Аввал хабар берганимиздек, 7-8 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида ўтказилган Ислом ҳамкорлик ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссиясининг олтинчи семинари иштирокчилари куни кеча Самарқанднинг диққатга сазовор жойларига, муқаддас қадамжо ва зиёратгоҳларига саёҳат қилди.
Форум иштирокчилари Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида ҳам бўлди.
Марказ фаолияти билан яқиндан танишган Ислом ҳамкорлик ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссиясининг Тадқиқот, сиёсат ва режалаштириш бўлими бошлиғи доктор Сақлаин Жавед ўз таассуротларини ёзиб қолдирди.
Унда бундай дейилади:
– Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси аъзоси сифатида анжуманнинг барча иштирокчилари номидан ташкилотчиларга ажойиб меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдираман!
Ушбу Марказ Мовароуннаҳрдан етишиб чиққан алломаларнинг бой маданий меросини ўрганиш, илм-фан тараққиётига қўшган ҳиссасини кенг тарғиб қилиш учун ажойиб жой.
Бу ердаги тарихий қўлёзмалар диққатга сазовордир. Марказда уларни асл ҳолича сақлаш бўйича амалга оширилган ишлар бизни лол қолдирди.
Замонавий услубда ишланган, тарихий манзарани акс эттирадиган санъат дурдонаси бўлган Имом Бухорийнинг ҳаёт йўли ва фолиятига оид деворий расмлар ҳамманинг диққат-эътиборини тортади.
Марказ ходимларининг келгуси фаолиятига муваффақият тилаймиз ва уларнинг ҳаққига дуо қиламиз.
Иншоаллоҳ, бу ерга яна келамиз.
Марказ номини бутун дунёга танитишга ҳисса қўшаман, деган ниятдаман.
Бир Покистонлик сифатида, шундай азиз масканга келганимдан жуда хурсандман. Ушбу марказнинг фаолияти янада кенгайишига тилакдошман!