Home / МАҚОЛАЛАР / Илмнинг фазилати

Илмнинг фазилати

Ислом дини илм-маърифатга тарғиб қилувчи диндир. Илм деганда диний илмлар билан бир қаторда дунёвий илмлар ҳам назарда тутилади. Диний илмлар ҳам, дунёвий илмлар ҳам Аллоҳнинг илми бўлиб, уларни бир биридан ажратиш мумкин эмас. Ислом дини шаръий илмларни ўрганишга буюрганидек дунёвий илмларни таълим олишга ҳам тарғиб қилади.

Ҳар бир мусулмон зиммасида асосан иккита иш – илм ва амал фарздир. Илмдан мурод – дин ишларида ўзи учун зарурий бўлган нарсаларни ўрганмоғи бўлиб, иймон ва эътиқодини тузатадиган, амалларини ислоҳ қиладиган нарсаларни таълим олиши фарз бўлади.

Шу қадар илмга эга бўлиш ҳар бир мусулмон эркак ва аёл зиммасида фарз бўлиб, уни тарк қилиш билан ҳеч ким – ким бўлишидан қатъий назар – узрли саналмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Илм талаб қилиш ҳар бир мусулмонга фарздир” деган сўзлари ҳам дин ишларидан ана шу зарурий миқдорни ўрганишга ишора қилади.

Илм талаб қилиш ибодатларнинг энг афзалларидан бўлиб, жаннатга кириш сабабларининг энг катталаридан ҳисобланади. Чунки инсон илм билан Аллоҳни, Унинг буйруқларини, қайтарган нарсаларини ва диннинг асосларини ўрганиб боради.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким илм талаб қилиш йўлига тушса, Аллоҳ унга жаннатнинг йўлини енгиллаштиради”, дедилар”[1].

Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Ким илм талаб қилиб, йўл юрса, Аллоҳ таоло унга жаннатга борадиган йўлини енгил қилиб қўяди. Фаришталар толиби илмнинг қилаётган амалидан рози бўлиб, қанотларини ёйиб туришади. Олим кишига ҳамма нарса, ҳаттоки, сувдаги балиқлар ҳам истиғфор айтиб туради. Олим кишининг обид, яъни илми йўғу, лекин доимий ибодатдаги – одамдан фазли, Ойнинг бошқа юлдузлардан ортиқлигига ўхшайди. Албатта, олимлар пайғамбарларнинг меросхўридир, пайғамбарлар дийнор, дирҳамларни мерос қилиб ташлаб кетмаган, балки илмни қолдирганлар, кимики уни олган бўлса насибасини тўлиқ олибди”[2].

Илм Ҳақ билан ботилни бир-биридан ажратишга катта энг муҳим воситасидир. Инсоннинг яратилиш ғояси Аллоҳни таниш, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга уммат бўлиб, динимиз кўрсатмаларига амал қилишдир.

Аллоҳ таоло илмни қиёматгача бандалар учун Аллоҳ маърифатига эришиш, ҳақиқатни топиш, икки дунё саодатига етишиш воситаси қилди. Илмсизлик, жаҳолат эса инсониятни тубанликка, ҳалокатга олиб боришини билдирди. Инсонларни илм олишга ва бу орқали Парвардигорларини танишга буюрди.

Али розияллоҳу анҳу айтадилар: “Илм мол-дунёдан яхшидир. Илм сени сақлайди. Мол-дунёни эса сен сақлайсан. Илм ҳукм қилувчидир, молнинг устидан эса ҳукм қилинади. Мол йиғувчилар ўтиб кетдилар. Илм тўплагувчилар эса боқий қоладилар. Ўзлари орамизда йўқ бўлсалар-да, шахслари қалбларда мавжуддир” (Адабу-дунё вад-дин).

Илм битмас-туганмас бир хазинадир. Илм нафақат уни ўрганаётган кишига, балки бошқа инсонларга, ҳатто борлиқдаги ҳамма жонзотларга ҳам фойда келтиради.

Илмнинг кўпайиши инсонларга юк бўлмайди, балки унинг мартабасини янада юксалтирадиган бир фазилатдир. Инсон илмининг кўпайиши билан, унинг мартабаси ҳам кўтарилиб боради. Ислом дини илм ва илм эгаларини улуғ мақомларга кўтаради.

“…Аллоҳ сизлардан иймон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража-мартабаларга кўтарур…”[3].

Ушбу оятдан ҳам кўриниб турибдики, илмли кишиларнинг мартабаси Аллоҳ таолонинг назарида юксакдир. Албатта, даражаларни кўтариш улуғ фазлу марҳаматга далолат қилади ва дунёда олий мартаба, шон-шуҳрат каби маънавий юксакликни ҳамда жаннатдаги олий мартаба каби ҳиссий юксакликни ўз ичига олади.

Илмли киши илмсиз кишидан даражаси юксак бўлади. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Айтинг биладиган зотлар билан билмайдиган зотлар баробар бўладими?”[4].

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу шундай деганлар: “Аллоҳ таоло Сулаймон алайҳиссаломга илм, мол-дунё ва подшоҳликдан бирини танлашликка буюрганда, у зот илмни танладилар. Натижада, илм туфайли мол-дунё ва подшоҳликка ҳам эришдилар”.

Али розияллоҳу анҳу: “Илм мол-дунёдан кўра яхшироқдир. Чунки, илминг сени асрайди, мол-дунёни эса сен асрашинг керак бўлади. Мол-дунё сарф қилинса камаяди, илм эса ўзгаларга ўргатиш билан яна зиёда бўлаверади”, дедилар.

Муовия розияллоҳу анҳу ривоят қилган, муттафақун алайҳ ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло кимга яхшиликни хоҳласа, уни динда фақиҳ – олим қилиб қўяди”, дедилар.

Инсон илмининг кўпайиши билан унинг тавозеси ҳам ортиб боради. Ташвиш ва чигалликлардан қутулади. Ҳақиқатни англаб етади ва шу йўлда яхши инсон бўлишга ҳаракат қилади. Аллоҳ яхши танишини билан, У Зотдан кўпроқ қўрқадиган бўлади. Аллоҳдан қўрқишлик гуноҳлардан узоқ қилади ва У Зот билан бўладиган учрашувга тайёр туришга чорлайди. Илм Аллоҳдан қўрқишга чақиради. Аллоҳдан қўрқадиган кишилар ҳақида шундай марҳамат қилади: “…Аллоҳдан бандалари орасидаги олим-билимдонларгина қўрқур[5].

Бу оятда Аллоҳ таоло Ўзидан қўрқишликнинг энг юқори табақасига илм орқали эришилишига ишорат қилмоқда.

Илмга ҳаракат қилиш билан бирга, илмнинг кўпайиши учун Аллоҳ таолодан дуо қилиб сўраш керак. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни Аллоҳга дуо-илтижо қилиб, илмларини зиёда қилишини сўрашга буюрди. Илмнинг фазилатига ва уни доимо зиёда қилишга қуйидаги оят далил бўлади: “Айтинг, (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Роббим, илмимни зиёда қилгин”[6].

Мазкур ояти карима илмнинг фазилати ва қадри баланд эканини билдиради. Чунки, Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга илмдан бошқа ҳеч нарсани кўпайтиришни буюрмаган. Фақат илмнигина чекловсиз кўпайтириб боришни буюрган.

Мусулмон киши динидан бирон нарсани ўқиб-ўрганса, уни татбиқ қилишга шошилиши лозим бўлади. Асҳоби киром розияллоҳу анҳум ана шундай қилардилар. Қачон беш ё ўн оят нозил бўлса, дарҳол улардаги нарсаларни ўрганиш ва амал қилишга шошилардилар.

Илм ва амал томонга йўл олган экансиз, билингки, ўқиб-ўрганиш ва иймон келтириш лозим бўлган нарсалар бор, ўқиб-ўрганиш ва амал қилиш лозим бўлган нарсалар бор.

Инсон диний ва дунёвий илмларни тўғри ва чуқур англаб етган кишининг икки дунёси ҳам обод қилади.

Олим Жўраев
Нашрлар бўлими катта илмий ходими

 

Муслим, Абу Довуд ва Термизийлар ривоят қилишган.

[2] Абу Ийсо Муҳаммад Термизий. Жомеъ ат-Термизий. – Риёз. Дору-с-салам, 1999. 2682-ҳадис.

[3] “Мужодала” сураси, 11-оят мазмуни.

[4] “Зумар” сураси, 9-оят мазмуни.

[5] “Фотир” сураси, 28-оят мазмуни.

[6]  “Тоҳо” сураси, 114-оят мазмуни.

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …