Home / ЯНГИЛИКЛАР / Акмал Саидов: «Ўзбекистоннинг Ислом ҳамкорлик ташкилоти билан алоқалари фаоллашди»

Акмал Саидов: «Ўзбекистоннинг Ислом ҳамкорлик ташкилоти билан алоқалари фаоллашди»

Мамлакатимиз йирик халқаро анжуман арафасида турибди. Жорий йил 7-8 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида Ислом ҳамкорлик ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссиясининг «Тинчликсевар, демократик жамиятлар барпо этиш ва барқарор ривожланиш йўлида ёшлар ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилишнинг аҳамияти» мавзусидаги йиллик 6-семинари бўлиб ўтади.

Мазкур нуфузли халқаро анжуманнинг моҳияти ва аҳамияти ҳақида ИҲТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси раиси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов билан суҳбатлашдик.

– Ушбу халқаро семинар ташаббускорлари Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати, Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси ва БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармаси ҳисобланади, – деди А.Саидов. – Унда Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси аъзолари, халқаро экспертлар, Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо ва кузатувчи мақомидаги 50 дан зиёд давлат, шунингдек, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича миллий институтлар  вакиллари иштирок этади.

Семинарда, хусусан, Афғонистон, Бангладеш, Бирлашган Араб Амирликлари, Буркина-Фасо, Габон, Гвинея, Гамбия, Жазоир, Жибути, Иордания, Индонезия, Комор ороллари Иттифоқи, Мавритания, Малайзия, Мали, Марказий Африка Республикаси, Марокко, Миср, Мозамбик, Нигерия, Озарбайжон, Покистон, Саудия Арабистони, Сенегал, Серра-Леоне, Судан, Сомали, Того, Тожикистон, Тунис, Туркия, Туркманистон, Уганда, Чад, Эрон, Яман, Ўмон, Қирғизистон, Қозоғистон, Қувайт каби мамлакатлардан иштирокчилар таклиф этилган.

Бундан ташқари ушбу формумда БМТ, ЮНЕСКО, ЮНИСЕФ, Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Европа Кенгаши каби нуфузли халқаро ташкилотларнинг экспертлари ҳамда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича миллий муассасалар мутахассислари қатнашади.

Халқаро анжуманнинг асосий ташкилотчилари ҳақида сўз борганда, авваламбор, Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) ҳақида мухтасар тўхталиш лозим. ИҲТ 1969 йил 25 сентябрда Марокаш пойтахти Роботда ўтказилган ислом давлатлари раҳбарларининг биринчи йиғилишида ташкил этилган. Бу йил ушбу ташкилот тузилганига 50 йил тўлди.

Ўзбекистон 1995 йил октябрь ойида мазкур ташкилотга кузатувчи, 1996 йил 2 октябрдан бошлаб тўлақонли аъзо сифатида қабул қилинган.

– Ўзбекистон ва ИҲТ ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик алоқалари ҳақида сўзлаб берсангиз?

– Бу ўринда аввало Ўзбекистон 2015 йил 14 декабрда ИҲТнинг янги Низомига қўшилганини таъкидлаш лозим. ИҲТ Низоми 2016 йил апрелида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан ратификация қилинган.

Ўзбекистон томони ИҲТни муқаддас динимизни тинчлик ва тараққиёт омили сифатида эътироф этадиган ислом дунёси мамлакатларининг нуфузли ва самарадор форуми сифатида эътироф этади. Шу боис мазкур Ташкилотнинг мустаҳкамланиши ва ўзаро муносабатларимиз изчил равнақ топишидан манфаатдормиз.

ИҲТ саммитлари ва ИҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг йиллик сессияларида мамлакатимиз расмий делегациялари мунтазам қатнашиб келмоқда. Айниқса, кейинги йилларда Ўзбекистоннинг ИҲТ билан ҳамкорлиги фаоллашди ва ўзаро муносабатларнинг янги босқичига кўтарилди.

Бунда 2016 йил 18-19 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган ИҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 43-сессияси алоҳида аҳамият касб этди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ушбу сессиянинг очилиш маросимидаги нутқида Ўзбекистон ИҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгашига раислик қиладиган даврдаги (2016 йил октябрь ойидан – 2017 йил июль ойигача) устувор вазифаларга эътибор қаратди.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, «Таълим ва маърифат – тинчлик ва бунёдкорлик сари йўл» мавзуси 43-сессия кун тартибининг асосий ғояси этиб белгилангани чуқур рамзий маънога эга. Бу ғоя «Бешикдан қабргача илм изла» деган машҳур ҳадисга ҳамоҳангдир. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон томони илгари сурган ташаббуслар бевосита илм-фан ва маърифат ривожи билан узвий боғлиқ экани бежиз эмас.

Ўзбекистон Президенти, шунингдек, 2017 йил 10 сентябрда Астана шаҳрида (Қозоғистон) бўлиб ўтган ИҲТнинг Фан ва технологиялар бўйича биринчи саммитида сўзлаган нутқида ҳам илм-фан, маънавият ва маърифатни ривожлантириш билан боғлиқ амалий таклифларни кун тартибига қўйди. Айни пайтда мамлакатимиз раҳбари ИҲТ юксак минбарларидан туриб эълон қилган эзгу ташаббуслар ҳаётга кенг татбиқ этилмоқда.

– Акмал Холматович, Сиз 2017 йили ИҲТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси аъзолигига, 2018 йили эса ушбу Комиссия раиси этиб сайлангансиз. Мазкур Комиссия ҳақида ҳам мухтасар маълумот берсангиз?

– Жорий йилда Ўзбекистон ИҲТнинг ушбу Комиссиясига раислик қилаётганини алоҳида таъкидлаш зарур. Шу маънода, мазкур Комиссиянинг бу галги Йиллик семинари айнан юртимиз пойтахтида бўлиб ўтиши бежиз эмас.

ИҲТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси ИҲТга аъзо мамлакатлар Ташқи ишлар вазирлари Кенгашининг 2011 йил 28-30 июнь кунлари Астанада бўлиб ўтган 38-сессиясида қабул қилинган резолюцияга мувофиқ тузилган.

ИҲТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси ИҲТга аъзо давлатларнинг хотин-қизлар, ёшлар ва эҳтиёжманд кишиларнинг ҳуқуқларини мустаҳкамлашга қаратилган қонунчиликни такомиллаштириш йўлидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди. Бу борада иқтисодий, ижтимоий, сиёсий ва маданий-маърифий соҳалардаги ҳуқуқларни таъминлаш, барча шаклдаги зўравонлик ва камситишларга барҳам бериш масалаларига алоҳида эътибор қаратади.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, кейинги 2-3 йилдан буён Ўзбекистоннинг Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси билан ҳамкорлиги фаоллашди ва янги босқичга кўтарилди. Ўзбекистон делегацияси таркибида 2018 йил 17-19 декабрь кунлари Жидда шаҳрида ИҲТ Котибияти томонидан ўтказилган Ҳукуматлараро экспертлар гуруҳининг кенгашида иштирок этдим.

Ўшанда Кенгаш иштирокчиларига мамлакатимизда амалга оширилаётган шиддатли ва кенг қамровли ислоҳотлар ҳақида сўзлаб бердик. Хусусан, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш борасида эришилаётган натижалардан хабардор қилдик.

Самарқандда ўтказилган Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми якунларига доир маълумотлар ҳамкорларимизда катта таассурот қолдирди. Биз, шунингдек, Ўзбекистоннинг халқаро ташаббуслари, БМТ Бош Ассамблеясининг Маърифат ва диний бағрикенглик тўғрисидаги резолюцияси қабул қилингани, БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенцияси лойиҳасини тайёрлаш жараёнлари ҳақида атрофлича фикр алмашдик.

Дарвоқе, ИҲТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссиясининг Тошкентда бўлиб ўтадиган Йиллик 6-семинарида тинчликсевар, демократик жамиятлар барпо этиш ва барқарор ривожланиш йўлида ёшлар ҳуқуқларини рағбатлантириш ҳамда ҳимоя қилишнинг аҳамияти муҳокама қилинади.

– Халқаро семинар мавзусида ёшлар ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилишнинг аҳамиятига урғу берилаётганини нима билан изоҳлайсиз?

– Бу саволингизга жавобни савол билан бошламоқчиман. Яъни, «ёшлар» деганда ўзи жамиятнинг қайси ёш орасидаги қатламини тушунамиз? Эътибор қаратсангиз, ҳозирги кунда турли халқаро-ҳуқуқий ҳужжатларда ёшлар учун турлича ёш оралиғи белгиланганини кузатиш мумкин.

Жумладан, БМТнинг Бутунжаҳон ҳаракатлар дастурига кўра 15-24 ёш оралиғидаги инсонлар ёшларни ташкил этади. БМТ Хавфсизлик кенгашининг Ёшлар, тинчлик ва хавфсизлик тўғрисидаги 2250-резолюциясида ёшлик доираси 18-29 ёш этиб белгиланган. Африка ёшлар хартиясига биноан эса бу кўрсаткич 15-35 ёш оралиғидан иборат.

Бундай ҳар хиллик, ўз навбатида, дунё миқёсида муайян муаммоларни келтириб чиқармоқда. Масалан, халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар билан миллий қонунларда ёшларнинг ёш мезонлари турлича кўрсатилган бўлса, бу навқирон авлоднинг ҳуқуқлари тўлиқ таъминланишига халал берадиган ҳолатлар мавжуд.

Ёшлар ҳуқуқлари деганда ёш авлоднинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини тушунамиз. Бу ҳуқуқ ва эркинликлардан ҳар бир инсон фойдаланиши зарур бўлгани ҳолда, айримларга ёши нуқтаи назаридан бу борада чекловлар қўйилади. Бундай ҳолатлар эса ўсиб келаётган авлодларга салбий таъсир кўрсатмай қолмайди.

БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси 18 ёшгача бўлган шахсларни ўз таъсир доираси ва ҳимоясига олади. Аммо, болалар ва ўсмирлар турли шакллардаги камситишларга кўпроқ дуч келадилар. Айниқса, таълим олиш, мақбул иш топиш, ижтимоий ҳимоядан фойдаланиш, фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқларини тўла рўёбга чиқариш  ёшлар йўлида кўплаб муаммолар учраши бор гап.

Ҳозирги кунгача ёшларнинг ҳуқуқлари қатъий белгилаб қўйилган глобал кўламдаги аниқ бир ҳужжат ёки восита мавжуд эмаслиги бу ҳолтни янада мураккаблаштирмоқда. Шу жиҳатдан, Африка ёшлар хартияси, минтақавий даражадаги ҳужжат бўлишига қарамай, халқаро ҳуқуқ доирасида ёшлар ҳуқуқларини нормалар шаклида акс эттириш борасидаги ижобий қадам сифатида кўрсатиш мумкин.

Биласизки, Африка ёшлар хартияси амал қиладиган минтақа Ислом ҳамкорлик ташкилоти давлатлари маконидадир.  ИҲТ макони дунёдаги энг кўп ёшлар яшаётган улкан ҳудуд ҳисобланади. Тахминларга қараганда, 2050 йилга бориб бутун дунё ёшларининг учдан бир қисмини ИҲТ мамлакатларидаги ёшлар ташкил этади.

Бошқача айтганда, ИҲТга аъзо мамлакатлар аҳолиси нуфусида ҳозир ва келгусида ҳам ёшлар кўпчиликни ташкил этиши – бу ҳудудларда саноат, инновация ва тараққиёт борасида беқиёс салоҳияту имкониятлар мавжудлиги деганидир. Шу билан бир қаторда, мазкур мамлакатлар бундай улкан салоҳиятдан фойдаланиш асносида жиддий муаммоларни ҳал этишига ҳам тўғри келади.

Мисол учун, ушбу кенг минтақадаги кўп сонли ёшлар қатлами учун сифатли таълим бериш ва касб-ҳунар ўргатиш, етарлича иш жойлари яратиш осон бўлмайди. Қолаверса, ёш мутахассисларни таълимдан кейинги босқичда меҳнат бозорига кириб боришини енгиллаштириш, қизлар ва йигитлар таълим олиши, касб-ҳунар ўрганиши ва меҳнат бозоридан муносиб ўрин эгаллаши  учун тенг имкониятлар яратиш талаб этилади.

Ёш авлодлар ўзларига муносиб ҳаёт шароитларини яратишлари учун ижтимоий лаёқатли бўлиб вояга етишларига кўмаклашиш тақозо қилинади. Уларнинг ижтимоий ҳаётда фаоллигини кучайтириш ҳам энг муҳим масалалардан биридир. Ёшлар зарарли одатларга тобе бўлиб қолмаслиги, яхши хулқ-атвор эгалари бўлиб тарбия топишлари – буларнинг барчаси ИҲТ мамлакатлари ёшларининг салоҳиятидан самарали фойдаланиш йўлидаги муаммоларга мисоллардир.

ИҲТ маконидаги айрим мамлакатларда ёшларнинг аксарият қисми ижтимоий фаол эмаслиги, улар ижтимоий-сиёсий ҳаётдан ва муҳим сиёсий қарорлар қабул қилиш жараёнларидан четда қолаётгани кузатилмоқда. Бу, ўз навбатида, мусулмон олами ёшларини интеграциялаштириш ва уларнинг салоҳиятидан фойдаланиш масалаларига жиддий эътибор қаратишни талаб қилмоқда.

Бу борада самарадорликка эришишнинг йўли битта, у ҳам бўлса: «ёшлар муаммолари»га ечим излашни «ёшлар ҳуқуқлари»ни таъминлаш мақсадлари билан алмаштириш лозим. Бундаё ёндашув икки томонлама афзаллик туғдиради. Биринчидан, ёшларнинг ҳуқуқлари таъминланади, иккинчидан, ёш авлод салоҳиятидан тинчликсевар демократик жамиятлар барпо этиш ва барқарор тараққиётни таъминлашда фойдаланиш имконияти юзага келади.

Мазкур муаммонинг ғоят муҳимлиги ва ўта долзарблигини ҳисобга олган ҳолда, Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси айни мавзуда мамлакатимиз пойтахтида халқаро семинар ўтказишга қарор қилди. Бундан кўзланган мақсад – анжуманда вакиллари иштирок этадиган кўплаб томонлар ўртасида амалий мулоқот ўрнатишдир.

Бундай мулоқот нима учун керак?

Биринчидан, ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш соҳасида ҳозиргача амал қилиб келаётган халқаро ҳамда минтақавий воситалар ва механизмларнинг қўлланилиши самарадорлигини холис таҳлил қилишимиз лозим.

Иккинчидан, ИҲТга аъзо давлатларнинг ёшлари ўз ҳуқуқларини тўла рўёбга чиқаришларида дуч келаётган асосий муаммоларни аниқлаштириб олишимиз зарур.

Учинчидан, ҳозирги вақтда амал қилаётган ёшларга тааллуқли жорий сиёсат ва дастурларнинг манфаатилиги даражасини ўрганишимиз даркор.

Ва ниҳоят, тўртинчидан, Тошкент анжуманида ИҲТ маконидаги барча давлатларнинг ёшларга доир стратегияларидаги мавжуд ҳуқуқий, маъмурий ва сиёсий амалиётларни такомиллаштиришнинг йўллари ҳамда воситалари таклиф этилиши кутилмоқда. Токи ёшларимиз муносиб жамият қуриш ва барқарор тараққиётни таъминлаш ишларида амалий ҳисса қўшиш имконияти ва салоҳиятига эга бўлсинлар.

– Анжуман иши доирасида БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенцияси лойиҳасини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилар экан. Шу ҳақда батафсилроқ тўхталсангиз?

– Бу ўринда, аввало, шуни таъкидлаш керакки, давлатимиз раҳбари томонидан 2016 йил 14 сентябрда имзоланган янги таҳрирдаги «Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида»ги қонун ёшларга замонавий таълим олиш, уй-жой харид қилиш ва қуриш, оила қуриш учун имтиёзли кредитлар олишда катта имкониятлар, тизимли ижтимоий кафолатларни тақдим этмоқда. Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон ёшларида оғриқли муаммолар йўқ, чунки улар давлат ғамхўрлиги оғушида ҳаёт кечирмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан ишлаб чиқилган ва 2017 йилда тасдиқланган «2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси»да ёш авлодни ҳар томонлама соғлом ва баркамол этиб тарбиялаш борасидаги ишларни янги босқичга кўтариш мақсадида янгича ёндашувлар ҳаётга фаол жорий этилиши кўзда тутилган. Бу борада изчил ишлар олиб борилмоқда.

Айни чоғда, Ўзбекистон Республикаси Президенти Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқида айрим ёшлар, хусусан, бизнинг ёшларимиз ҳам зўравонлик ғояси «вируси» қурбонига айланишидан кафолатланмагани ҳақида куюнчаклик билан сўзлади. 

Бизнинг асосий вазифамиз – ёшларнинг ўз салоҳиятини намоён қилиши учун зарур шароитлар яратиш, зўравонлик ғояси «вируси» тарқалишининг олдини олишдир, деди мамлакатимиз раҳбари. Бунинг учун ёш авлодни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш лозимлигига эътибор қаратди.

Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятида муносиб мавқеи бор, шу сабабдан ёшларни қўллаб-қувватлаш соҳасида кўп қиррали ҳамкорлик ўта муҳим. Президентимизнинг глобаллашув ва ахборот-коммуникация технологиялари жадал ривожланиб бораётган бугунги шароитда ёшларга оид сиёсатни шакллантириш ва амалга оширишга қаратилган умумлаштирилган халқаро ҳуқуқий ҳужжатни ишлаб чиқишни таклиф этгани ниҳоятда долзарб аҳамиятга эга.

Бугунги ахборот асрида интернетнинг салбий таъсиридан ҳимояланиб бўлмайди. Аммо дунё ҳамжамияти саъй-ҳаракатларини умумлаштириш йўли билан таҳдид даражасини камайтириш мумкин.

Ўзбекистон томонидан БМТ Бош Ассамблеяси юксак минбарида ушбу масала ёшлар муаммоларига етарли эътибор қаратмаслик халқаро терроризм ва экстремизм таҳдидларининг ортишига олиб келиши мумкинлиги нуқтаи назаридан кўтарилмоқда. Зотан, халқаро терроризм ва экстремизмнинг илдизини бошқа омиллар билан бирга жаҳолат ва муросасизлик ташкил этади.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, экстремистик фаолият ва зўравонлик билан боғлиқ жиноятларнинг аксарияти 30 ёшга етмаган ёшлар томонидан содир этилмоқда. Шу муносабат билан одамлар, биринчи навбатда, ёшларнинг онгу тафаккурини маърифат асосида шакллантириш ва тарбиялаш энг муҳим вазифа.

Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон Президентининг бу борадаги ташаббуси нафақат мамлакатимиз жамоатчилиги, балки дунё ҳамжамияти томонидан ҳам тўла қўллаб-қувватланмоқда.  

Ислом ҳамкорлик ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссиясининг пойтахтимизда бўлиб ўтадиган йиллик 6-семинари учун «Тинчликсевар, демократик жамиятлар барпо этиш ва барқарор ривожланиш йўлида ёшлар ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилишнинг аҳамияти» деган мавзу танлангани бунинг яна бир далолатидир.

Манба:xabar.uz

Check Also

Марказда бадиий фильм суратга олинмоқда

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида индонезиялик бир гуруҳ киноижодкорлар томонидан “Ҳижрат орзуси” номли бадиий фильмнинг …