1 октябрь куни Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига Буюк Британиядаги Жамия Ал-Карам университети ва нашриёти директори Шайх Муҳаммад Имдад Ҳусайн Пирзада бошчилигидаги бир гуруҳ меҳмонлар ташриф буюрди. Меҳмонлар марказ фаолияти ва бу ерда тадқиқотчилар учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишди. Шунингдек, меҳмонларга марказ музей фондидан жой олган турли экспонатлар ва нодир қўлёзма манбаалар ҳақида маълумотлар берилди.
Шайх Муҳаммад Имдад Пирзада Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига ўзининг муаллифлигида нашр этилган “Бухорий” Улуғ анъана номли Саҳиҳул-Бухорий асарининг янги замоновий шарҳлари битилган ва инглиз тилига таржима қилинган китобни совға қилди.
Шайх Муҳаммад Имдад Пирзада Марказ ва Ҳадис илми мактабида амалга оширилган қурилиш, бунёдкорлик ишларини юксак баҳолаб, ислом дини ва унинг нуфузини ошириш борасида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан олиб борилаётган ишларни юксак қадрлайман ва чуқур миннатдорчилигимни билдираман дея дил изҳорларини баён этди.
Шунингдек, келгусида Жамия ал-Карам университети Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази билан ҳамкорлик қилишга тайёр эканлигини билдирди.