Ҳадис илми мактабига 2019-2020 ўқув йили учун 9 июль куни “Ҳадис ва мусталаҳул ҳадис” ва “Араб тили” фанларидан ижодий имтиҳон бўлиб ўтди. Имтиҳон олиш учун Ҳадис илми мактаби, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Тошкент ислом институтидан жами 12 нафар етакчи профессор-ўқитувчилар жалб этилди. Ижодий имтиҳонларда 53 нафар абитуриент иштирок этди.
Ижодий имтиҳон синовлари жараёнида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий У.Алимов, имтиҳон ҳайъати раиси, Дин ишлари бўйича қўмита раиси биринчи ўринбосари М.Комилов имтиҳон ҳайъати раиси ўринбосари, диний-маърифий таълим муассасалари билан ишлаш бўлими бошлиғи Б.Рустамов, ЎМИ таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими мудири С.Шерхоновлари кузатувчи сифатида иштирок этдилар ҳамда имтиҳонлар холис, шаффоф, адолатли ўтишини назорат қилдилар.
Бугун, 10 июль куни Ҳадис илми мактабига кириш имтиҳонларининг иккинчи куни, “Ўзбекистон тарихи” фанидан тест синовлари соат 8:30 да бошланди. Тест синовларида 51 нафар абитуриент қатнашди.
Тест синовлари ҳужжатлари солиб муҳрланган махсус қоп абитуриентлар ҳамда кузатувчилар гувоҳлигида очилди. Абитуриентларга имтиҳон ҳайъати аъзолари томонидан тест синов варақаларини тўлдириш қоидаларини тушунтирди.
Шунингдек, имтиҳон ва тест синовларига Пайариқ тумани Ички ишлар бўлими ходимлари ва Пайариқ тумани Тез тиббий ёрдам ходимлари жалб қилиниб, зарур бўлган ҳолатда абитуриентларга зарурий тиббий ёрдам кўрсатиш чоралари кўрилди.
Тест синови жараёнларининг адолатли, шаффоф ва холис ўтиши тўлиқ таъминланмоқда.
ИБХИТМ Матбуот хизмати