Президентимиз Шавкат Мирзиёев 6 январь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларини қабул қилиб, 70 йиллик таваллуд айёми билан самимий табриклади.
Давлатимиз раҳбари муфтий ҳазратларига мамлакатимизда ислом маданияти ва илм-фанини ривожлантириш, муқаддас динимизнинг инсонпарварлик моҳияти ва эзгу ғояларини, буюк аллома ва мутафаккирларимизнинг бебаҳо илмий меросини тадқиқ этиш ва халқаро миқёсда кенг тарғиб қилиш ишига қўшган муносиб ҳиссаси, жамиятда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, миллатлараро тотувлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш борасидаги катта хизматлари, диний ва дунёвий билимларни пухта эгаллаган етук мутахассисларни тайёрлаш, ёш авлодни Ватанга муҳаббат, бағрикенглик ва миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш йўлидаги ибратли фаолиятининг юксак эътирофи рамзи сифатида “Эл-юрт ҳурмати” орденини топширди.
Куни кеча Саудия Арабистонида ўтказилган Ислом олами уюшмасининг 44-қурултойида иштирок этиб, юртимизга қайтган муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларидан кейинги кунларда ҳаётларида юз берган қувончли воқеалар ҳаяжони, Президентимизнинг диний уламоларга кўрсатаётган алоҳида эътибори, умуман, юртимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ишлар, уларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида эксклюзив интервью олдик.
— Аввало, яқинда давлатимиз раҳбари Фармонига мувофиқ, давлатимизнинг нуфузли мукофоти — “Эл-юрт ҳурмати” ордени ила тақдирланганингиз билан табриклаймиз. Сизга узоқ умр, сиҳат-саломатлик, келгуси ишларингизда муваффақият тилаймиз.
— Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Эътибор учун ташаккур. Президентимиз томонларидан берилган ушбу юксак орден менинг шахсим тимсолида бутун диний соҳа вакилларига берилган мукофот, деб ўйлайман. Чунки юртимизда диний-маърифий соҳада эришаётган ютуқларимиз — бутун жамоамиз меҳнатлари маҳсулидир. Юртбошимиз олиб бораётган ишларимизни эътироф этганларидан беҳад миннатдормиз.
Давлатимиз раҳбари Президентлик фаолиятининг дастлабки кунлариданоқ мамлакатимизда ижтимоий-маънавий соҳани янада ривожлантириш, оилаларимиз, маҳаллаларимизда, бутун жамиятимизда соғлом муҳитни мустаҳкамлаш, ёшлар тарбияси, тинч-осуда ҳаётимизни, муқаддас динимиз поклигини асрашда яқин ёрдамчи сифатида диний соҳа вакилларига алоҳида эътибор қаратдилар. Шу билан бирга, юртимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларда имом-хатиблар, уламоларнинг ўз таклиф ва маслаҳатлари билан фаол иштирок этишларига шарт-шароитлар яратилди. Биз бу эътиборни қадрлаб, бор куч ва салоҳиятимизни халқимизнинг маърифатини, маънавиятини юксалтириш, ҳаёт даражаси ва сифатини ошириш йўлида сафарбар этишга доимо тайёрмиз.
— Кейинги йилларда Президентимиз томонидан барча соҳада амалга оширилаётган ўзгаришлар шиддатли тус олди. Шу маънода, мамлакатимизда фуқароларнинг диний эркинлигини таъминлаш, бағрикенглик, маърифий ислом ғояларини тарғиб қилиш борасида олиб борилаётган ишларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида нималар дея оласиз?
— Президентимиз томонларидан мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар Ўзбекистоннинг янги қиёфасини шакллантиришга хизмат қилмоқда. Энг муҳими, бугун ижобий ўзгаришларни юртимиздаги ҳар бир инсон ўз тақдири мисолида яққол ҳис қиляпти.
Диний-маърифий жабҳада ҳам аҳамияти беқиёс ишлар амалга оширилаётганини ҳаммамиз кўриб, гувоҳи бўлиб турибмиз. Янгидан барпо этилаётган масжидлар, улуғ аждодларимиз номидаги мажмуалар, очилаётган диний таълим муассасалари, соҳада халқаро ҳамкорлик ривожланиб, чет эллик таниқли уламоларнинг диёримизга ташриф буюраётгани, нуфузли ташкилотлар билан алоқалар ўрнатилаётгани юртдошларимизга чексиз қувонч, ғурур-ифтихор бағишламоқда.
Амалга оширилаётган ишларнинг мазмуни, улардан кўзланган муддаолар ҳақида узоқ гапириш мумкин. Масалан, Президентимиз ташаббуси билан Бухородаги Мир Араб мадрасасига олий мақом берилишида катта маъно бор. Зеро, ушбу таълим даргоҳи беш юз йил аввал ана шундай юксак мақомда ташкил этилганди. Йиллар давомида бу ерда юзлаб олиму уламолар камолга етган. Бироқ ўтган асрдаги эътиборсизлик оқибатида муассаса ўз мавқеини йўқотганди. Давлатимиз раҳбари томонидан мадрасага олий мақом берилиши яна бу ердан алломалар, мутафаккирлар етишиб чиқишига умид уйғотади. Шахсан мен ушбу мадрасанинг Мисрдаги Ал-Азҳар университети билан бир хил мақомга кўтарилишига ишонаман. Бундан ташқари, юртимизда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Термизий номларидаги халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ҳадис илми мактаби фаолияти йўлга қўйилдики, бу эзгу ишларидан мақсад дунё тамаддуни бешикларидан бири бўлган Ўзбекистоннинг тарихий юксак мақомини қайта тиклаш, Ватанимизни илм-фан марказларидан бирига айлантириш, шу орқали диёримизда навбатдаги ренессансни — уйғониш даврини юзага келтириш, халқимизни янада маърифатли, бахтли-саодатли кўришдир.
Мамлакатимизда буюк аждодларимиз руҳини шод қилиб, уларнинг қадамжолари обод этилаётгани, илмий-маънавий меросини кенг миқёсда ўрганиш, тадқиқ ва тарғиб этишга муҳим шароитлар яратилаётгани ҳаётимизни миллий қадриятлар асосига қуриш, юксак маънавиятли авлодни камолга етказиш, энг олий неъмат — тинчлик-тотувликни мустаҳкамлаш, дунёда тобора долзарб масалага айланиб бораётган терроризм, экстремизм, ақидапарастлик каби иллатларга қарши маърифат билан курашишга хизмат қилмоқда.
— Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ишларга жаҳон жамоатчилиги ҳамда халқаро экспертлар қандай баҳо бермоқда?
— Дунё аҳли бугун инсоният тараққиётида кескин бурилишлар рўй бераётган тарихий босқичда яшамоқда. Инсон онгу қалби учун кураш тобора шиддатли тус оляпти. Энг афсусланарлиси, кўплаб инсонлар умрига зомин бўлаётган терроризм, ақидапарастликни айрим ғаразли кучлар томонидан тинчлик ва инсонпарварлик дини бўлган исломга боғлаш орқали дунё мусулмонларига нисбатан салбий кайфиятни шакллантириш, исломофобияни кенг ёйишга ҳаракатлар кузатилмоқда. Бу эса жаҳоннинг турли минтақаларида этно-конфессионал зиддиятлар вужудга келиши, янгидан-янги низо ўчоқлари пайдо бўлишига сабаб бўлаётир.
Ана шундай мураккаб бир даврда Президентимиз ҳатто жаҳоннинг энг юксак минбарларидан туриб, халқаро терроризм ва экстремизмнинг илдизини жаҳолат ва муросасизлик ташкил этишини, шу боис одамлар, биринчи навбатда, ёшларнинг онгу тафаккурини маърифат асосида шакллантириш ва тарбиялаш энг муҳим вазифа эканини таъкидлаб келяптилар. Мазкур ёндашувни халқаро экспертлар, дунё жамоатчилиги юксак баҳолаяпти. Жумладан, Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида “Биз бутун жаҳон жамоатчилигига ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини етказишни энг муҳим вазифа, деб ҳисоблаймиз. Биз муқаддас динимизни азалий қадриятларимиз мужассамининг ифодаси сифатида беҳад қадрлаймиз. Биз муқаддас динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз. Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади”, деган сўзлари жаҳон бўйлаб кенг акс садо берди. Давлатимиз раҳбарининг БМТ Бош Ассамблеясининг “Маърифат ва диний бағрикенглик” деб номланган махсус резолюциясини қабул қилиш таклифи қўллаб-қувватланди ва қабул қилинди. Бу терроризм, экстремизм, зўравонлик, муросасизлик каби бугунги куннинг ўткир муаммоларига илм-маърифат, ўзгаларга адолатли ва бағрикенг ёндашув ҳамда тинчликпарвар сиёсат энг тўғри ечим эканини дунё жамоатчилиги тан олгани ва англаётгани ифодасидир.
Ўтган йиллар давомида Америка Қўшма Штатлари, Франция, Испания, Германия, Озарбайжон, Чеченистон, Миср Араб Республикаси, Саудия Арабистони, Россия Федерацияси, Бирлашган Араб Амирликлари, Туркия ва қўшни давлатларда хизмат сафарларида бўлганимизда мутасаддилар ҳамда халқаро ташкилотлар томонидан Ўзбекистонда диний эркинликлар, инсон ҳуқуқлари соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва ютуқлар алоҳида эътироф этилиб, юқори баҳоланди.
Мамлакатимизга ташриф буюраётган нуфузли меҳмонлар ҳам олиб бораётган ишларимизни кўриб, ўз мамнунликларини билдиряпти. Жумладан, Покистон давлати муфтийси Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳ Ўзбекистон заминига сафарлари чоғида “Мен ушбу заминни зиёрат қилиш тавсия этилган уч муқаддас жойдан — Масжиди ҳарам, Масжиди Набавий ва Ақсо масжидидан кейинги ўринга қўяман. Бу юртни кўриш орзу эди. Йигирма етти йил аввал Ўзбекистонга келган эдим. Ўшанда фақат Самарқандни зиёрат қилишга имкон бўлган. Бу гал Бухоро, Самарқанд, Қашқадарё, Сурхондарё ва Тошкент ерларидаги табаррук жойларни зиёрат қилишга Ҳақ таоло муваффақ қилди. Аввалги ташрифим билан бу сафарим орасида жуда катта фарқ бор. Ўтган вақт мобайнида Ўзбекистон моддий ва маънавий жабҳада улкан юксалишларга эришибди”, деганлари катта эътирофдир.
Шунингдек, Миср Араб Республикаси Бош имоми, “Ал-Азҳар” диний мажмуаси раҳбари, шайх Аҳмад Муҳаммад Тоййиб ҳазратлари ҳам юртимиздаги ўзгаришлар ҳақида шундай илиқ сўзларни билдирган эди. Бундан ташқари, МДҲ мамлакатлари муфтийларининг эътирофларини оммавий ахборот воситалари орқали доимо кузатиб турибмиз.
— Куни кеча Саудия Арабистонида ўтказилган Ислом олами уюшмасининг 44-қурултойида иштирок этиб, нутқ сўзладингиз. Ушбу нуфузли йиғилишда қандай масалалар муҳокама қилинди?
— Ислом олами уюшмаси бош котиби, доктор Муҳаммад Абулкарим Ийсо таклифига биноан ушбу нуфузли тадбирда қатнашдик. Маккаи Мукаррама шаҳрида ўтказилган йиғилишда дунёнинг турли мамлакатларидан келган таниқли уламолар, машҳур муфтийлар, профессор-олимлар, етук экспертлар, давлат ва дин арбоблари ҳамда халқаро исломий ташкилотлар етакчилари иштирок этди.
Йиғилишда айрим мамлакатлардаги можаролар, турли минтақалардаги мусулмон озчиликка қарши зўравонликларга барҳам бериш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, дунё давлатларида тинчлик-осойишталикни таъминлаш, бузғунчиликнинг ҳар қандай кўринишига қарши курашиш ва халқларнинг осуда ҳаётига рахна солувчи қора кучларнинг хатти-ҳаракатларига чек қўйишга чақирилди. Ислом қадриятлари ва анъаналарини сақлаб қолиш, уларни ёш авлодга сингдириш, фаровонликка эришиш учун халқлар ўртасидаги биродарлик ришталарини янада мустаҳкамлаш зарурлиги қайд қилинди.
Дарҳақиқат, бугун ислом дунёси тобора ўсиб бораётган хавф ва жиддий таҳдидларга дуч келмоқда. Ёвуз кучлар, юқорида таъкидлаганимиздек, исломнинг суратини бузиб кўрсатиш, унинг покиза номини қора қилишга уринмоқда. Ёшларни алдаб, бузғунчи ғоялар ва ахлоқсиз маданиятга эргаштириш ҳаракатлари кўпаймоқда. Шубҳасиз, бу муаммоларнинг ечими — ислом дини қадриятларини тўғри татбиқ этиш, покиза суннатга эргашиш, динга кўр-кўрона ва мутаассибона ёндашишдан сақланишдир.
Йиғилишда сайёрамизнинг барча ҳудудида тинчлик ва хавфсизлик ўрнатилиши, мусулмонларнинг ўзаро бирдам ва иноқ бўлишлари йўлида қатъий ва собит туриш лозимлиги алоҳида қайд этилди. Биз ҳам муҳокама этилган мавзулар юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларимизни билдирдик. Ўзбекистонда диний соҳада олиб борилаётган ишлар, ёшларга қаратилаётган эътибор ҳақида сўзлаб бердик. Фикр ва мулоҳазаларимизни анжуман қатнашчилари жуда илиқлик билан қарши олди. Айтиш керакки, Ўзбекистон делегациясининг бу каби нуфузли анжуманларда қатнашиши мамлакатимизнинг жаҳондаги мавқеи тобора мустаҳкамланиб бораётганидан далолатдир.