بِسۡمِ ٱللَّهِ ٱلرَّحۡمَٰنِ ٱلرَّحِيمِ
يَا بُنَيَّ أَقِمِ الصَّلَاةَ وَأْمُرْ بِالْمَعْرُوفِ وَانْهَ عَنِ الْمُنكَرِ وَاصْبِرْ عَلَىٰ مَا أَصَابَكَ ۖ إِنَّ ذَٰلِكَ مِنْ عَزْمِ الْأُمُورِ
وَلَا تُصَعِّرْ خَدَّكَ لِلنَّاسِ وَلَا تَمْشِ فِي الْأَرْضِ مَرَحًا ۖ إِنَّ اللَّهَ لَا يُحِبُّ كُلَّ مُخْتَالٍ فَخُورٍ
“Эй ўғилчам, намозни тўкис адо қил, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтар ва ўзингга етган мусибатга сабр қил. Албатта, булар азм этилажак ишлардандир.
Одамлардан такаббурла юз ўгирма ва ер юзида кибр-ҳаво ила юрма. Албатта, Аллоҳ ҳеч бир мутакаббир ва мақтанчоқни севмас” (Луқмон сураси: 17-18-оятлар).
Ушбу оятларда Луқмони ҳакимнинг фарзандига қилган васиятлари келтирилган.
“Эй ўғилчам, намозни тўкис адо қил” яъни намозни ўз чегаралари, фарзлари ва вақтлари билан тўлиқ қоим қил. “яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтар”, яъни куч-тоқатингга қарата одамларни Аллоҳ рози бўладиган ишларга буюриб, ёмон ишларни кўрсанг қайтар. “Ўзингга етган мусибатга сабр қил”, яъни яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарган вақтда одамлардан азият етиши аниқ, шунда сабр ҳам қил. “Албатта, булар азм этилажак ишлардандир”, яъни одамларнинг азиятига сабр қилиш мақсадга мувофиқ бўлган ишлардандир. Оятдаги отанинг фарзандига қилган васиятидан кўриниб турибдики, инсон аввало ўз оила аҳлига Аллоҳ таолонинг амрларини етказиши, уларнинг тарбиясини мукаммал қилишдаги энг муҳим омиллардан экан.
“Одамлардан такаббурла юз ўгирма”, яъни сен билан одамлар гаплашганида улардан юзингни менсимасдан угириб кетма. Улар қай ҳолатда бўлмасин хушмуомала бўл. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу борада: “Яхши амаллардан ҳеч қандай бир нарсани (ҳар қанча кичкина амал бўлса ҳам) паст санаманг, биродарингизга очиқ чеҳра билан юзланиб сўзлашингизни (тавсия этаман). Албатта, бу ҳам эзгулик амалларидан. Шалварингизни болдирингизнинг ярмигача кўтариб олинг, бунга кўнмасангиз (ҳеч бўлмаганда) икки тўпиққача (кўтариб олинг). Шалварни тўпиқдан пастга тушадиган тарзда осилтириб юрманг! Зеро, бу кибрланишга киради. Албатта, Аллоҳ кибрни (бандалари мутакаббирлик қилишини) ёқтирмайди…” деганлар (Абу Довуд ривояти).
“Ва ер юзида кибр-ҳаво ила юрма” кибрли, жабр қилувчи ва ўжар бўлиб юрма, Аллоҳ сенга ғазаб қилади. Шунинг учун Аллоҳ таоло: “Албатта, Аллоҳ ҳеч бир мутакаббир ва мақтанчоқни севмас” деди. Яъни ўзини қойил қолдирадиган, бошқага фахрланадиганларни ёқтирмайди.
Луқмони ҳакимнинг ўғлига қилган васиятини Аллоҳ таоло Қуръони каримда зикр қилдики, демак, бу барча инсониятга қилинган васият ҳисобланади. Аввало ҳар бир инсон қалбининг софлигига эътибор қаратиши лозим. Қалб худди подшоҳ каби бўлади. Инсон қалби буюрган нарса орқали савоб ёки гуноҳга эга бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Баданда (жасадда) шундай бир қисм борки агар у тўғри (соғ) бўлса, бутун бадан (жасад) тўғри (соғ) бўлади, агар у бузилса (касал бўлса), бутун бадан (жасад) ҳам бузилади (касал бўлади). У нарса – Қалбдир”, дедилар (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Агар қалбни Аллоҳга бўлган муҳаббат, ҳақиқат тўлдирса, у ҳолда у қалбни содиқлик, тўғри сўзлик ҳам тўлдиради. Аммо агар шаҳват қалбни тўлдирса, у ҳолда у қалбда бузғунчиликка, мунофиқликка йўл очилади ва натижада инсон қалбида бўлмаган нарсани айтадиган бўлиб қолади.
Соф, тоза қалб ширк, мутакаббирлик, ҳасад, дунёга муҳаббат, шаҳват ва бидъатдан пок бўлади. Бундай қалб Қуръони каримда “тоза қалб” деб айтилган. Аллоҳ таоло: “У кунда на мол манфаат берар ва на болалар, Магар ким Аллоҳ ҳузурига тоза қалб ила келар, (ўша манфаат топар)” деди (Шуъаро сураси: 88-89). “У кун”дан мурод Қиёмат кунидир. Қалби пок инсон кибрдан ва кибрга тортиб кетадиган нарсалардан узоқ бўлади.
Расулуллоҳ алайҳиссалом саккиз тоифа кишининг қиёмат куни Аллоҳ таоло махлуқлари ичида энг ёмон ҳисобланиши ва азобга қолишини таъкидлаганлар. Улар: ёлғончилар, мутакаббирлар, қалбларида мўмин биродарларига нисбатан адоват сақлаган ҳолда уларни кўрганларида мулозамат қилувчи кимсалар, Аллоҳ ва расулининг даъватини секин, шайтоннинг буйруғини эса тез бажарувчилар, ноҳақ бўлсин қасам ичиб, дунёдан тама қиладиган кишилар, чақимчилар, дўст-биродар кишиларни бир-биридан айиришга ҳаракат қилиб юрувчилар, гуноҳсиз одамларга ноҳақ бўҳтон қилувчилар. Шундай тоифадаги одамлардан бўлиб қолишдан сақланишимиз жамиятда тинч тотувлик, оилаларимиз хотиржамлиги, ёш авлод тарбияси ва одамларнинг хотиржамлигига, охиратда эса, Аллоҳнинг розилигига сабаб бўлади. Келтирилган оят ва ҳадислардан ибрат олиб, ҳаётга татбиқ қилиб, фарзандларимизни яхшиликка ундаб, ёмонликдан қайтариб, покиза зурриёт тарбиялашга ҳаракат қилайлик.