Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази аждодлар меросини ўрганиш ва халқимизга етказиш, уларни жаҳон оммаси олдида тараннум этиш йўлида қатор эътиборга молик ишларни амалга ошириб келмоқда.
Шу кеча-кундузда марказда Имом Бухорий бобомиз меросини тарғиб этиш йўлида яна бир муҳим қадам ташланди. Янгича ёндашувга асосланган мазкур тарғибот фотокўргазма шаклида олиб борилмоқда. Жорий йилнинг 19 июлида Бухорий бобомизнинг таваллуд топган куни (810 йил, 20 июль) муносабати билан бошланган кўргазма “Саҳиҳ ал-Бухорий асарининг қўлёзма нусхалари” номи билан аталган. Бунга қўшимча равишда туркиялик фотограф Орҳан Дургут ижодига мансуб “Дунё ислом шаҳарлари” фотокўргазмаси ҳам иш бошлаган.
Кўргазмада Ўзбекистон ва хорижий кутубхоналарда сақланаётган “Саҳиҳул Бухорий” асари қўлёзмасининг қадимий нусхаларидан 16 таси жой олган. 9-14 асрлар оралиғида кўчирилган мазкур нусхалар энг қадимийлардан бўлиб, бугунги кундаги замонавий нашрлар учун асос вазифасини ўтаб келмоқда. Қуйида кўргазма нусхаларининг энг нодирлари ҳақида қисқача маълумот берамиз:
Кўргазма экспонантлари ичида энг машҳури Ислом ҳамкорлик ташкилотининг ИРСИКА бўлими томонидан тақдим қилинган “Саҳиҳул Бухорий”нинг 11 асрга оид қўлёзмаси факсимиле нусхасидир. Нусха Абу Зар Абдуллоҳ ибн Аҳмад Ҳеравийнинг ривояти асосида ёзилган. Андалусия халифалиги ҳудудидан топилган нусха котиби Муҳаммад Мужир Хатиб Ҳасаний Димашқийдир. Мазкур нусха ровийси Абу Зар Абул Ҳайсам Маккий, Абу Муҳаммад Ҳаммуйи ва Абу Исҳоқ Мустамлийдан ҳадисларни эшитган. Бу уч имом эса Фирабрийдан ривоят қилганлар. Фирабрийнинг Имом Бухорийга шогирд экани маълум ва машҳурдир.
Мазкур факсимиле нусха “Саҳиҳул Бухорий” асарини тўлиқ қамраб олган. Қўлёзманинг асл нусхаси Туркиядаги “Сулаймония” кутубхонасида сақланмоқда.
Яна бир фото нусха ҳам Андалусия халифалиги даврига мансуб бўлиб, Абу Имрон Мусо ибн Соада Мавло Саид ибн Наср томонидан кўчирилган. Мағрибнинг Феес шаҳрида сақланаётган асар Мавритания ва Африка давлатларида энг ишончли қўлёзма сифатида қаралади.
Имом Бухорий даврига яқин нусхалардан яна бири Абдуллоҳ ибн Иброҳим Асилийнинг нусхасидир. У “Саҳиҳул Бухорий”ни Абу Зайд Марвазийдан эшитган. Марвазий эса Фирабрийдан ижоза билан ривоят қилган. Қўлёзманинг асл нусхаси Минжана хусусий коллекциясида сақланмоқда.
Бундан ташқари Саудия Арабистони, Британия, Туркия, Миср кутубхоналирдаги қўлёзмалардан ҳам фотонусхалар келтирилган. Фотонусхалар орасида Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Шарқшунослик институти қўлёзмалар фондида сақланаётган қўлёзмалардан ҳам бир нечтаси ўрин олган.
Кўргазмага ҳамоҳанг тарзда “Дунё ислом шаҳарлари” фотокўргазмаси ҳам давом этмоқда. Бу икки кўргазманинг уйғунлиги шундаки, фотограф Орҳан Дургут Имом Бухорий илмий сафарларда бўлган Макка, Мадина, Басра, Куфа, Бағдод, Дамашқ, Қайсария, Асқалон ва Эъзоб шаҳарларида бўлиб, у ердаги машҳур Ислом маданияти меросини ўз ижодида акс эттирган.
Машҳур фотограф Орхон Дургут ўз асарларида дунёнинг 60 та Ислом шаҳарларининг тарихий бино ва муқаддас қадамжолари суратини жамлаган. Улар орасида Ўзбекистоннинг Самарқанд, Бухоро, Хоразм, Тошкент, Термиз шаҳарларида жойлашган муқаддас қадамжо ва зиёратгоҳларни ҳам кўриш мумкин.
Орхон Дургут кўргазма ҳақида шундай дейди: “Бу асарларимни намойиш этишдан мақсадим ислом дунёсини барча халқларга яқиндан танитиш. Юртингизда мазкур кўргазмани ташкил этиш учун кўрсатилган ёрдамдан миннатдорман. Мана шунинг ўзи мамлакатингизда ислом олами, маънавияти, илми меросига бўлган эътиборнинг нақадар юқори эканлигини белгилаб турибди. Ҳозирга қадар дунёнинг 60 та Ислом шаҳарларида бўлдим. Келгусида яна 40 та шундай шаҳарларда бўлишни ва 100 га яқин шаҳарларнинг тарихий бино ҳамда муқаддас қадамжоларини ўз асарларимда акс эттиришни истайман”.
Мазкур кўргазмага ташриф буюрувчилар қўлёзма нусхалар ва ислом шаҳарлари суратларига боқиб ўзига маънавий-руҳий озуқа олишига ишончимиз комил ва барчани ушбу кўргазмага таклиф этиб қоламиз.
Кўргазма 19 августга қадар давом этади.