудига бағишлаб ташкил қилинган “Саҳиҳ ал-Бухорий” асарининг қўлёзма нусхалари” ва “Дунё ислом шаҳарлари” фотокўргазмалари шулар жумласидандир.

Жорий 2020 йил Бухоро шаҳрининг Ислом маданияти пойтахти деб эълон қилинишини муносабати билан Марказда IRSICA билан ҳамкорликда “Имом Бухорийнинг ҳадис илми ривожига қўшган ҳиссаси” мавзуида халқаро илмий конференция ўтказилиши режалаштирилган.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири томонидан 2018 йил 27 июлда тасдиқланган “Туркия университетлари ва тадқиқот марказлари билан ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш мақсадида ташриф давомида эришилган келишувларни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” ҳамда Марказ билан Туркиядаги университет ва тадқиқот марказлари ўртасида ҳамкорликка оид меморандумларга мувофиқ ИБХИТМ тадқиқотчилари Отабек Муҳаммадиев ва Тоҳир Эвадуллаев айни кунларда навбатдаги халқаро ўқув-семинарида иштирок этмоқда. Улар 26 январга қадар Туркияда Фотиҳ Султон вақф университети, Ислом тадқиқотлари маркази ва Мисрнинг Араб қўлёзмалари институти ҳамкорлигида ташкил қилинган “Қўлёзма манбалар таҳқиқи” халқаро ўқув курсида ҳам қатнашиб, малака оширади.

Курс якунида тингловчиларга сертификатлар берилиши режалаштирилган.

Нашрлар бўлими бошлиғи О.Муҳаммадиевнинг Марказга юборган хабарига кўра, тадбир доирасида IRSICA раҳбари Холид Эрен билан учрашув бўлиб ўтган. Унда ҳамкорликда жорий йил Самарқандда ўтказилиши режалаштирилаётган халқаро конференцияга тайёргарлик ишлари юзасидан маълумот алмашилган, олдиндаги вазифалар хусусида фикр-мулоҳаза юритилиб, аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинган.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Мағрур ҳилпирайвер, юртим байроғи!

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида 18 ноябрь куни ходимлар иштирокида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул …