Home / МАҚОЛАЛАР / Тафсир илмининг ёзилиш тарихи

Тафсир илмининг ёзилиш тарихи

Тафсир илми исломнинг аввалида барча дин илмлари сингари оғиздан оғизга ўтиш орқали ўрганилган. Ҳадислар саҳоба ва тобиъийнлар орасида бир-бирига оғзаки ўтгани сингари, тафсир ҳам шу тахлид нақл қилинган.

Ислом илмларининг ёзилиши том маънода ҳижрий иккинчи асрдан бошланган бўлсада, ундан олдин айрим саҳоба ва тобиъийнлар ўзлари мустақил равишда ҳадисларни ёзиб юрганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари Абдуллоҳ ибн Амир ибн Ос, Анас ибн Молик, Сумра ибн Жундаб сингари саҳобаларга Қуръондан бошқа динга оид бўлган нарсаларни ёзишга рухсат берганлар. Пайғамбаримизнинг вафотларидан кейин баъзи саҳобалар, жумладан, Абдуллоҳ ибн Аббос саҳобалар ичида юриб, сўраб билган ҳадисларини ёзиб қўйганлар.

Шунинг баробарида, айрим саҳоба ва тобиъийнлар ҳадисларни ёзгани каби, Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан Саид ибн Жубайр, Арбида Тамимий, Мужоҳид сингари тобиъийнлар Қуръон тафсирларини ҳам ёзиб олгани нақл қилинган.

Манбаларда тафсирни биринчилардан бўлиб дафтар ва ёғоч лавҳларга ёзган шахс сифатида Мужоҳид ибн Жабр (ваф. 101 ҳ.й.) кўрсатилади. Ибн Абу Мулайка бу ҳақда шундай деган: “Мужоҳиднинг ибн Аббосдан Қуръон тафсири ҳақида сўраётганини кўрдим. У билан бирга лавҳлар бор эди. Ибн Аббос унга “Ёз”, дер эди. Ҳаттоки тафсирнинг ҳаммаси ҳақида сўраб олди”.

Ибн Ҳажар Асқалоний “Тазҳибут тазҳиб” асарида Ато ибн Дийнор Мисрийнинг (ваф. 126 ҳ.й.) таржимаи ҳолида унинг Саид ибн Жубайрдан (ваф. 95 ҳ.й.) тафсир ривоят қилганини ёзиб: “Аслида, Ато ибн Дийнорнинг Саид ибн Жубайрдан ҳадис ёки тафсир эшитганига далолат қилувчи бирор бир далил йўқ. Унинг ибн Жубайрдан ривоят қилганини қуйидагича изоҳлаш мумкин: Халифа Абдулмалик ибн Марвон Саиддан Қуръон тафсирини ёзиб беришни сўраган. Саид эса унга ушбу тафсирни ёзиб беради. Ато ибн Дийнор эса уни халифанинг девонхонасидан топган ва уни ривоят қилган”.

Юқоридаги маълумотлар тафсир илмини ҳижрий биринчи асрдаёқ ёзишга киришилганига далолат қилади.

Ҳижрий биринчи асрнинг охири ва иккинчи аср бошларига келиб “ёзув” даври бошланди. Бу давр уламолари Пайғамбар алайҳиссаломдан ривоят қилинган ҳадисларни тўплаб, ёзишга киришдилар. Тафсир илми ҳам ушбу даврда ҳадис китобларининг бир боби сифатида ёзила бошланди. Ҳадис китобларида “таҳорат боби”, “намоз боби”, сингари “тафсир боби” ҳам киритилиб, оятлар тафсирига оид ҳадислар ёзилиб борилар эди. Масалан, Имом Бухорийнинг “Саҳиҳул Бухорий” асарини кўп жиҳатдан тафсирга алоқадор китоб дейиш мумкин. У тафсирга доир кўплаб бобларни ўз ичига олган. “Ваҳийнинг бошланиши китоби”, “Қуръон ва суннатга маҳкам боғланиш китоби”, “Тафсир китоби”, “Қуръон фазилатлари китоби” каби китоб ичидаги китоблар бевосита уни тафсир илми билан чамбарчас боғлайди.

Ушбу муҳаддислар ичидан айримлари Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан, саҳоба ва тобиъийнлар розияллоҳу анҳумдан қилинган тафсирга доир ривоятларни тўплашга алоҳида эътибор қаратдилар. Уларнинг аввалида Язид ибн Ҳорун (ваф. 117 ҳ.й.), Шўъба ибн Ҳажжож (ваф. 160 ҳ.й.) Вакиъ ибн Жарроҳ (ваф. 197 ҳ.й.), Суфён ибн Уяйнани (ваф. 197 ҳ.й.) келтириш мумкин. Лекин улар ёзган тафсирларнинг бирор бир қисми ҳам бизнинг давргача сақланиб қолмаган. Улар ҳақида “маъсур”[1] услубида ёзилган тафсирлар маълумот беради.

Манбаларда тафсир илмига кенг эътибор қаратиб, оятлар маънолари ёнига бошқа маъноларни қўшган, хусусан, Қуръон одоблари, луғатга доир жиҳатларга эътибор қаратиб, ижтиҳод қилган шахс сифатида Абу Закариё Яҳё ибн Зиёд Фарро (ваф. 207ҳ.й.) зикр этилган.  Унинг тафсири Қуръонга оятма-оят мурожаат этилган, мусҳафнинг тартиби асосида кетма-кетлик йўли билан тафсир қилинган биринчи китобдир. Тафсир “Маъанул Қуръон” (Қуръон маънолари) деб номланган ва бугунги кунимизгача етиб келган. Тафсир устида кўплаб тадқиқотлар олиб борилган.

Юқорида зикр этилган табақадан кейинги даврда муфассир сифатида алоҳида ажралиб чиқишлар бошланди. Улар ҳадислардан ажратиб, алоҳида тафсир китобларини ёза бошладилар. Ибн Можа (ваф. 273 ҳ.й.), Ибн Жарир Табарий (ваф. 310 ҳ.й.), Абу Бакр ибн Мунзир (ваф. 318 ҳ.й.), Ибн Абу Ҳотим (ваф. 327 ҳ.й.), Абу Шайх ибн Ҳиббон (ваф. 369 ҳ.й.) каби уламолар уларнинг пешқадамларидир.

Бу тафсирлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга, саҳобалар, тобиъийн ва табаъа тобиъийнларга санади етадиган ривоятлар асосида ёзилган.

Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, тафсир илми ҳижрий биринчи асрдаёқ ёзила бошланган. Гарчи буни том маънодаги тафсир илмини ёзишга киришиш дейилмасада, буюк ишнинг дебочаси шунинг билан бўлган. Ушбу даврдан бошланган тафсир илми китобати бугунги кунимизгача давом этяпти. Нафақат араб тили, балки дунёнинг турли тилларида тафсирлар ёзилмоқда.

У.Муҳаммадиев
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Қуръоншунослик шўъбаси раҳбари

[1] Тафсири маъсур деганда, бирор оятнинг маъносини бошқа оят ёки Пайғамбар  соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари билан, саҳобий ёки тобиийдан нақл қилинган сўз билан баён этишни тушунилади.

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …