Ижтиҳод луғатда тиришиш, саъй ҳаракатни билдиради. Яъни бор тоқат ва имкониятни бирор ишни бажариш ёки бирор мақсадга эришиш учун ишлатилади.
“Ижтиҳод” фиқҳий атама сифатида фақиҳ томонидан ижтиҳод даражасида илми бор кишиларнинг мавжуд имкониятни амалий ҳукмларни тафсилий далиллар, яъни асосий манбалардан чиқариб олиш учун ишлатиш ёки шариат ҳукмларини қиёс орқали Қуръон ва Суннадан белгилаб олишни англатади.
Мужтаҳид ва фақиҳ бўлиш учун инсон қуйидаги фанларни ўзлаштирган бўлиши лозим бўлган:
Араб тили: сарф илми; яъни сўзларнинг тусланишига оид бўлган илм. Наҳв; сўзларнинг таркиб топиши ва уларнинг тузилишига тааллуқли бўлган илм. Маоний, баён, бадий; сўз ва ибораларни чиройли баён этиш ва уларнинг услубини яхши билиш илми. Луғат: сўзларнинг маъносини ўрганиш илми. Мантиқ: тўғри фикр юритиш илми. Усул: Аҳкомни қандай қўлга киритиш услубларини ўрганиш илми. Рижол: Ҳадис нақл қилувчи шахсларни ўрганиб чиқиш илми. Қуръон илмлари: Тафсирни яхши билиш. Дироя илми: Ҳадислар маъносини англаш ва саҳиҳ ҳадисларни ғайри саҳиҳидан ажрата олиш илми.
Юқорида зикр қилинган илмлардан ташқари, қуйидагиларга эга бўлиши ҳам лозим:
Қуръон ва суннатда қўлланилган араб халқининг урфий сўзлашув тилини билиш. Ижмоъ ва машҳур фатволарга қарши чиқмаслик учун илгариги мужтаҳидларнинг қарашларини ва фиқҳий фатволарини билиш. Аҳли суннатнинг ҳадис ва фатволарини таҳлил қила олиш. Аҳкомни қўлга кирита олиш қобилияти пайдо бўлгунга қадар, аҳкомни касб этиш учун машқ қилиб, тиришиш.
Юқорида зикр қилинган илмларни ўрганиш ва айтиб ўтилган шарт-шароитларга эга бўлиш билангина инсон мужтаҳидлик даражасига эришади.
Ана шундай илмларга эга бўлган, Ислом умматига жуда катта илмий мерос қолдирган машҳур муҳаддис, фақиҳ Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий Имом Бухорий ўзининг беназир хизмати билан улкан хизмат кўрсатди. Ҳадисларга ёлғон аралашиб кетган даврда, ўз қатъияти орқали уларни суғириб ташлаб ҳадисларнинг саҳиҳ ҳолатга келишига буюк ҳисса қўшди.
Ўша даврда фиқҳ илмининг шаклланиш даври бўлиб, муҳаддисларнинг барчасида ўзларининг ижтиҳоди ва фиқҳий қарашлари бўлган. Абу Ҳанифа, Имом Молик, Имом Шофиъий Аҳмад ибн Ҳанбал ва бошқа машҳур муҳаддису фақиҳлар ҳадис ривоят қилиш билан бирга кўпроқ фиқҳий томонларига эътиборларини қаратган. Имом Бухорий эса фиқҳ соҳасига жуда ҳам қатъият билан киришмаган. Шунга қарамасдан унинг ўз ижтиҳоди ва фиқҳи мавжуд бўлган.
Имом Бухорий фақиҳ бўлиб тафсилий далилларни кенг кўламда Қуръон ва суннатдан ҳосил қилган. Ҳукмларни олишда улардан тўғридан тўғри фойдаланган. Шунингдек саҳобалар, тобиъийнлар ва улардан кейинги имомларнинг фикрларини ҳам эътиборга олган.
У мутлақ мужтаҳид ва фақиҳ бўлиб, бу борада саҳобалар, тобиъийнлар фикрлари, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадислари устида кенг изланиш олиб борган. Албатта, Қуръони каримга нисбатан инояти катта бўлиб, ниҳоятда тўғри илмга эга бўлган. Бу гаплар ўзидан ўзи пайдо бўлиб қолмаган, балки ҳақиқатдир. Унинг шундай фақиҳ бўлганига ўз даврининг ва кейинги асрнинг уламо имомлари гувоҳлик беришган. Имом Бухорий қандай қилиб мужтаҳид ва фақиҳ бўлмасин![1]
Вароқа унинг (Имом Бухорийнинг) бундай деганини эшитибди: “Ҳадис сўзлайдиган бўлсам, саҳиҳни нотўғрисидан ажратмасдан ўтирмаганман. Рай аҳли китобларига назар қилганман ва ҳадисни ёзмасдан тарк қилмаганман”.
Яна унинг: “Китоб (Қуръон) ва суннатдан кўра эҳтиёжли нарсани билмайман” деганини эшитдим. Кейин мен унга: “Ўшани билиш мумкинми?” деб сўрадим. У: “Ҳа” деди.
Нуайм ибн Ҳаммод: “Муҳаммад ибн Исмоил бу умматнинг фақиҳи” деди[2].
Бундор (Муҳаммад ибн Башшор): “У аҳли замонимизнинг фақиҳи” деб айтган. Яна Имом Бухорий Басрага кириб келганида: “Бугун фақиҳлар саййиди кириб келди” деган.
Имом Доримий: “Мен икки Ҳарам, Ҳижоз, Шом ва Ироқ уламоларини кўрдим, уларнинг ичда Муҳаммад ибн Исмоилдан кўра жамловчироғини кўрмадим. У бизнинг билимдонимиз, фақҳи кучлимиз ва талабчанликда кўпроғимиз бўлган”[3].
Абу Мусъаб Аҳмад ибн Абу Бакр Мадиний “Муҳаммад ибн Исмоил бизнинг наздимизда Ибн Ҳанбалдан кўра фақиҳроқ ва идроклироқдир”, деганида унинг ҳузурида ўтирганлардан баъзилари “Чегарадан ошириб юбордингиз”, дея унга эътироз билдирадилар. Шунда Абу Мусъаб: “Агар сиз Моликни кўрган ва у билан Муҳаммад ибн Исмоилнинг юзига қараган бўлганингизда эди, фиқҳ ва ҳадис борасида ҳар иккаласи ҳам бирдир, деган бўлар эдингиз”, деб жавоб беради. Ўша замон олимларининг фикрларида Имом Бухорийнинг улуғ мужтаҳид ва фақиҳлик ўрнини жуда кўплаб учратишимиз мумкин. Унинг ижтиҳод ва фиқҳдаги аҳамиятини кучдан қолган, ўтиб кетган бир иш каби санаб бўлмайди. Зеро, унинг саҳиҳлиги ва шу пайтгача сақланиб келгани ҳақиқатдир.
Бу ёндашувни кейинги замон илм қутублари бўлган алломалари ҳам ўзларининг дарслари ва китобларида тасдиқлаб кетишган. VII/XIII аср алломаларидан Имом Нававий (631-676/1233-1277) ўзининг Бухорий “Саҳиҳ”ига ёзган шарҳи муқаддимасида Имом Бухорийнинг “Саҳиҳ”ида келган ижтиҳод ўрни нақадар мустаҳкам илмий услубда эканини ёзган.
Ибн Таймия шундай дейди: “Аммо Бухорий ва Абу Довудларга келсак, икковлари ҳам фиқҳ бобида ижтиҳод қиладиган кишилардан бўлган икки имомдирлар”[4].
IX/XV аср алломаларидан бўлган Ҳофиз ибн Ҳажар Асқалоний (773-852/1372-1449) “Фатҳул Борий” муқаддимасида келишича, Бухорий “Саҳиҳ”ини таълифида ўн йил ғарқ бўлгани миқдорда, Бухорийнинг “Саҳиҳ”ини тасарруф қилишда изланган мутахассис ҳам уни ўрганишда, муқаддима ва “Фатҳул Борий” шарҳини ёзишга ўн йил ғарқ бўлган. Ҳофиз Ибн Ҳажар Бухорийнинг таржимаи ҳолини ёзаётиб, уни фиқҳий мазҳаблардан бирига тақлид қилган деб сифатлаган кишиларга жавоб тариқасида: “Чунки ундан келиб чиқадики, Бухорий таржимаи ҳолларда мазҳабга тақлид қилган. Аммо у ҳақида кенг тарқалган машҳур гап шуки, у ҳадислардан фиқҳий аҳкомларни чиқариб олган, уларнинг ровийларига таржимаи ҳоллар ёзган, ундан бошқалар идрок қилмайдиган нарсалар сабабли ҳадис соҳасининг моҳирларидан бўлган бир кишидир”, дейди[5].
Кейинги давр алломаларидан Ҳиндистонлик ҳадис имомларидан бўлган Муҳаммад Анвар Кашмирий (ваф. 1325/1907) унинг дарсларини ўрганган, ижтиҳод ва фиқҳи борасида ўз фикрларини билдирган.
Доктор Нуриддин Итр шундай дейди: “Бухорийга келадиган бўлсак, у фиқҳ борасида энг кўп шўнғиган ва чуқур кетган бир киши бўлган. Унинг мана бу китоби Қуръон ва суннатдан шариат аҳкомларини чиқариб олиш ва фиқҳ борасида ғаввос бўлган мужтаҳид бир имомнинг китобидир. Бунинг ҳам машҳур муҳаддислар ичидан чиққан фақиҳларнинг йўлларига асосан олиб борилган мутлақ мужтаҳидликдан кам жойи йўқ. Имом Бухорий ёшлигидан бошлаб Ибн Муборакнинг асарларини ўқиб чиққан эди. Ибн Муборак эса Абу Ҳанифанинг хос шогирдларидан бири бўлган. Кейинроқ у ўзи хабар бериб кетганидек, – ўсмирлик палласида ҳанафийларнинг фиқҳини ўрганиб чиқади. Каробисий воситасида Шофиъийнинг фиқҳини ўрганди. Шунингдек, Моликнинг шогирдларидан унинг фиқҳини ўрганиб чиқди. Ана шу тарзда у ижтиҳод қилиш йўлларини пухта ва батамом ўрганиб чиқди. Имом Бухорий ўзининг мана шу ўткир зеҳни ва кучли заковати билан мужтаҳидларнинг йўлини тута олди. Унинг “Ал-жомиъ ас-саҳиҳ” асари мана шу гапнинг тўғрилигига гувоҳдир. Чунки Имом Бухорий бу асарда далиллардан ҳукмларни чиқариб олган, мазҳаблардан бирортасига тақлид қилмаган ҳолда далилга эргашган. Биз унинг фиқҳи ҳақида олиб борган тадқиқотимиз ичида келган мисоллар унинг мужтаҳидлар мартабасига етган бир мужтаҳид бўлган эканини, айрим мазҳаблар вакиллари даъво қилганларидек, қайсидир мазҳабга тақлид қилган эмаслигини кўрсатади”[6].
Демак, Имом Бухорий ўзи мужтаҳид бўлган ва бу муҳаддиснинг мазҳаблардан бирида бўлган деб хулоса чиқарилиши ҳам ҳақиқатдан узоқдир. Чунки муҳаддис яшаган даврда мазҳаблар тўлиқ мукаммал шаклланмаган эди. Ҳар бир буюк муҳаддиснинг ўз ижтиҳод йўллари бўлган, чунки улар ҳадисларнинг даражаларини қай ҳолатда эканини яхши билишган.