Home / ЯНГИЛИКЛАР / Тожикистон Президенти Самарқандга ташриф буюрди

Тожикистон Президенти Самарқандга ташриф буюрди

Давлат ташрифи билан мамлакатимизда бўлиб турган Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон 18 август куни Самарқанд шаҳрига келди.

Самарқанд халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонни ҳукумат вакиллари кутиб олди.

Ташриф давомида Ислом Каримов ва Амир Темур мақбараларини зиёрат қилиш, Улуғбек расадхонаси, Афросиёб музейи, Регистон мажмуаси ва бошқа тарихий ёдгорликларни томоша қилиш режалаштирилган.

Тожикистон Президенти Ислом Каримов мақбарасини зиёрат қилди

www.president.uz

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳамроҳлигида Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон Самарқанд шаҳридаги Ислом Каримов мақбара мажмуасига ташриф буюрди.

Биринчи Президентимиз қабрига гул қўйилиб, Қуръон тиловат қилинди.

Мазкур мажмуага ҳар куни юзлаб юртдошларимиз ва хорижлик меҳмонлар зиёратга келади. Улар орасида тожикистонликлар ҳам бор. 

Тожикистон Президентининг Биринчи Президентимиз хотирасига ҳурмат бажо келтириши халқимизга эҳтиром, меҳр-оқибат ифодаси бўлди. Эмомали Раҳмон Ислом Каримовнинг дафн маросимида ҳам қатнашган эди.

Меҳмонга мажмуада амалга оширилган бунёдкорлик ишлари ҳақида сўзлаб берилди.

Президентлар Мирзо Улуғбек расадхонасини бориб кўрди

www.president.uz

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон Мирзо Улуғбек музей-мажмуасини бориб кўрди.

Ушбу мажмуа буюк олим қурдирган расадхона ёнида ташкил этилган. 2010 йилда Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов ташаббуси билан қайта қурилган.

Музей икки зал ва олти бўлимдан иборат. Ундан Мирзо Улуғбек даврига оид юздан зиёд ашёлар, китоблар, қўлёзмалар, асл нусхадаги квадрант асбоби ўрин олган. Шунингдек, макетлар, мониторларда Мирзо Улуғбек ҳақидаги қўшимча маълумотлар намойиш этилган.

Эмомали Раҳмон расадхонага юксак баҳо берди. Дунёнинг аксарият ўлкалари қолоқ бўлган ўрта асрларда аждодларимиз юксак илмий кашфиётлар қилгани, улар ҳали-ҳамон одамларни ҳайратга солишини таъкидлади.

www.president.uz
www.president.uz
www.president.uz

Шавкат Мирзиёев ва Эмомали Раҳмон Афросиёб музейида бўлди

www.president.uz

Афросиёб мўғуллар истилосигача гуллаб-яшнаган қадимий қалъадир. Музейда ушбу шаҳарнинг милоддан аввалги биринчи минг йилликнинг ўрталаридан XIII асрнинг бошларигача бўлган тарихини ёритувчи экспонатлар намойиш этилган. 

Эмомали Раҳмонга Афросиёб қалъаси ва музейдаги экспонатлар тарихи, Самарқанднинг қадимий ўтмиши ҳақида маълумот берилди.

Давлат раҳбарлари Регистон мажмуасини томоша қилди

www.president.uz

Ўзбекистон ва Тожикистон Президентлари Регистон мажмуасига ташриф буюрди.

Меҳмонларга мажмуадаги уч муҳташам обида – Мирзо Улуғбек, Шердор ва Тиллакори мадрасаларининг тарихи, мустақиллик йилларида бу ерда олиб борилган ишлар ҳақида сўзлаб берилди. Ўзбекистоннинг меъморчилик анъаналари, қадимий обидаларнинг мустаҳкамлиги, Тиллакори гумбазининг нақшинкор жилолари Эмомали Раҳмонда катта таассурот қолдирди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон Регистон майдонида эсдалик учун суратга тушди.

Президентлар Амир Темур мақбарасини зиёрат қилди

www.president.uz

Шавкат Мирзиёев ва Эмомали Раҳмон Амир Темур мақбарасига ташриф буюрди. Соҳибқирон бобомиз руҳи покига Қуръон тиловат қилинди.

Маълумки, Амир Темур минтақамиздаги ўнлаб ўлкаларни ишғол қилиб, улкан империя барпо этган. Қўшни мамлакатлар, жумладан, ҳозирги Тожикистон ҳудуди ҳам ушбу давлат таркибида бўлган. Шу жиҳатдан, Соҳибқирон тарихи халқларимиз учун умумийдир.

Меҳмонларга Амир Темур ҳаёти, ушбу мақбара қурилиши ҳақида сўзлаб берилди.

Тожикистон Президенти ўзи учун Амир Темур ва темурийлар давлати тарихига оид янги жиҳатларни кашф этганини таъкидлади.

www.president.uz

Манба:www.president.uz

Check Also

Лондонда «Ўзбекистон ва Буюк Британия: Шарқ ва Ғарб ўртасидаги маданий кўприк» мавзусида тадбир бўлиб ўтди

Мамлакатимиз элчихонасида  Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ислом цивилизацияси маркази Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов бошчилигида Имом …