Жорий йил 3 октябрь куни Самарқанд Давлат университетида санъатшунослик факультети декани Ж.Казимов, мактабгача таълим факультети декани Б.Хайдаров, факультетнинг ёшлар билан ишлаш бўйича декан ўринбосарлари М.Ашуров, Ж.Қодиров, профессор-ўқитувчилар, гуруҳ мураббийлари ва 280 нафар талаба иштирокида шу мавзуда маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.
Ж.Казимов санъатшунослик факультетининг илмий салоҳияти, университетда тутган ўрни, талаба ёшлар ва илмий тадқиқотчилар учун яратилган шароитлар ҳақида сўзлади.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази диний-маърифий тадбирлар бўлими илмий ходими Ж.Жумаев ушбу муассасанинг ташкил этилиши, фаолияти, мақсад ва вазифалари, буюк алломаларимизнинг меросини ўрганиш, кенг тарғиб этиш, нуфузли халқаро илмий-тадқиқот марказлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш борасида амалга оширилаётган тўғрисида гапириб, бугунги кунда юртимизда ёшларнинг илм олиши учун яратилаётган имконият ва шароитлардан оқилона фойдаланиш лозимлиги, бу ҳар бир ёшнинг энг муҳим ҳаётий қоидасига айланмоғи лозимлигини таъкидлади.
Марказ диний-маърифий тадбирлар бўлими бошлиғи О.Рустамов ҳадис илми ривожига беқиёс ҳисса қўшган ватандошимиз Имом Бухорий ва бошқа мутафаккирларнинг улкан илмий меросини ўрганиш, улар яратган асарларнинг илмий-изоҳли таржима ва қиёсий матнларини нашр этиш орқали халқимиз ва жаҳон жамоатчилиги ўртасида кенг тарғиб қилиш, ушбу мавзуларга доир илмий тадқиқотларни тизимли ташкил этиш борасидаги ишлар юзасидан маълумот берди.
Марказ директори бош маслаҳатчиси Б.Тураев сўзга чиқиб, ислом цивилизациясининг умуминсоний қадриятларини, жумладан, халқимиз маънавияти ва маданияти ривожида тутган ўрнини ўрганиш, уларнинг илмий-назарий ва амалий жиҳатларини тадқиқ этиш ва глобаллашув шароитида дунё, минтақа ва мамлакатимизда ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини, маънавий-маърифий аҳамиятини илмий асосда ўрганиш ва кенг жамоатчиликка етказиш борасида сўз юритди. Марказ раҳбарияти ва илмий ходимлари томонидан амалга оширилган ишлар, эришилаётган ютуқлар, жойларда ўтказилаётган маънавий-марифий тарғибот тадбирлари тўғрисида маълумот берди. Шунингдек тадбир иштирокчиларини Марказ илмий ходимлари томонидан нашр этилган бир нечта китоб билан яқиндан таништирди ва ушбу китобларни факультет кутубхонасига совға қилди.
Тадбир қизғин савол-жавоблар тарзида давом этди.