Юртдошларимизнинг диний саволларига жавоб бериш мақсадида Ўзбекистон Мусулмонлари идораси томонидан ибодатга доир шаръий масалаларга телефон орқали жавоб бериш тизими йўлга қўйилди.
Эндиликда мўмин-мусулмонларимиз бу борада ўз саволларига ушбу Колл-марказ орқали жавоб олишлари мумкин.
Колл-марказнинг иш тартиби душанба кунидан шанба кунигача, соат 9:00 дан 17:00 гача давом этади (ибодат вақтлари истисно қилинади, дам олиш куни якшанба).
Ушбу 78-150-33-44 телефон рақамлари орқали Колл-марказга қўнғироқ қилинади ва фатво бўйича малакали мутахассислардан жавоб олинади.
Дарҳақиқат, ислом илм-маърифат динидир. Инсон ўзи билмаган нарсасини сўраб ўрганиши керак. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Агар билмайдиган бўлсангиз, зикр аҳлларидан сўрангиз!”, деб буюрган (Наҳл, 43).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Билимсизликнинг давоси саволдир”, дея баён қилганлар (Имом Абу Довуд ривояти).
Машҳур тобеин Муҳаммад ибн Сийрин раҳимаҳуллоҳ эса шундай деганлар: «Шаръий илм дин демакдир. Динингизни кимдан олаётганингизга эътибор қаратинг!».
Аллоҳ таоло ушбу лойиҳани барчамизга муборак айласин.