Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Диего Гарсиа-Саян: “Ўзбекистоннинг миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик сиёсати эътирофга муносиб”

Диего Гарсиа-Саян: “Ўзбекистоннинг миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик сиёсати эътирофга муносиб”

Давлатимиз раҳбарининг хорижий мамлакатларга ташрифлари давомида турли соҳаларда эришилаётган ютуқлар,  халқаро конференциялар,  тадбирлардаги ташаббус ва таклифлари хорижий экспертлар, нуфузли ташкилотлар томонидан қўллаб-қувватланаётгани ҳар биримизни қувонтириб, қалбимизга фахр-ифтихор туйғуларини бағишлайди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 2017 йил сентябрь ойидаги 72-сессиясида сўзлаган нутқида “Маърифат ва диний бағрикенглик” деб номланган махсус резолюция қабул қилиш таклифини илгари суриб, бундай ҳужжат барчанинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлашга, саводсизлик ва жаҳолатга барҳам беришга қаратилгани билан аҳамиятли эканини таъкидлаган эди.

Ўзбекистон раҳбари томонидан илгари сурилган бу конструктив таклиф 2018 йил 12 декабрда БМТ Бош Ассамблеясининг ялпи сессиясида 193 давлат томонидан бир овозда қўллаб-қувватланди ва элликдан зиёд давлат ҳаммуаллифлигида қабул қилинди.

Дарҳақиқат, халқимиз минг йиллар мобайнида мамлакатимиз ҳудудида яшаётган турли миллат ва элатлар, кўплаб конфессиялар вакиллари билан аҳиллик, иноқлик, ҳамфикрлик тамойиллари асосида яшаб келган. Айниқса, кейинги йилларда конфессиялараро ва миллатлараро бағрикенгликни мустаҳкамлаш, ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.

2018 йил 22-23 ноябрь кунлари Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 70 йиллигига бағишлаб Самарқандда ўтказилган Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форумида давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, 2700 йил муқаддам Осиё ҳудудида яратилган энг кўҳна ёзма ёдгорлик – “Авесто” китобида ҳам инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, миллатлараро муносабатларни ўзаро ҳурмат ва ишонч тамойиллари негизида барпо этиш ғоялари муҳим ўрин тутган, зўравонлик ва адолатсизлик рад этилган. Бу шонли тарихимиз дунёдаги барча цивилизациялар, маданият ва динлар инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги таянч тушунчаларнинг шаклланишига асос бўлган инсонпарварлик ғоялари таъсирида вужудга келганини тасдиқлашини кўрсатиб турибди.

Албатта, кейинги йилларда юртимиз томонидан илм-фан ва маданиятни ривожлантириш, халқимизнинг бой тарихий, илмий, маданий-маънавий меросини ҳар томонлама ўрганиш, жаҳон афкор оммасига кенг таништиришга доир бир қатор ташаббуслар илгари сурилмоқда. Улар замирида “Жаҳолатга қарши – маърифат” шиори остида муқаддас динимизни, буюк аждодларимизнинг бой меросини ўрганиш, тарихий обидаларни асраб-авайлашга алоҳида эътибор қаратилган.

Бундан ташқари, давлатимиз раҳбари Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг жорий йил 15 июнь куни бўлиб ўтган бешинчи саммитида сўзлаган нутқида динлараро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, маърифат ва маданиятни ўзаро бойитиш масалалари бўйича тизимли мулоқотни йўлга қўйишни таклиф этди ва бунда Тошкентдаги Ўзбекистон ислом цивилизацияси маркази ва Самарқанддаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази самарали платформа бўлиб хизмат қилиши мумкинлигини қайд этди.

БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг судьялар ва адвокатлар мустақиллигига оид масалалар бўйича махсус маърузачиси Диего Гарсиа-Саян раҳбарлигидаги делегация аъзолари билан Самарқанддаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида бўлиб ўтган учрашувда миллий-маданий марказлар раҳбарлари, диний конфессиялар вакиллари мазкур жиҳатларни алоҳида эътироф этди.

Диего Гарсиа-Саян Ўзбекистонда миллий-маданий марказлар, диний конфессияларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик, яратиб берилаётган шароит билан қизиқди.

– Ўзбекистонда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, турли миллат вакилларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг муносиб ҳаёт кечириши, эътиқод қилиши учун яратилган шарт-шароит юқори баҳога лойик, – деди меҳмон.

Шунингдек, Марказ ходимлари олиб бораётган тадқиқотларга муваффақият тилаб, бу муассаса яқин йилларда дунёдаги нуфузли илмий масканлардан бирига айланишига ишонч билдирди.

ИБХИТМ
Матбуот хизмати

Check Also

Мағрур ҳилпирайвер, юртим байроғи!

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида 18 ноябрь куни ходимлар иштирокида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул …