Home / ЯНГИЛИКЛАР / БУЮК АЖДОДЛАРГА МУНОСИБЛИК САОДАТИ

БУЮК АЖДОДЛАРГА МУНОСИБЛИК САОДАТИ

Мустақиллик ҳақида гап кетганда, хаёлга биринчи бўлиб «Мустақиллик — аввало, ҳуқуқдир» деган фикр келади. Дарҳақиқат, ҳар қандай мамлакат учун ўз тақдири, ҳаёти, истиқболини ўзи белгилаш имкони — чинакам бахт! Ўзбекистон истиқлолга эришганидан кейин ўз тараққиёт йўлини танлади. Дунёда тенглар ичра тенг бўлишга интилмоқда.

Маънавий-маърифий ҳаётимизни ривожлантириш, миллий ғуруримизни юксалтириш, аждодларимизнинг бой меросини ўрганиш ва тарғиб қилиш йўлида олиб борилаётган ишлар ҳам мустақилликнинг бебаҳо туҳфасидир.

Бинобарин, собиқ иттифоқ даврида улуғ алломаларимиз хотирасига ҳурмат, уларнинг улкан илмий меросига эътибор қандай бўлганини кўпчилик яхши эслайди: аксарият мақбаралар хароба, ташландиқ ҳолга тушгани, ҳатто баъзилари омборхонага айлантирилгани аччиқ ҳақиқат. Очиқ тан олиш керак, ўша пайтлар Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий каби алломаларни ўзимиздан кўра хорижликлар яхшироқ биларди.

Истиқлол йилларида, айниқса, мамлакатимиз тараққиётининг янги даврида бундай хунук ҳолатга бутунлай барҳам берилди. Ўзбекистонда даҳо бобокалонларнинг шаън-шавкати яна ўзининг ҳақ мақомига кўтарилди.

Инсоният ҳаёти ҳар қачонгидан ҳам нотинч бўлиб турган бугунги шароитда зўравонлик ва хунрезликларнинг асосий сабабларидан бири жаҳолат экани кундек равшан. Шуни инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш ғоясини илгари сурди ва бунда айнан буюк алломаларимизнинг илмий мероси, ибратли ҳаёти ва ҳикматли сўзлари асосий таянч бўлмоқда. Қисқа вақтда Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Баҳоуддин Нақшбанд халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Ҳадис илми мактаби ташкил қилингани, Бухородаги Мир Араб мадрасасига янги ҳаёт бахш этилгани фикримизнинг ёрқин далили. Бу муассасаларнинг барчаси халқимизнинг кўп асрлик илмий-маънавий меросини ўрганиш, диний ва дунёвий жиҳатдан тадқиқ этиш, миллий ҳамда халқаро миқёсда тарғиб қилиш билан бирга, жаҳолатга қарши маърифат билан курашишга ҳам ҳисса қўшмоқда.

Ўзбекистон халқи ислом илмлари тараққиётида ғоят салмоқли ўрин тутган аждодлари билан ҳақли равишда фахрланади. Имом Бухорийнинг шоҳ асари бўлмиш «Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ» асрлар давомида мусулмон оламида Қуръони каримдан кейинги энг ишончли манба сифатида эътироф этиб келинаётганини барчамиз яхши биламиз. Дунё мусулмонларининг аксарияти муқаддас динимизнинг ақидасини Имом Мотуридий мактаби, аниқроғи, унинг «Таъвилот ал-Қуръон» асари асосида ўрганади, ислом фиқҳи — юриспруденцияси ҳали-ҳануз Бурҳониддин Марғинонийнинг «Ҳидоя» асари асосида юритилади. Баҳоуддин Нақшбанд, Хожа Аҳмад Яссавий, Нажмиддин Кубро каби тариқат аҳлининг пешволари жаҳонда катта ҳурмат-эҳтиром қозонган. Шу маънода, бошқа халқлар бизга ҳавас қилиши бор гап.

Даҳо бобокалонларимиз номидаги янги илм масканлари одамларни, айниқса, ёш авлодни тўғри йўлга солишда муҳим ўрин тутмоқда.  Мазкур илмий-тадқиқот муассасалари буюк муҳаддис ва муфассирлар, калом илми пешволарининг асарларини, уларга бошқа нуфузли уламолар битган шарҳларни ўзбек тилига изоҳли таржима қилиб, нашрдан чиқармоқда. Бу фақат ислом илмларини эмас, балки таълим-тарбияни, шунингдек, ватанпарварлик, инсонпарварлик, тинчликсеварлик, бағрикенглик, ҳалоллик, атроф-муҳитга ғамхўрлик каби ҳис-туйғу ва фазилатларни ҳам кенг ёйиш ҳамда ривожлантиришга йўл очмоқда. Негаки, бу ноёб мерос ҳаётнинг ҳамма жабҳаларини қамраб оладиган, шахсий камолотдан фозил жамият қуришгача барча босқич ва поғоналарда дастуриламал бўладиган бебаҳо хазинадир.

Биргина Имом Бухорий ва унинг асарлари тўғрисида соатлаб гапириш мумкин. Шу ўринда ҳадис илмининг етук олими Ибн Ҳажар Асқалонийнинг Имом Бухорий ҳақида келтирган «У соҳили йўқ денгиздир» деган таърифини эслаш мумкин. Исталган мамлакатга бориб, маҳаллий аҳолининг мусулмон бўлган вакиллари билан мулоқотга киришинг ва гап орасида бир ҳадис айтиб берингчи! Сиздан дарҳол «Буни ким ривоят қилган?» деб сўрашади. «Имом Бухорийдан» десангиз, шу билан мавзу ёпилади. Сиз айтган ривоятнинг саҳиҳлиги — ҳақлигига, тўғрилигига ҳеч ким шубҳа қилмайди, ҳеч қандай гумонга ўрин қолмайди.

Шундай буюк алломанинг мўътабар хоки абадий қўним топган кўҳна Самарқандда — рўйи замин сайқали, Ўзбекистон дурдонаси бўлган гўшада Имом Бухорий мажмуаси фойдаланишга топширилди. Мазкур муҳташам обидани у зотнинг оламшумул шуҳратига муносиб тарзда, муаззам бир шаклда барпо этиш халқимизнинг азалий орзуси эди. Бугун бу орзу ўта гўзал тарзда рўёбга чиққанига гувоҳ бўлиб турибмиз.

Имом Бухорий мажмуаси фақат ҳашаматли бино ва иншоотлардан иборат маскан эмас, балки инсонларнинг қалбини забт этадиган, айниқса, ёшларнинг ҳаётда адашмасдан, тўғри йўлни топишига хизмат қиладиган илмий даргоҳ, маърифат ўчоғи, шунинг баробарида буюк муҳаддиснинг ибратли ҳаёти ва серқирра фаолиятини акс эттирувчи муборак маскандир.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев кўп бор таъкидлаганидек, биз Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этиш учун биринчи ва иккинчи Ренессанс ютуқларини куч-ғайрат ва илҳом манбаига айлантирадиган платформа яратиб олишимиз керак эди. Имом Бухорий мажмуаси шу йўлда катта амалий қадам бўлди.

Бугун юртимизда очилган ҳар бир марказ ўз фаолияти доирасида фақат таржима ва шарҳлар, долзарб мавзулардаги рисолалар билан чекланиб қолаётгани йўқ. Улар иштирокида маҳаллий, миллий ва халқаро миқёсда турли анжуманлар ҳам ташкил этилмоқда. Ушбу форумлар орқали кўҳна Мовароуннаҳр алломаларининг бой мероси халқаро миқёсда тарғиб қилинмоқда, хорижлик уламо ва мутахассислар билан жаҳолатга қарши маърифат воситасида курашиш ғояси йўлидаги саъй-ҳаракатлар бирлаштирилмоқда.

Энг сўнгги ёрқин воқеа жорий йил 7 —11 июль кунлари Тошкент, Самарқанд ва Термиз шаҳарларида бўлиб ўтган Ислом цивилизацияси I халқаро форумидир. Бу йирик анжуман ислом динининг асл инсонпарвар моҳиятини, тинчлик, бағрикенглик ва илм-маърифатга чорловчи ғояларини халқаро миқёсда кенг тарғиб этиш борасида Ўзбекистон раҳбарияти илгари сураётган ташаббусларнинг амалий натижаларидан бири бўлди.

Диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ишларга яна кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Биргина Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан буюк муҳаддис бобомизнинг 12 асари илк бор ўзбек тилига таржима қилиниб, нашр этилди. Умуман олганда эса, марказ очилган 2017 йилдан ҳозирги вақтгача 83 та китоб, рисола ва монография жамоатчиликка тақдим қилинди. Ўзбекистон ва хориждаги фондларда сақланаётган қўлёзмаларни ўрганиш жараёнида фондимиз 640 та қўлёзма, 831 та тошбосма китоб ва 114 та тарихий ҳужжат билан бойитилди.

Хорижий алоқалар йўналишида 43 та нуфузли халқаро ташкилот, турдош муассаса билан ҳамкорлик тўғрисида англашув меморандумлари имзоланиб, ўзаро муносабатлар йўлга қўйилди. Чет давлатларда бўлган халқаро анжуманларда марказ томонидан улуғ аждодларимиз ва мутафаккирларимиз ҳаёти ва фаолиятига бағишлаб тайёрланган халқчил рисолаларнинг юздан зиёд тақдимотлари ўтказилди. Имом Бухорий номидаги халқаро стипендия таъсис этилиши натижасида хорижий давлатлардаги нуфузли илмий муассасаларнинг тадқиқотчилари орасида бу ерда малака оширишга қизиқиш кучаймоқда.

Албатта, бу натижалар якуний мақсад эмас. Биз келгусида Имом Бухорий ва бошқа буюк аждодларимизнинг ибратли ҳаёти ва бой илмий меросини халқаро миқёсда кенг тарғиб этиш мақсадида ўз платформамизни яратишни режалаштирмоқдамиз. Фондимизда сақланаётган нодир қўлёзма, тошбосма асарларни асраш ва келажак авлодга етказиш мақсадида реставрация бўлими ва лаборатория ташкил қилиш ҳам кўзда тутилмоқда.

Нуфузли уламолар, таниқли фан арбобларининг фикрича, Мовароуннаҳр диёри ислом тамаддунининг бешиги ҳисобланади. Тарихда ислом маданияти дунёнинг турли минтақаларида ривожланган бўлса-да, ҳеч бир юртда Мовароуннаҳрда бўлганичалик гуллаб-яшнамаган. Жумладан, Бағдод, Андалус, Шом каби диёрларда ислом маданияти муайян даврлар оралиғида ривожланган бўлса, Мовароуннаҳрнинг юраги бўлган Ўзбекистонда бу ҳозирги кунга қадар кузатиб келинмоқда. Яъни Янги Ўзбекистон ислом цивилизациясининг тарихда эришган шонли мавқеини қайта тиклашда муҳим ўрин тутмоқда. Юртимизда диний-маърифий соҳада, жамият ҳаётининг барча жабҳасида эришилаётган ютуқлар, хусусан, таълим ва илм-фанда дунё миқёсида ўз сўзимиз, ўз ўрнимизга эга бўлиб бораётганимиз халқимизнинг буюк аждодларимизга муносиб бўлишга интилаётгани ифодасидир. Аслида, бу — улкан саодат.

Шубҳасиз, мамлакатимизда Президентимиз томонидан илгари сурилган Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш ғояси бугун ҳаётда ўз рўёбини топмоқда. Маърифатни юксалтириш, аждодларимизнинг бой меросини чуқур ўрганиш, тарғиб ва татбиқ қилиш борасидаги ишлар эса бу йўлда салмоқли аҳамият касб этмоқда.

Шовосил ЗИЁДОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори,
тарих фанлари доктори, профессор.
Манба “Халқ сўзи” газетаси 2026 йил 24 август, №173(9344)

Check Also

Мовароуннаҳр алломалари мероси – япон тадқиқотчилари эътиборида

Ўзбекистон Мустақиллигининг 35 йиллигини нишонлаш доирасида мамлакатимизда бой тарихий-маънавий меросни ўрганиш ва уни жаҳон миқёсида …