Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Сенат Раиси Марказ фаолияти билан танишди

Сенат Раиси Марказ фаолияти билан танишди

Маълумки, 7 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева, сенаторлар, маҳаллий кенгашлар депутатлари, давлат ҳокимияти ва бошқаруви идоралари, нодавлат-нотижорат ташкилотлари, тадбиркорлик субъектлари вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирокида халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди.

Хизмат сафари билан вилоятга келган Т.Норбоева шу куни бир гуруҳ сенаторлар ҳамроҳлигида Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасини зиёрат қилди, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига ташриф буюриб, бу ерда амалга оширилган улкан бунёдкорлик, ободонлаштириш ишларини кўздан кечирди. Марказ музейидан жой олган Имом Бухорийнинг ноёб асарлари нусхалари, қўлёзма манбалар ва бошқа экспонатлар билан танишди.

Меҳмонларга Марказнинг ташкил этилиши, фаолияти, вазифа ва мақсадлари тўғрисида, шунингдек, бу ерда улуғ алломаларимиз меросини ўрганиш, кенг тадқиқ ва тарғиб этиш, нуфузли халқаро илмий-тадқиқот марказлари билан йўлга қўйилган ҳамкорлик алоқалари хусусида сўзлаб берилди.

Сенат Раиси Марказ фаолияти билан танишар экан, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан қисқа фурсатда бунёд этилган ушбу муассаса яқин йилларда ислом оламидаги етакчи тадқиқот марказларидан бирига айланишига ишонч билдирди. Марказда халқаро алоқалар, илмий-тадқиқот, маънавий тарғибот йўналишларида амалга оширилаётган ишларни юқори баҳолади.

Т.Норбева ташриф доирасида Марказ тадқиқотчилари ва Ҳадис илми мактаби ўқувчилари билан мулоқот қилди. Юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёни хусусида сўзлаб берди. Ҳадис илми мактаби тингловчиларига мурожаат қилиб, улар яратилган шароитлардан унумли фойдаланиши, ўз соҳасининг етук намояндаси бўлиб етишиши, ислом динининг асл инсонпарварлик ғояларини халқимиз орасида, қолаверса, бутун дунёда кенг тарғиб этиши лозимлигини таъкидлади. Ёшлар ёт ғояларга алданиб қолмаслиги учун алоҳида режа асосида улар билан учрашувлар ўтказишга, билим ва тажрибасига асосланган ҳолда тарғибот тадбирларида фаол иштирок этишга чақирди.

ИБХИТМ
Матбуот хизмати

Check Also

Мағрур ҳилпирайвер, юртим байроғи!

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида 18 ноябрь куни ходимлар иштирокида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул …