Исломий илмлар Аллоҳнинг каломи ‒ Қуръони каримга асосланган ва у билан бевосита боғлиқ илмлардир. Маълумки, тафсир, ҳадис, фиқҳ, калом ва бошқа илмлар исломий илмлар сирасига киради. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида ушбу илмлар умумий кўринишда бўлган. Кейинги даврларда эса алоҳида фан сифатида тармоқларга ажрала бошлаган.
Ушбу илмлар орасида тафсир илми Қуръони каримнинг сура ва оятларидаги илоҳий мазмун-моҳиятларни одамлар тушуниши учун шарҳлаб берувчи илмдир. Чунки Қуръони карим илоҳий китобдир. Уни тушуниш учун жуда катта илм талаб этилади. Шунинг учун муфассирлар сура ва оятларнинг ҳақиқий маъноларини шарҳлаб тушунтириб беришга қаттиқ жидду-жаҳд қилганлар.
Қуръони каримни ўрганадиган фанлар, илмлардан ташқари, пайғамбаримиз ҳадисларини ҳар томонлама чуқур ўрганиш муносабати билан ҳадис илми пайдо бўлди. Пайғамбаримиз вафотларидан сўнг турли хил тўқима ҳадислар пайдо бўлиши сабабли, муҳаддислар саҳиҳ ҳадисларни тўплашга ҳаракат қилганлар. Ҳадисларнинг ровийларига қаттиқ эътибор қаратиб, уларни ҳақиқатдан ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб боришини текширганлар.
Яна бир муҳим илмлардан бири калом илмидир. Калом илми деб, диний ақидалар ва уларнинг усулларини ақлий ва нақлий далиллар асосида талқин қилиб, улар ичидаги ҳар қандай шубҳали, бир томонлама қарашларга барҳам берадиган илмга айтилади. Бошқача айтганда, бу илм ислом фалсафаси, ақидавий масалаларни ўрганади.
Юқорида келтирилган исломий илмлар ичида фиқҳ илми алоҳида аҳамиятга эга бўлган илмдир.
Фиқҳ илмини талқин қилганимизда, уни ислом, шариат қонуншунослиги, юриспруденцияси деб, аташ мумкин[1].
“Фиқҳ” сўзи луғатда дақиқ фаҳмни, яъни бир нарсани нозик жойларигача тушунишни англатади.
Шариат истилоҳида фиқҳ – Аллоҳ таоло ўз пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам орқали нозил қилган шариатни теран фаҳмлаш маъносини билдиради.
Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ: “Фиқҳ нафсга нима фойда ва нима зарарлигини билиш” ‒ деб тариф беради.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан сўнг мусулмонларнинг улуғ имомлари бу асосий қонунлардан фойдаланиш мусулмон оммасига осон бўлиши учун Қуръон ва суннатнинг ҳукмларига асосланиб исломнинг тафсилий қонунларини тузишган. Қуръон ва суннатнинг ҳукмларидан олинган мана шу қонунлар “фиқҳ” деб аталган[2].
Фиқҳнинг тарихига назар солсак, Исломнинг аввалги даврида тафсир, ҳадис, усулул фиқҳ ва бошқа илмлар каби фиқҳ илми ҳам алоҳида илм шаклида ажралиб чиқмаган эди. У алоҳида илм сифатида халифалик қарор топиши билан дарҳол таркиб топган эмас. VIII асрнинг I-ярмигача умуман халифаликнинг ижтимоий меъёрлари тизими ислом қоидалари билан белгиланмас, балки асосан исломдан аввал мавжуд бўлган ва янги тарихий шароитга амал қилиб турган нормалардан иборат эди. Фиқҳни шакллантиришни бир томондан, амал қилиб турган ҳуқуқ ва бошқа ижтимоий меьёрларни диний ақидаларга мослаштириш зарурлиги ва иккинчи томондан, илк мулкдорлар жамиятининг эндигина вужудга келган муносабатларини моҳият эътибори билан исломнинг диний-ахлоқий таълимотига асосланган қоидалар негизида тартибга солиш эҳтиёжлари тақозо қилар эди. Тахминан X асрларга келиб, фиқҳ илми “Илму фуруъ” (яъни кишилар хулқини тартибга солиб турувчи)га айланди.
Фиқҳда ибодат ва муомалот (ижтимоий) масалаларида учрайдиган ҳар қандай саволларга ечим топишда Қуръон ва Суннага таянилади. Бундай асос ҳақиқатлиги ижмога эга бўлиши керак. Бу борада Расулуллоҳдан қуйидаги ҳадис ворид бўлган: “Ҳазрати Али Расулуллоҳдан “Қуръони карим ва ҳадиси шарифда ҳукми бўлмаган бирон иш содир бўлса нима қиламиз?” деб сўраганларида у зот: “Мўминлардан бўлган олимларни тўплаб, ўзаро маслаҳат қилинглар, бундай ишда бир кишининг фикри билан ҳукм чиқарманглар” деганлар.
Кейинги навбатта қиёсга таянилади. Қиёс ‒ ҳукми ворид бўлмаган масалани Қуръон ва ҳадисда шунга ўхшаш ва ҳукми келган нарсага қиёслаб фатво чиқаришдир. Айтиб ўтилган ана шу 4 манба ‒ Қуръон, суннат, ижмо ва қиёс фиқҳнинг асосини ташкил қилади.
Шундай қилиб, қиёслаш орқали ва юқорида айтилганлар билан бирга янги бир фан усулул фиқҳ, яъни мусулмон ҳуқуқшунослиги вужудга келди.
Фақиҳларимиз суянадиган масдарлардан яна урф, масолиҳул мурсала[3], шаръу ман қаблана шаръун лана каби баъзи манбалар ҳам бор. Улар мазкур тўртта асосий ва қолган ёрдамчи манбаларга суянган ҳолда кўп масалаларни ҳал қилганлар[4].
Фиқҳ шаклланишининг илк босқичидаёқ икки мактаб юзага келган эди. Улардан бири Ироқ мактаби ‒ “асҳоб ар-раьй” (мустақил фикрлаш тарафдорлари), иккинчиси, Мадина мактаби ‒ “асҳоб ал-ҳадис” (нақл тарафдорлари) деб аталган.
Хулоса тариқасида шуни айтиш мумкинки, тафсир илми Қуръони карим илмидир, ҳадис илми фақат ҳадисларга оид масалаларни ўз ичига олади. Аммо фиқҳ илми эса ҳам тафсир илмидан, ҳам ҳадис илмидан кенг файдаланиб, уларни асосий манба қилиб олиб, ибодат ва муомалот масалаларидаги саволларга жавоб беради. Фиқҳнинг ана шу манбаларга таяниши унинг ўзига хос илм эканлигини намоён қилади. Улардан бош манба сифатида фойдаланилиб, улар асосида ҳукм чиқарилади.