Home / ЯНГИЛИКЛАР / Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан янги китоблар тақдимоти ўтказилди

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан янги китоблар тақдимоти ўтказилди

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан “Самарқандлик алломалар”, “Алоуддин ал-Усмандий ас-Самарқандий”, “Имом Бухорий — муҳаддислар султони”, “Имом Бухорий мажмуаси” китоб альбоми ва “Иброҳим Саффор Бухорий” китоблари тақдимоти ўтказилди.

Унда исломшунос ва шарқшунос олимлар, соҳа мутахассислари, илмий тадқиқотчилар ва талабалар қатнашди.

Сўзга чиққанлар Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази буюк ватандошимиз, ҳадис илмининг султони Имом Бухорий ҳамда юртимиздан етишиб чиққан бошқа улуғ алломалар мероси, уларнинг жаҳон цивилизацияси, илм-фан тараққиёти ривожига қўшган бебаҳо ҳиссасини чуқур тадқиқ этишда муҳим ўрин тутаётганини таъкидладилар.

Марказ илмий ходимлари томонидан кейинги икки йил давомида 50 га яқин номдаги диний-маърифий, тарихий, маънавий-маърифий мавзулардаги китоб, рисола ва плакатлар нашр этилди. “Жаҳолатга қарши — маърифат” ва “Ўзбекистон буюк алломлар юрти” рукни остида 30 та китоб нашрга тайёрланди.

— Китоблар маънавий хазинадир, — дейди Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори ўринбосари Шукурилло Умаров. — Ушбу асарлар маърифий исломнинг асл инсонпарварлик тамойилларини тарғиб этиш, халқимиз, айниқса, ёшларимизни буюк аллома ва мутафаккирларимиз ҳаёти, илмий мероси билан яқиндан таништиришда муҳим аҳамият касб этади. Шу билан бирга, уларда она Ватанга ҳурмат, миллий қадрият, урф-одат ва анъаналаримизга садоқат туйғуларни шакллантиришда асқатади.

Манба: xs.uz

Check Also

Мағрур ҳилпирайвер, юртим байроғи!

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида 18 ноябрь куни ходимлар иштирокида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул …