Home / МАҚОЛАЛАР / УМР – ОЛИЙ НЕЪМАТ

УМР – ОЛИЙ НЕЪМАТ

Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади”[1].

Ислом динида инсон умри ва вақтининг қадри қанчалик олий эканлиги тўғрисида етарли даражада маълумотлар берилган. Зеро, инсон ўзига берилган умрдан унумли  фойдалана олса, бу унинг дунё ва охиратда саодатга эришишига сабаб бўлади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда турли вақтларга қасам ичиш билан умр инсонга берилган улуғ неъмат эканига ишора қилган. Албатта, Аллоҳ таоло қасам ичган нарса қадри улуғ нарса бўлади. Маълумки, вақтнинг асосий ўлчови – кеча ва кундуздир. У иккиси одамлар умрларини солиҳ ва эзгу амаллар билан ўтказиши, Парвардигорга шукр қилишлари учун тинимсиз айланиб туради. Бу борада Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “У эслатма олмоқчи ёки шукр қилмоқчи бўлган кишилар учун кеча ва кундузни (бир-бирига) ўринбосар қилиб қўйган зотдир”[2].

Қуръони каримда инсон умри бекорга берилмагани қайта-қайта айтилган. Уни беҳуда ишлар, кўнгилхушликлар ва бекорчилик, дангасалик ва тамбаллик билан зое қилиш учун эмас, балки, хайрли амаллар, фойдали ишлар, элу юртга манфаат келтирадиган, охират учун захира бўладиган буюк ишларни амалга ошириш учун берилган қимматли фурсат экани таъкидланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “(У) сизларнинг қайси бирингиз чиройлироқ (савоблироқ) амал қилувчи эканингизни синаш учун ўлим ва ҳаётни яратган зотдир. У Азиз (қудратли) ва Ғафур (кечиримли)дир”[3].

Умр бу – Аллоҳ таолони ҳар бир бандасига ўлчаб берган бир муддатидир. Инсон дунёга келганидан кейин неча йил умр кўришини ўзи билмайди, бу ғайб илми бўлиб, уни Аллоҳдан ўзга ҳеч ким билмайди. Аслида Аллоҳ бандага умрни нима учун берган? Аллоҳ таоло умрни бандага охират учун бир захира, зоду роҳила тайёрлаб олиш учун берди. Вақтинчалик синов муддатидан иборат бўлган бу дунё ўткинчидир, абадий, ҳақиқий дунё бу – охиратда бўлади. Охиратда энди ўлим йўқ. Қилган ишларимизга қараб Аллоҳ таоло охиратда ажру савоблар беради ёки жазо беради. Умр бу – бир яшаб ўтиб кетадиган ва кейин йўқ бўлиб қоладиган нарса эмас. Инсонни Аллоҳ яратибдими, энди бу мавжудот абадий, вафот этиши ҳам вақтинчалик, охиратда яна тирилади, абадий ҳаёт бошланади. Шунинг учун бу умрни ғанимат билиш керак. Мана шу берилган умрдан унумли, ижобий фойдаланиб олиш керак.

Умрнинг ҳар бир дақиқаси ғанимат. Умрни беҳуда ишлар, гаплар билан ёки ғафлат билан ўтказмаслик керак. Инсон шу дунёда ҳам бахтли бўлиши учун, охиратда ҳам саодатманд Аллоҳнинг бандалари қаторидан жой олиши учун берилган азиз умрнинг қадрини билиб, фақат фойдали нарсаларга, ўзига бу дунёда ҳам, охиратда ҳам фойдаси тегадиган эзгу ишларга сарф қилиши керак. “Сиз беш нарсани беш нарсадан аввал ғанимат билинг: қариликдан аввал ёшлигингизни, касал бўлишдан аввал саломатлигингизни, фақирликдан аввал бойлигингизни, бир ишга машғул бўлмасдан аввал бўш вақтингизни ва ўлимингиздан аввал ҳаётингизни”[4],– дедилар.

Тараққиёт тезлашгани сари вақт кушандалари ҳам кўпайиб бормоқда. Мана қарангки, мўмин-мусулмонлар шундай бахтиёр инсонларки, улар учун ҳаётларини барча жабҳаларини ўз ичига қамраб олган дастуруламаллари бор. Бу дастур уларни икки дунё саодати сари етаклашга хизмат қилади. Демак, интернет ёки бошқа ОАВдан фойдаланган вақтимизда динимиз қайтарган бирор ёлғон хабар, шармсиз расм ёки беҳаё лавҳаларга дуч келганимизда дарҳол бу каби маълумотларни тарк этишимиз лозим бўлади.

Аллоҳ таоло инсонга умри давомида етарли имконият ва вақт беради ва бу марҳаматдан унумли фойдалана олмаганларнинг охиратда пушаймони қаттиқ бўлади. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай дейилади: “Улар у жойда: «Парвардигоро, бизларни (азобдан) чиқаргин – бизлар қилиб ўтган амалларимиздан бошқача яхши (амалларни) қилайлик!» – деб фарёд қилурлар. Ахир, Биз сизларга эслатма оладиган киши эслатма олгудек узун умр бермаганмидик?! Сизларга огоҳлантирувчи (пайғамбар) ҳам келган эди-ку! Бас, энди (жазоларингизни) тотаверингиз! Золимлар (кофирлар) учун ёрдамчи бўлмас”[5].

Бу ояти кариманинг маъносини қуйидаги ҳадиси шариф ҳам таъкидлаб келади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: Аллоҳ таоло кимга олтмиш йил ёки етмиш йил умр берган бўлса, батаҳқиқ унга умр тўғрисида узр қолдирилмайди[6].

Дарҳақиқат Аллоҳ таоло ушбу узун муддатли умрни унга муҳлат қилиб бериш билан охиратда унинг узр айтишига ва ўзини оқлашига бирон бир баҳона қолмаган.

Ҳадиси шарифларда вақт қадри алоҳида таъкидланганлиги ҳеч кимга сир эмас. Ҳатто, Қиёмат кунида инсондан сўраладиган дастлабки тўртта саволда ҳам умрнинг сўроғи бор. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларида шундай марҳамат қиладилар: Банда қиёмат куни тўрт хислатидан сўралмагунча, бир қадам ҳам олдинга силжий олмайди; умрини нима билан ўтказгани, ўрганган илмига қандай амал қилгани, мол-дунёни қай йўсинда топганию нималарга сарфлагани ва жисмини нимага фидо қилганидан сўралади[7].

Инсон учун ёшлик даври ҳам катта неъмат саналади. Ёшлик умрнинг бир бўлаги, лекин унинг бошқа даврлардан ажратиб турувчи ўзига хос қиймати бор. У ҳаётнинг ғайрату шижоатга тўла ҳамда икки заифлик – гўдаклик ва кексалик орасидаги жисмоний қувватга эришган бир давридир.

Хулоса ўрнида шуни айтиб ўтиш лозимки, инсонларни турли хил зарарли иллатлардан сақлаш мақсадида Ислом дини соғликка футур етказувчи ва умуман инсон ҳаёти учун хавфли ва зарарли бўлган нарсалар билан шуғулланиш ва истеъмол қилишдан қайтарган. Жумладан, Қуръони каримда: “Ўзингизни ҳалокатга дучор қилманг[8] ва “Ўзингизни ўзингиз ўлдирманг[9] дейилган.

Абдуҳалим Муҳиддинов,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Калом ва фиқҳшунослик шўъбаси илмий ходими
Фойдаланилган адабиётлар:
[1] Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқидан.
[2] Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. Таржима ва тафсир муаллифи Шайх Абдулазиз Мансур. –Т.: ТИУ, 2004. Фурқон сураси, 62-оят.
[3] Мулк сураси, 2-оят.
[4]  Имом Ҳоким ривоятлари.
[5] Фотир сураси, 37-оят.
6] Имом Аҳмад ривоятлари.
[7] Имом Термизий ривояти.
[8] Бақара сураси, 195-оят.
[9]  Нисо сураси, 29-оят.

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …