Айни кунларда Туркия халқаро ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (ТИКА), Турк ҳаво йўллари, Анадолу агентлиги ва Туркия радио ва телевидения корпорацияси (ТРТ) ҳамкорлигида ташкил этилган “2018 йил тажриба алмашиш Дастури” доирасида ташкил этилган лойиҳа бўйича Туркия турли университетларидан кўнгилли равишда келган 20 га яқин талабалар Самарқанднинг тарихий ва диққатга сазовор жойларини зиёрат қилишмоқда.
Дастур доирасида улар бугун Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасига ташриф буюриб, Имом Бухорий қабрини зиёрат қилиб, музей ва масжидни кўздан кечиришди. Сўнг мажмуа ёнида муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан барпо этилаётган Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази биноси, Ҳадис илми олий мактаби бинолари ва унда олиб борилаётган қурилиш-ободонлаштириш ишлари билан яқиндан танишишди.
Ҳукуматимиз томонидан ислом дини равнақи, илмий тадқиқотлар, хусусан, ёшларга берилаётган эътибор, қилинаётган ғамхўрликни кўриб, хорижлик талабалар ўз ҳаяжонларини изҳор этиб, бундай муқаддас, муҳташам ва замонавий масканларда таҳсил олиш орзусида эканликларини билдиришди. Унутилмас таассуротларга бой бўлган зиёратдан сўнг улар Бухорога жўнаб кетишди.