Home / КИТОБЛАР / ИЛМ ТАЛАБИ

ИЛМ ТАЛАБИ

Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳи талаби илмни ўз ватанлари Бухорода бошладилар. Бошланғич илмлардан таҳсил олиб бўлганларидан кейин ҳижрий икки юз бешинчи санада ҳадисдан дарс олишни бошладилар.
Имом Заҳабий ва бошқа тарихчилар айтишади:
«У кишининг ҳадис эшитишни бошлашлари икки юз бешинчи йилда бўлди. Ўз юртида замонасининг улуғларидан кўплаб ҳадисларни эшитиб бўлгандан кейин икки юз ўнинчи йилда онаси ва акаси билан Байтуллоҳни ҳаж қилиш учун йўлга чиқди. Акаси Бухорога қайтди, аммо у Маккада қолишни афзал кўрди. Макка Ҳижоздаги энг муҳим илмий марказлардан бири эди».
Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳи у ерда ўзлари излаб юрган нарсани топдилар. Гоҳида Мадинага ҳам бориб турар эдилар.

У киши Маккаи Мукаррамада баъзи китобларини таълиф қилдилар ва «Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ» ва унинг тарожимларига асос солдилар.
Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳи ўзлари айтадилар:
«Ўн саккизга кирганимда «Қазоё ас-саҳобати ват-тобеъин» китобини тасниф қилдим, кейин «Ат-Тарих ал-кабийр»ни. Бу Мадинаи Мунавварада, Набий алайҳиссаломнинг қабрлари ёнида бўлди. Ойдин тунларда ёзар эдим».
Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳи ўз ҳаётлари давомида кўп маротаба ва том маънода сермаҳсул сафарларда бўлдилар. У киши ўз замоналарида қарийб барча исломий мамлакатларга, баъзи бирларига эса бир неча маротабадан сафар қилдилар.

«Мен Сурия, Миср ва Арабистон ярим оролларини икки дафъа зиёрат қилдим, – деб ёзади имом Бухорий. – Бир неча марта Басрада бўлдим, олти йил Ҳижозда (Саудия Арабистонида) яшадим, Куфа ва Бағдод шаҳарларида неча марта бўлганимни эслолмайман».
Хатиб ёзади: «Бухорий барча диёрлар муҳаддислари ҳузурига сафар қилди. У Хуросонда, Жиболда, Ироқ шаҳарларининг барчасида, Ҳижозда, Шомда, Мисрда ёзди. Бағдодга бир неча марта кирди».
Ҳофиз айтади: «У Маккадан қайтганидан кейин турли диёрлардаги ҳадис машойихлари ҳузурига, сафар қилиш имкони бўлган ерларга борди. Балхда, Найсабурда, Райда, Бағдодда, Куфада, Мадинада, Воситда, Дамашқда, Асқалонда, Ҳимсда ва бошқа ерларда бўлди».
Имом Бухорий бутун ҳаётларини ҳадис илмини мукаммал даражада ўрганиш ва жамлашга бахш этдилар. У киши қаерда бўлмасинлар, ҳамиша бу шарафли вазифани тарк қилмадилар. У киши асарларини, бу асарлар учун жамланган барча захираларни ўз қўллари билан битар, бу каби ишларни ҳеч кимга ишонмас эдилар.
Аксарият асарларини тунда қоғозга туширардилар. Жуда ёшлигидан Аллоҳ таоло битмас-туганмас ғайрат билан сарафроз этган имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳи тасаввурида ярқ этган тоза фикрларни оқ қоғозга муҳрлаб қўйишдан ҳеч қачон эринган эмаслар.

Муҳаммад ибн Абу Ҳотим Варроқ шундай эслайди:
«Абу Абдуллоҳ билан сафарга чиқадиган бўлсак, фақат қаттиқ совуқдагина бир уйда ётар эдик. Мен унинг бир кечада ўн беш, йигирма марта туриб, чақмоқни олиб чироқ ёққанини, сўнгра ҳадисларни ёзиб, яна бошини ёстиққа қўйганини кўрар эдим».
Муҳаммад ибн Юсуф Фирабрий айтади:
«Бир кеча Муҳаммад ибн Исмоилнинг уйида қолдим. Унинг ўша кеча ўн саккиз марта туриб, ёдига тушган нарсаларни ёзиб қўйганини ҳисобладим».

Манба:@islomuz_kanal

Check Also

АБУ АБДУЛЛОҲ МУҲАММАД ИБН ИСМОИЛ БУХОРИЙ (810-870)2-қисм

Манбаларда Имом Бухорий ўз ватанида ва хорижий юртларда мингдан ортиқ устозлардан ҳадис ривоят қилгани кўрсатилган. …